
Америка Қўшма Штатларининг анъанавий «Хилма-хиллик визаси» (Green Card) дастури натижалари 2025 йилнинг 3 май куни эълон қилинади. Бу ҳақда дастурнинг расмий сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, DV-2026 лотереяси учун ариза топширганлар ўз натижаларини Тошкент вақти билан соат 21:00 дан бошлаб, dvprogramm.state.gov расмий сайти орқали текшириш имконига эга бўладилар.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил учун аризалар 2024 йилнинг 2 октябрида қабул қилиш бошланган ва 7 ноябргача давом этганди. Шу давр мобайнида жаҳоннинг турли мамлакатларидан миллионлаб инсонлар қатори Ўзбекистондан ҳам юз минглаб юртдошларимиз аризаларини топшириб, АҚШга кетиш учун ўз омадларини синаб кўришган.
Хилма-хиллик виза дастури Америкага иммиграция кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган давлатлар вакиллари учун ташкил этилган бўлиб, у кўплаб инсонларга АҚШда яшаш, ишлаш ва ўқиш имкониятини тақдим этади. Ҳар йили бутун дунёдан миллионлаб инсонлар айнан ушбу дастур орқали Америка орзусини амалга оширишга интилмоқда.
Шуни айтиш жоизки, ўзбекистонликлар учун ҳам Green Card дастури жуда катта қизиқиш уйғотади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу дастурда иштирок этиш кўлами кескин ошган. АҚШ давлат департаментининг маълумотларига кўра, ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик фуқаролар мазкур дастурда қатнашиб, ўз орзулари рўёбини кутишади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дастурда ғолиб бўлганлар кейинги босқичларда АҚШда истиқомат қилиш ҳуқуқига эга бўлиш учун тегишли ҳужжатларни йиғиб топширишлари лозим бўлади. Ғолибларнинг ҳар йили тахминан 55 минг нафарини Америкага кўчиб бориш учун иммиграцион визалар билан таъминлаш режалаштирилади.
Агар сиз ҳам мазкур дастурда иштирок этган бўлсангиз, эртага оқшом ўз натижангизни текширишни унутманг!
Барча юртдошларимизга омад ёр бўлсин! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг