Андижонда солиқ иловаси орқали 35,1 млрд сўмлик кешбек туя қилинди...

Андижон вилоятида йирик молиявий фирибгарлик ва давлат хазинасига тегишли бўлган маблағларни ноқонуний йўл билан ўзлаштириш ҳолати фош этилди. Бир гуруҳ шахслар “Soliq” мобил иловасидаги кешбек тизимидан фойдаланиб, нақд 35,1 миллиард сўм маблағни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Устамонлик билан тузилган сохта "схема" қандай ишлаган?
Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида жиноий гуруҳнинг найранглари фош бўлди. Маълум бўлишича, 6 нафар фуқаро ва уларнинг шериклари ўзаро тил бириктирган ҳолда сохта тадбиркорлик билан шуғулланишган. Улар фуқаро Ў.Қ. номига 3 та, Н.Ю. номига 5 та ҳамда Р.Х. исмли шахс номига 1 та масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) ташкил этишган.
Энг қизиғи, ушбу фирмалар ўртасида амалда ҳеч қандай олди-сотди ва молиявий алоқалар бўлмаган. Шундай бўлса-да, улар 2026 йилнинг март-апрель ойлари давомида гўёки жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришган. Сўнгра, худди шу маҳсулотлар савдодан ўтган ва пуллар кирим қилинган деган важ билан фуқароларга сотилгани ҳақида чеклар чиқаришган. Оқибатда, жами 100 458 нафар фуқаронинг “Soliq” иловасидаги аккаунтлари орқали кешбек сифатида тўлаб берилган 35,1 миллиард сўмлик давлат бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан туя қилишган.
Солиқчиларнинг совуққонлиги ва қонуний жазо
Бу машмашада фақат фирибгарлар эмас, балки ўз вазифасига совуққонлик билан қараган масъуллар ҳам айбдор бўлиб чиқди. Қайд этилишича, Андижон вилояти солиқ бошқармасининг тегишли ходимлари ва бошқа масъул шахслар ушбу МЧЖлар томонидан қисқа вақтда 1,1 триллион сўмлик шубҳали фактуралар расмийлаштирилганини кўра-била туриб, корхоналарнинг ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) гувоҳномаларини вақтида бекор қилиш чорасини кўришмаган. Шунингдек, ушбу шубҳали молиявий операциялар ҳақида Департамент органларига хабар беришмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта оғир моддалари билан жиноят иши очилди:
167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
205-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш).
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Хулоса ўрнида: Тўпланган барча ҳужжатлар тегишлилиги бўйича прокуратура органларига юборилган. Давлат бюджети ва халқ ҳақига кўз олайтирган кимсалар қонун олдида албатта жавоб беришади. Тергов жараёни давом этмоқда.