Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун юборилди. Унда давлат ёрдами бўйича лойиҳаларни Рақобат қўмитаси билан маслаҳатлашишни мажбурий қилиш, айрим санкцияларни юмшатиш таклиф этилганди.
12 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси рад этилган.
Қонун лойиҳасида рақобатга алоқадор бир қатор ўзгаришлар таклиф этилаётган эди.
Жумладан, лойиҳада нархлар асоссиз оширилган ёки тарифлар нотўғри қўлланган, тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари поймол қилинган тақдирда мазкур тадбиркорлик субъектларига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қўлланиши назарда тутилганди.
Gazeta.uz’нинг ёзишича, қонуннинг 42-моддасига (Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар) ўзгартириш киритиш кўзда тутилган эди. Унга кўра, энди кичик иқтисодий оқибатларга олиб келадиган қонунбузарликлар (масалан, қўмитага маълумотларни тақдим этишдаги техник хатолар) учун тадбиркорга катта миқдордаги жарималар қўлланади. Жазонинг мутаносиблиги тамойилидан келиб чиқиб, бундай ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорга нисбатан молиявий санкцияни қўлламаслик таклиф этилмоқда — у билан фақат профилактик тушунтириш ишлари олиб борилади.
Бундан ташқари, қонуннинг 13-моддасига (Устун мавқе) ўзгартириш киритиш таклиф этилган. Унга кўра, асосий фаолияти табиий монополия шароитида товар ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўлмаган хўжалик юритувчи субъект бундай фаолиятни амалга оширса, товар ёки монополия бозорида устун мавқе деб эътироф этилади.
Спикер Нурдинжон Исмоилов мазкур қонун лойиҳасини кун тартибидан олиб ташлашни, ҳужжатни якунлаш ва биринчи ўқишда қайта кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига қайтаришни таклиф қилган. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг