date
views 121

Рақамлашган ижтимоий ҳимоя тизими. Бу борада нималар ўзгарди?

Рақамлашган ижтимоий ҳимоя тизими. Бу борада нималар ўзгарди?

Ҳеч кимга сир эмас, илгари ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш бўйича анча қоғозбозлик бўлган. Одамлар бир нечта маълумотнома ва справкаларни йиғишга мажбур эди. Бу эса коррупция ҳолатларини келтириб чиқарган. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»

2021 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали ижтимоий нафақаларни автоматик тарзда тайинлаш тизими тўлиқ йўлга қўйилди. Ҳозирда реестр 16 та вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларидан 53 турдаги маълумотларни онлайн тарзда ўзи йиғади.

Тизимнинг ишга туширилиши бир қатор қулайликлар олиб келди. Хусусан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»нинг вазирлик ва идоралар маълумотлар базаси билан интеграциялашувининг кенгайиши ариза бериш жараёнида тақдим этиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартирди. Оила аъзоларнинг даромадлари, доимий яшаш учун рўйхатдан ўтганлик, оила таркиби тўғрисидаги ва меҳнат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотномалар талаб қилинмайди. Уларнинг ҳаммасини автоматик тизимнинг ўзи бажаради. Энди ижтимоий нафақага мурожаат этишда фақат паспорт талаб этилади. Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор инсон омилисиз ахборот тизими томонидан қабул қилинади ва натижаси бўйича ариза берувчининг телефонига тегишли СМС-хабарнома юборилади.

Барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши таъминланмоқда. Натижада 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўртача 2,1 млн нафар кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланди ва тўланди, бу республикадаги барча оилаларнинг 23,3 фоизини ташкил этади.

Бундан ташқари, сентябр ойидан бошлаб хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини проактив шаклда тайинлаш ва тўлаш йўлга қўйилди.

Умуман олганда, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» нафақат ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини ошириш имконияти, балки ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали воситасига айланиб боряпти.

Ногиронлик пулининг энг ками миқдори 5,1 бараварга кўпайган

2016 йилдан 2022 йилгача ижтимоий нафақаларга ажратилаётган маблағ 10 бараварга оширилиб, 11 трлн сўмга етказилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ногиронлик пенсия ва нафақаларнинг энг ками миқдори 747 минг сўмгача оширилиб, 2017 йилнинг бошига нисбатан 5,1 бараварга ўсди. Таққослаш учун, 2017 йил 1 январ ҳолатига энг кам ногиронлик пенсия миқдори 146,5 минг сўмни ташкил қилган.

2022 йилнинг август ойида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди. 2023 йилда республика бюджети маблағлари доирасида жамғарма харажатлари учун 300,7 млрд сўм йўналтирилган.

Президентнинг 2022 йил 29 июндаги қарорига асосан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тажрибаси жорий этилди. Шунга асосан, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллик даврида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали 30 нафар фуқарога жами 278,4 млн сўмлик «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» тўлаб берилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рақамлашган ижтимоий ҳимоя тизими. Бу борада нималар ўзгарди?
-->