date
views 89

Ўзбекистон сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш учун авиапаркни янги самолётлар билан тўлдирмоқчи

Ўзбекистон сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш учун авиапаркни янги самолётлар билан тўлдирмоқчи
Саудия Арабистонининг машҳур Al Harir газетаси Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш борасида кўрилаётган улкан чора-тадбирлар ҳақида мақола чоп этди. Унда мамлакат ҳаво флотини янада кенгайтириш орқали хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган режалар ҳақида сўз боради.

Газетанинг таъкидлашича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган махсус йиғилишда мамлакатга сайёҳлар оқимини ошириш учун авиапаркни кучайтириш бўйича муҳим масалалар муҳокама қилинган. Учрашув давомида Франция билан музокаралар натижасида жаҳоннинг энг замонавий Airbus самолётларидан 14 тасини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олиш ҳақида келишувга эришилган.

Шунингдек, авиация соҳасида етакчи ҳисобланган Boeing компанияси билан ҳам музокаралар бошланган бўлиб, яқин истиқболда мазкур ишлаб чиқарувчидан 12 та янги самолёт сотиб олиниши режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, йиғилиш якунида туризм соҳасига масъул вазирлик ва идораларга авиапаркни янгилаш ва кенгайтириш орқали янги йўналишларга нечта парвозларни амалга ошириш мумкинлиги ва бу орқали мамлакатга қанча сайёҳ жалб қилиш мумкинлиги бўйича аниқ ҳисоб-китобларни тақдим қилиш топширилган.

Нашр ўз мақоласида шу йилнинг бошида Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси раҳбари Шуҳрат Худойқулов 2 миллиард АҚШ долларига 14 та узоқ масофага учадиган Boeing 787-8 Dreamliner самолётини сотиб олиш режасини оммага маълум қилганига ҳам эътибор қаратган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг авиация соҳасидаги амбициялари 2022 йилдаёқ кучайгани алоҳида қайд этилган. Ўшанда мамлакат умумий қиймати қарийб 800 миллион евро бўлган 17 дона Airbus ва ATR самолётларини харид қилиш бўйича шартномаларни имзолаган эди. Бу эса республиканинг транспорт инфратузилмасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича жадал қадам бўлган.

Экспертларнинг фикрича, замонавий ва қулай самолётларнинг Ўзбекистонга келтирилиши мамлакатда сайёҳликни янада ривожлантиришга ва хорижий туристлар сонининг кескин кўпайишига хизмат қилади. Шу билан бирга, бу чора-тадбирлар республика иқтисодиёти учун ҳам катта фойда олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини янада кенгайтириш ва авиапаркни замонавийлаштириш бўйича олиб борилаётган бу ҳаракатлар хорижда ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда. Саудия Арабистони матбуоти буни республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим лойиҳа сифатида баҳоламоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш учун авиапаркни янги самолётлар билан тўлдирмоқчи