
«Манчестер Сити» клуби раҳбарияти жамоанинг ёш юлдузларидан бири бўлган Нико О’Райли билан шартномани узайтириш бўйича қарорга келди. 20 ёшли инглиз футболчиси ўзига берилган имкониятдан ажойиб тарзда фойдаланиб, асосий таркибдаги ўрнини мустаҳкамлади ва мураббийлар штаби ишончини оқлади.
Англия кубогининг 30 март куни бўлиб ўтган чорак финалида «Борнмут» клубига қарши кечган беллашув Нико учун бурилиш нуқтаси бўлди. Биринчи бўлимда ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов сариқ карточка олганидан сўнг, бош мураббий Хосеп Гвардиола иккинчи бўлимда унинг ўрнига майдонга айнан О’Райлини туширишга қарор қилди. Ёш ярим ҳимоячи эса бу имкониятни ўз фойдасига ишлатиб, баҳс давомида икки бор жамоадошларига голли пас берди ва натижада «шаҳарликлар» муҳим 2:1 ҳисобидаги ғалабага эришди.
Шу ўйиндан кейин Никонинг майдондаги ишончли ҳаракатлари туфайли Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибдаги ўз ўрнини йўқотди. Хосеп Гвардиола ҳам ОАВ ва мухлисларга ўзбекистонлик футболчининг ўйинга туширилмаётганини Нико О’Райли каби бир қатор футболчиларнинг жуда яхши формада эканлиги билан изоҳлаган эди.
Маълумки, Нико О’Райли жорий мавсумда «Манчестер Сити» таркибида Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси мусобақаларида жами 17 марта майдонга тушди. Бу учрашувларда у рақиблар дарвозасига бешта гол урди ҳамда икки марта ассистентлик қилди. Унинг шундай юқори самарадорлиги клуб раҳбариятининг эътиборидан четда қолмади.
Шунинг учун «Манчестер Сити» клуби раҳбарияти Никонинг 2028 йил ёзигача бўлган амалдаги шартномасини яна икки йилга — 2030 йилгача узайтиришга қарор қилди. Табиийки, ёш истеъдоднинг маошида ҳам жиддий ўсиш кузатилади.
Асли ярим ҳимояда ҳаракат қиладиган Нико О’Райлининг янги ролда — чап қанотда жуда ишончли ўйнаётгани туфайли мураббийлар штаби ҳимоя чизиғида жиддий ўзгаришларга қўл урди. Абдуқодир Ҳусанов аввалдан чап қанотда ҳаракат қилган Йошко Гвардиол билан рақобат қилар эди. Бироқ Нико О’Райли кўрсатган ўйин туфайли Гвардиол ҳимоя марказига кўчирилди ва бу билан Ҳусановнинг асосий таркибга қайтиш имкониятлари янада қисқарди.
Ҳусанов учун вазият янада оғирлашгани шундаки, у бир ойдан буён майдонда кўриниш бергани йўқ. Бу ҳолат футболчимизнинг келгуси фаолиятига қандай таъсир қилиши номаълум. Бироқ шуни ишонч билан айтиш мумкинки, унга яқин орада асосий таркибга қайтиш учун катта куч билан ҳаракат қилиш лозим бўлади.
"Манчестер Сити"да рақобат ҳар доим юқори даражада бўлган ва бу ҳолат ҳар бир футболчидан максимал куч ва маҳоратини талаб қилади. Абдуқодир Ҳусанов яна ўз кучини намойиш этиб, бош мураббийнинг эътиборини қайтариб олиши учун катта меҳнат қилиши керак.
Энди "шаҳарликлар"нинг мухлислари Нико О’Райли билан шартноманинг расман имзоланишини кутмоқда. Бу эса клубнинг ёш футболчиларга берилаётган эътибори яна бир бор юқори эканлигидан далолатдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар