date

Ўзбекистонликлар круиз кемаларида ишлаш имконига эга

Дунёдаги йирик денгиз бошқарув компанияларидан бири — V.Ships Global Recruitment Ўзбекистон фуқаролари учун круиз кемаларида ишлаш бўйича янги вакансиялар эълон қилди. Бу имконият хорижда ишлаш, тажриба орттириш ва турли мамлакатларга саёҳат қилишни истаганлар учун қизиқ таклиф бўлиши мумкин.

Миграция агентлиги маълумотига кўра, таклиф этилаётган иш ўринларида ойлик маош 900 доллардан 1650 долларгача белгиланган. Вакансиялар орасида хизмат кўрсатиш ёрдамчиси, бар официанти, иккинчи ошпаз, ошпаз ёрдамчиси ва ошхона ходими каби лавозимлар бор. Умумий ҳисобда 45 та иш ўрни таклиф этилмоқда.

Таъкидланишича, ходимларнинг иш самарадорлигига қараб маоши ва лавозими босқичма-босқич ошиб бориши мумкин. Бу эса номзодлар учун нафақат вақтинчалик иш, балки халқаро меҳнат бозорида ўсиш имконияти ҳамдир.

Номзодлар 18 ёшдан 45 ёшгача бўлиши ҳамда инглиз тилини камида B1 даражасида билиши талаб этилади. Европа давлатлари тилларини биладиганларга эса қўшимча устунлик берилиши мумкин. Чунки круиз кемаларида турли давлатлардан келган йўловчиларга хизмат кўрсатилади ва мулоқот кўникмаси муҳим аҳамиятга эга.

Ишга қабул қилинган фуқароларга турли мамлакатларга саёҳат қилиш имконияти, АҚШ ишчи визаси ҳамда Миграция агентлиги иштирокида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида ҳуқуқий ҳимоя кафолатланади. Бу эса иш жараёнида номзодлар манфаатлари расмий тарзда ҳимоя қилинишини англатади.

Ишга жойлашиш истагидаги номзодлар компания сайти орқали ариза қолдириши керак. Маъқул келганлар билан компания мутахассислари боғланади, суҳбатдан муваффақиятли ўтганлар кейинги интервью босқичига таклиф этилади. Танланган номзодлар билан уч томонлама шартнома тузилиб, АҚШ ишчи визаси расмийлаштирилади.

Қисқаси, ўзбекистонликлар учун круиз кемаларида ишлаш бўйича янги имконият очилмоқда. Маош долларда, иш халқаро муҳитда, тажриба эса келажак учун жиддий плюс. Фақат инглиз тилини тайёрлаб қўйиш керак — океанда “I don’t understand” билан узоққа сузиб бўлмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонликлар круиз кемаларида ишлаш имконига эга