Қашқадарёдаги мактабни бу йил атиги уч нафар битирувчи тамомлади

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида жойлашган мактаб филиалида бу йилги сўнгги қўнғироқ тадбири бошқача муҳитда ўтди. Сабаби, мазкур таълим муассасасини 2025/26 ўқув йилида атиги уч нафар ўқувчи битирди.
Туман марказидан қарийб 70 километр узоқда жойлашган Қурилиш қишлоғида интернет ва мобил алоқа билан боғлиқ қийинчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, битирувчилар мактабни муваффақиятли якунлаганидан мамнун эканини билдириб, келгуси режалари ҳақида сўзлаб беришди.
Ўқувчиларнинг таъкидлашича, синфдошлар сони кам бўлгани сабабли айрим спорт мусобақалари ва жамоавий тадбирларда иштирок этиш имкониятлари чекланган бўлган. Бироқ бу ҳолат уларнинг билим олишга бўлган интилишига таъсир қилмаган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мазкур мактабда таълим сифати анча яхшиланган. Олис ҳудудлардаги таълим муассасалари учун яратилган имтиёзлар натижасида бошқа вилоятлардан малакали педагоглар жалб қилинган. Хусусан, Андижон вилоятидан келган тажрибали ўқитувчилар бу ерда фаолият олиб бормоқда.
Устозлар фикрича, бир неча йил аввал паст кўрсаткичларга эга бўлган мактаб бугунги кунда ўзгаришлар сари қадам ташламоқда. Ўқувчилар фан олимпиадалари, турли танловлар ва миллий сертификат дастурларида фаол қатнашиб, яхши натижалар кўрсатмоқда.
Сўнгги қўнғироқ тадбирида битирувчиларга Президент табриги ўқиб эшиттирилди, йил давомида намунали ўқиган ўқувчилар ҳамда фидойи педагоглар тақдирланди.
Эътиборлиси, мамлакат бўйлаб юз минглаб ўқувчилар мактабни тамомлаган бир пайтда, ушбу қишлоқ мактабида атиги уч нафар битирувчининг сафга қўшилгани кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!