1 604
«Йўллардаги ўлимни камайтириш учун ўзбек чиновниги аварияга йўлиқиши, яқинини қурбон қилиши лозим» — фаоллар Тошкентда содир бўлган даҳшатли ЙТҲ ҳақида

Тошкент шаҳрининг Муқумий кўчасида 9 октябрь куни тунда 4 та транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Воқеа акс этган тасвирлардан кўринишича, катта тезликда келган 30 ёшли Р.М. бошқарувидаги BMW автомобили бошқарувни йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи тўсиққа урилиб, қарма-қарши йўналишдаги Nexia-3 автомашинасининг устига бориб тушган. Ҳодиса оқибатида Nexia-3 автомашинаси ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ЙТҲ тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва шаҳарсозлик учун масъул бўлган идораларга нисбатан эътирозлар ортди. «Дарё» нашри фаолларнинг ҳолат юзасидан билдирган муносабатларини жамлади.
Давлетовуз:
Ўзбекистонда яхши реформа учун ақлли бошлар керак. Ақлли бош реформа қилиши учун муаммо/фожиани танасида ҳис қилиши шарт эмас.
Аммо йўллардаги ўлимни камайтириш учун ўзбек чиновниги аварияга йўлиқиши, яқинини қурбон қилиши лозим.
Муҳрим:
Тошкентда бир соат аввал бўлган авария. Тошкент учун бундай «палакат» авариялар янгилик эмас. Охиргиси ҳам бўлмаса керак. То бирор каттаконнинг ўзи ё боласи ўлмагунича.
Xushnudbek.uz:
Минг афсус, ўз йўлида қоидани бузмасдан, секингина келаётган Nexia ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлибди
Бунақа видеоларни худди кино кўргандай кўришга ўрганиб қолганмиз. Теримиз қотиб кетган. Фожиани ҳис қилмаймиз. Чунки бу воқеалар биз билан содир бўлгани йўқ. Ўшанчун бизга қизиқ эмас. Ўшанчун шаҳар ичида тезликни камайтирайлик деса, вой-дооод деб айюҳаннос соламиз.
Йўл ҳаракати хавфсизлигига масъулларнинг иши ҳам суст. Гапиртирса оламни бузгудек ишлар қилган бўлиб чиқади, лекин амалиётда бу деярли сезилаётгани йўқ. Қачон қоидабузарликлар учун жарима тизими ишга тушади? Қачон ҳамма кўчаларимизда камералар, фоторадарлар бўлади? Қачон йўлларимиз ҳаракат учун хавфсиз кўринишга келади? Қачон қонунлар барча учун бирдек амал қилишни бошлайди ва жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади?
Бу ишлар бўлгунича яна қанча одам ўлиши керак?
Troll.uz:
Йўл ҳаракатланиш хавфсизлиги тизими тўлиқ ислоҳ этилиши зарур...
Ўзбекистон йўлларида бордюр эмас трамплин ўрнатилган! 50 км тезлик билан юрса ҳам сакратади машинани.
Шу йўлларни лойиҳалаштирган, бордюр ишлаб чиқарган ва шундай бордюрларни қўйишга рухсат берган барча калтафаҳмлар қанчадан қанча фалокатлар ва ўлимларда айбдор.
Бу фалокатда айбдорлар:
1. Тезликни оширган ва бошқарувни йўқотган BMW ҳайдовчиси.
2. Йўлларни лойиҳалаштирувчи ташкилотлар.
3. Хавфсизлик стандартларига умуман жавоб бермайдиган машиналарни халққа сотаётган UzAuto.

Фото: троллуз
Эффект Макаренко:
Ҳамма Махтумқули кўчасида уч кишининг ўлимига сабаб бўлган аварияни муҳокама қилмоқда. Бахтсиз ҳодисанинг асосий айбдори — Махтумқули кўчаси лойиҳачилари. Ўзингизни алдаш ва ҳамма нарсани «маданият»га тўнкашнинг кераги йўқ.
Тўғри режалаштирилган шаҳар кўчасида бундай воқеа содир бўлиши мумкин эмас. Чунки бундай кўча ўртасида дарахтлар ёки тўсиқлардан иборат яшил майдон бўлади. Бунақа тезликда юришга имкон бермайдиган муҳандислик ечимлари — махсус профиллар, паст-баландликлар ва чекловлар бўлади.
Тошкентдаги кўчаларни ҳаваскорлар режалаштириб, қурмоқда — аслида уларга ҳатто хусусий уйдаги пиёдалар йўлагини (тротуар) ҳам ишониб бўлмайди. Шаҳримизни лаёқатсиз одамлар бошқаради. Бу факт. Кўчалар шу ҳолича: пиёдалар ва ҳайдовчилар учун ажал трассалари бўлиб қолар экан, ҳеч нима ўзгармайди.
Мухбир Далиэв:
Бу кино эмас! Бу бизнинг ҳаётимизда бўляпти. Локдаун бўлмасаям кўчага чиқмай яшаймиз шекилли. Машинани тагида ўлиб кетиш ҳеч гапмас бўлиб қолди. Бир нарса деворинглар, автошколалар .
Шаҳноза Соатова блоги:
Кеч бўлганда яшайдиган уйимиз яқинида содир бўлган даҳшатли ЙТҲ уйқуни ўчирди. Тармоқда фалокатнинг турли ракурслардан олинган видеолари айланмоқда. Ҳозирча устига қора машина қулаган оқ Nexia-3 даги ҳайдовчи ва йўловчи ҳалок бўлгани маълум.
Мен даҳшатга тушяпман: автоҳалокатлар хабарини ўқиш бошқа, унга гувоҳ бўлиш, овозини эшитиш, даҳшатини ҳис қилиш бошқа экан!
Ҳар куни шу йўлдан юраман, фарзандларим ўқишга қатнашади, худди миналанган майдон устида юрарканмиз.
Саноқли сонияларда ўз йўлида қоидаларга риоя этиб кетаётган одамлар устига осмондан бомбадек бир бало тушди ва ҳаётига нуқта қўйилди.
Видеода қора машина катта тезликда учиб келгани кўриниб турибди. Бу йўлда кечки пайт катта тезликда юрадиган машиналарни кўп учратамиз. Камералар ишламайдими деб ўйлайман баъзан.
Ё Оллоҳ, йўлларимизда одамларни ўзинг ҳифз-у ҳимоятингга ол, фалокатларингдан асра.
Масъулларга яна ўша савол: қачон йўлларимиз хавфсиз бўлади?
Замбаракнинг ўқи:
Буни қаранг, икки бегуноҳ бевақт дунёдан кўз юмди. Уларнинг оиласи, фарзандлари, ота-онаси ортидан чириллаб қолди.
Бу ваҳший қотилликда ким айбдор? Аввало, ҳайдовчи. Ўзи ўлсаям гўрга, икки бегуноҳни гўрга тиқди.
Нега қисиб юролмайди? Бунгаям сабаблар талайгина. Биринчидан, жазо муқаррарлиги йўқ. Ё‘Қ. Иккинчидан, «котта боллар» катта жипларида бошқа машиналарни сиқиб кетса, буни кўрган ёшлар нима қилади? Ҳавас қилади, олифтагарчилик қилгиси, мақтангиси келади.
Мана асосий сабаблар. Имтиҳон маркази, автомактаблар бу ерда рол ўйнамаяпти. Чунки бу бола қонунни билмаганидан бузаётгани йўқ. Қонунни билади, лекин катта қилиб тупурган. Чунки қонунга тупурмаган одам қолмади Ўзбекистонда.
Хўп, ҳайдовчидан ташқари яна айбдорлар борми?
Албатта. Йўлни кенг қилиб қурганлар айбдор. Максимал тезликни секинлаштиришга бир неча йилдан бери қаршилик кўрсатаётган депутатлар айбдор. Қонун бузилишининг олдини олишдан кўра, қонун бузилгандан кейин соққа қилувчи гаилар айбдор.
Айбдорлар кўп. Бутун тизим бошидан чириган. Аммо асосий айбдор — БМВ ҳайдовчиси.
Тошкентда тезлик чекланди!

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 71-сессиясида пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар