date
views 384

Сурхондарёда кучли газ отилиши юз берди: аҳолига хавф йўқлиги айтилмоқда (видео)

Сурхондарёда кучли газ отилиши юз берди: аҳолига хавф йўқлиги айтилмоқда (видео)
Бугун, 5 май куни тонгги соат олтиларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида кучли босим остида газ фавворасининг отилиши кузатилди. Воқеа жойидан интернет орқали тарқалган фото ва видеолавҳаларда фаввора шаклида отилган газнинг юқори босимда бир неча ўн метргача кўтарилганини кўриш мумкин.

Ушбу фавқулодда ҳолат ҳақида дастлабки расмий ахборот воқеадан қарийб 8 соат ўтиб – соат 13:57 да берилди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 202-қудуқда содир бўлган ва фаввора шаклида отилиб чиқаётган газ таркибида водород сулфид моддаси жуда юқори бўлган.

Вазирлик ахборотида таъкидланишича, хавфли газнинг атроф муҳитга кенг тарқалишининг олдини олиш учун оқим назорат остида ёқиб юборилган. Мутасаддилар ҳозирги вақтда вазият тўлиқ назоратга олингани, аҳоли яшаш ҳудудлари учун ҳеч қандай хавф йўқлиги ҳақида хабар бермоқда.

Айни пайтда фавқулодда вазиятни бартараф этиш мақсадида ҳодиса ҳудуди Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспексияси ва Очиқ нефт ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан назорат қилинмоқда. Ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб олинган ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда амалга ошириляпти.

Қайд этиш жоизки, ушбу қудуқда аввал ҳам шу каби ҳолат содир бўлган эди. Жумладан, жорий йилнинг 27 март куни ҳам 202-қудуқда газ отилиши кузатилган ва ўшанда ҳам фаввора назорат остида ёқиб юборилган эди.

22 апрел куни эса ушбу қудуқнинг ўқ қисми ғовланиб тушгани ва колоннанинг чиқиб кетиши натижасида фавворали чиқиш тўхтатилган, аммо шу билан бирга суст газ оқими (грифон) кузатила бошлаган эди. Ҳозирги вақтда содир бўлган авариянинг сабабларини ўрганиш ва уни бартараф қилиш учун хориждан ҳам малакали мутахассислар жалб қилинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, фавқулодда вазиятнинг барча эҳтимолий хавф-хатарлари ўрганилмоқда ва вазият тўлиқ назорат остида сақланмоқда. Мазкур ҳодиса натижасида яқин атрофдаги аҳоли пунктлари ва аҳоли саломатлигига ҳеч қандай зарар етиши мумкин эмаслиги қайта-қайта урғуланмоқда.

Айни пайтда воқеа жойида фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш, вазиятни назорат қилиш ва оқибатларни тўлиқ олдини олиш учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Ҳодиса ҳақида янада батафсил маълумотлар қўшимча тарзда берилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда кучли газ отилиши юз берди: аҳолига хавф йўқлиги айтилмоқда (видео)