Ҳўкизни Gentra’га жойлаган ўғри йўлда ушланди

Бухоро вилоятида қорамол ўғирлигига уринаётган шахс ички ишлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳолат тунги профилактик тадбирлар давомида фош этилгани маълум қилинмоқда.
Маълум бўлишича, 20 май куни тунги соат 01:30 атрофида Бухоро—Қизилтепа йўлида ҳаракатланиб келаётган қора рангли Gentra автомашинаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида шубҳа уйғотган. Профилактика инспекторлари транспорт воситасини тўхтатмоқчи бўлган, аммо ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Кўрилган тезкор чоралар орқали автомашина тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Маълум бўлишича, Gentra’нинг орқа ўриндиқлари олиб ташланган бўлиб, салонда йирик шохли қорамол ташилаётгани аниқланган.
Суриштирув жараёнида қорамол Бухоро туманидаги фермер хўжаликларидан бири ҳудудидан яширинча олиб чиқиб кетилаётгани маълум бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўғирланмоқчи бўлган ҳўкизнинг қиймати тахминан 10 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, гумонланувчи Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи шахс бўлиб, у муқаддам ҳам ўғирлик жинояти учун судланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг ўғирлик билан боғлиқ моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!