14:11 / 19.03.2023
257

Депрессиядан қутулишнинг яна бир услуби

Депрессиядан қутулишнинг яна бир услуби

Инсон депрессияга, яъни тушкунликка тушиб қолса, бирор муаммо ечимини топа олмай руҳан қийналса, ўзига дардкаш ва таянч қидиради. Дардини айтиб, кўнглини бўшатгиси, йўл-йўриқ олгиси келади. Айниқса инсон қариганида бундай одамларга эҳтиёжи ортади. Чунки кекса инсон аввалгидек ҳокимият ва таъсир кучига, чирой, соғлиқ ва куч-қувватга эга бўлмайди, қўлидан иш келмай қолади. Замон ўзгариб боравергани боис, унинг касбий тажрибасига ҳам ҳеч ким эҳтиёж сезмайди. Қўпол қилиб айтганда, бундай одамнинг ҳеч кимга кераги бўлмайди, фойдаси тегмайди, ҳисоб.

Агар инсоннинг дўст-биродари ва қариндошлари кўп бўлса, ота-онаси тирик бўлса, ёхуд фарзанд-набиралари бўлса -  муаммо йўқ, дардкаш топилади. Миллатимизда бу борада шикоят йўқ. Бироқ бошқа миллатларда ёки Ғарб давлатларида менталитет ҳамда ижтимоий тартиб бироз бошқачароқ. Бундай шароитда инсон кексайган сари ёлғизланиб бораверади. Болалари ҳам алоҳида чиқиб кетган, имкони бўлса қариялар уйига жойлаштириб қўйган бўлади. Бу каби кексаларнинг нафақа пули етарли бўлсада, чиройли ва замонавий имкониятларга эга қариялар уйи ёки санаторийларда яшасада, руҳий ёлғизликдан азоб чекади. Айтишларича, Жанубий Осиёдаги айрим давлатларда кексалар ўртасида худкушлик кўп учрар экан. Ёлғиз ва нурсиз ҳаёт кечиришдан кўра, мангу уйқуга кетишни маъқул кўришар экан.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, аввал Ғарб давлатларида, секин-аста бизнинг диёрларда ҳам психолог хизматига эҳтиёж ортиб бормоқда. Бундай мутахассисларни тайёрлаш ва тажриба ҳамда малакасини ошириш долзарб бўлиб бормоқда? Лекин Ўзбекистонда бу борада вазият қандай? Бундай хизмат ва мутахассисларга мурожаат қилиши имконияти етарлими?

AzonTV жамоаси тайёрлаётган «Фикрат» таҳлилий дастурининг галдаги сонида шундай муаммолар устида баҳс қилинди. Хусусан, кўрсатув бошловчиси Ғайратхўжа Сайдалиев тушкунликка тушган инсонга психолог қандай ёрдам бера олиши билан қизиқди. Кўрсатув эксперти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев бу саволга ўз тажрибасида учраган бир воқеа мисолида жавоб берди:

- Олдимга бир аёл келди. Ўқитувчи экан. Ўзим мустақил депрессиядан чиқдим, деди. Жуда оғир депрессияга тушган экан. Ҳатто ўз жонига қасд қилиш нияти пайдо бўлган. Табиийки, қандай қилиб, деб сўрадим ундан. Аёл турли психологларга ҳам учраган, фойдаси бўлмаган. Кейин Исломга юзланиб, беш  маҳал намоз ўқий бошлабди. Ҳижобга кирибди. Араб тилини ўрганишни бошлабди. Қуръон ва ҳадисларни ўқишга киришибди. Ислом дини ва тиббиёт ўртасидаги боғлиқлик акс этган китобларни ҳам ўқиб чиқибди. Улардан энг катта ҳақиқат - шукр қилиш муҳимлигини ўрганибди. Шу тариқа дарддан халос бўлибди. Чунки психологияда автосуггестика деган нарса бор. Яъни, инсон ўзини ўзи руҳан даволай олади. “Асаб ва руҳият” деган китобимда шу ҳақда ёзганман. Инсон ўзи ўзи психотерапевт бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб излаганман.

Албатта биз дин-диёнатли бўлишимиз керак. Шу ўринда эслатиб олмоқчиман, ислом психологияси бор, Ислом академиясида Диншунослик факультетида дин-социал психологияси йўналиши мавжуд. Бундай мисоллар кўп учрайди. Айримларга буваси ёки бувиси руҳий мадад бўлади. Баъзан шундай воқеалар бўладики, оилавий низолар марказда туради. Масалан, баъзи беморларнинг оиланинг бошқа аъзолари билан келишмайди. Уларнинг гапига кирмайди. Ўшанда “бу одам ишонадиган бошқа қариндошлари, айтайлик, тоғаси ёки аммаси борми”, сўрайман. “Борсин, шулар билан суҳбатлашсин”, дейман. Мана шундай яқин қариндошлар психотерапевтнинг энг яқин ёрдамчилари бўлади. Ота-она тилини топа олмаган фарзандни бошқа қариндоши тушуниши мумкин. Психотерапевт учун муҳим омил бўлади.

Аввал ота-онамиз бизни урушса, хафа бўлиб томга ёки сомонхонани устига  чиқиб ётардик. Ота-онамиз эътибор бермасди ҳам, қорни очса ўзи келади, деб қўйишарди. Ростан ҳам бир икки соат аразлаб, кейин овқат ейиш учун пастга тушиб келардик. Ҳозир эса замон ва вазият ўзгарган. Ёшларнинг психологик қарашлари бундай эмас. Бугун “оч қолса, ўзи тушиб келади”, дейишга қўрқасиз. Мен ҳам психолог сифатида бундай дейишни маслаҳат бермайман.

Ҳозирги 14-16 яшар болалар уйидан кетиб қолса индамай ўтирмаслик керак. Интернет ёшларни анча ўзгартириб юборди. Худо кўрсатмасин, уйдан чиқиб кетиб қолиб, ўз жонига қасд қилиши мумкин. Ёки уйдан айтмасдан чиқиб кетган бола, туни билан дайдиб, эрталаб қайтиб келиши мумкин. Унгача эса ота-онаси асаб бўлиб, қон босими ошиб, бирёқли бўлади. Шу боис бу масалаларда психолог маслаҳати ва тавсиялари жуда муҳим, дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев.

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият