Сўнгги 55 йил ичида сайёрамиз аҳолиси икки баравардан ортиққа кўпайди ва БМТ ҳисоб-китобларига кўра келгуси 11-12 йил ичида аҳоли кўпайишининг янги тўлқини юз бериши ва 2050 йилга бориб дунё аҳолиси сони 9,6 миллиардга етиши кутилмоқда. Бу эса энергетика захираларию чучук сув манбаларининг ниҳоятда озайишига олиб келиши мумкин. Бироқ сўнгги ўн йилликда нафақат Ғарбда, балки Осиёнинг рвиожланаётган мамлакатларида ҳам туғилишнинг камаяётгани кузатилмоқда. Мазкур ҳолат айрим экспертларнинг аҳоли ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши ҳақидаги гап-сўзларга шубҳа билан қарай бошлашига сабаб бўлди.
1804 йили дунёда 1 миллиардан сал кўпроқ аҳоли истиқомат қилар эди, 1927 йилга келиб эса бу рақам 2 миллиардга етди. Шундан кейин туғилиш суръати жадал илдамлади: 1959 йилда аҳоли сони 3 миллиардга, 1974 йилда эса 4 миллиардга етиб олди. 1987 йилга келиб сайёрамиз ўз бағрига 5 миллиард, 1998 йилда эса 6 миллиард одамни сиғдирди. Атиги 15 йилдан кейин эса аҳоли сони 7,2 миллардни ташкил қилди. Экспертлар ташвишда: аҳоли сони шу тахлит кўпаяверса, Ер юзида одамзоднинг рисоладагидек ҳаёт кечириши учун ресурслар етмай қолади. БМТ ўтказган тадқиқот экспертларнинг 95 фоизи ана шундай фикрда эканини кўрсатди.
Аҳоли сони 2050 йилда 9,6 миллиардга, 2100 йилда эса 10,9 миллиардга етиши кутилмоқда, бу эса асримиз охирларига бориб одамларнинг тахминан 20 фоизи озиқ-овқат ва чучук сув танқислигидан қийналишини англатади. Халқаро сув ресурслари бошқаруви институтининг хулосасаси эса яқин йилларга оид: 2025 йилдаёқ 1,8 миллиард одам чучук сув етишмайдиган жойларда истиқомат қилаётган бўлади.
Аҳоли сонининг кўпайиши ҳақида айтилаётган рақамлар кўпроқ ёки камроқ бўлиши мумкин, албатта. Бу туғилишни назорат қилувчи воситалардан фойдаланиш имконияти, гўдаклар ўлими ва ўртача умр давомийлиги каби омилларга боғлиқ. Дарвоқе, 1950 йилда одамлар ўртача 48 йил умр кечирган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 69 йилни ташкил этмоқда.
АҚШнинг Аҳолишунослик муаммолари бўйчи бюроси маълумотига кўра, ривожланган мамлакатларда 1,2 миллиард киши, камроқ ривожланган давлатларда эса 5,9 миллиард киши яшамоқда. 2050 йилга бориб бу нисбат қуйидагича кўриниш олади: 1,3 миллиард ва 8,4 миллиард. Шундай қилиб, 2050 йилда аҳолининг тахминан 86 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ва учинчи дунё ўлкаларида яшаётган бўлади.
Айнан ночор давлатларда туғилиш даражаси юқори эканини кўриш мумкин. Масалан, Бурунди ва Уганда каби Африка мамлакатлари аҳоли аранг кун кечирса-да, бу ерларда туғилиш кўп. Ҳозир бу минтақада 900 миллион аҳоли истиқомат қилмоқда, 40 йилдан кейин эса мазкур рақам 2 миллиардни ташкил этади. Африка мамлакатлари ҳукуматларининг анчагинаси аҳолини иш ўринлари ва тегишли ижтимоий муҳофаза билан таъминлай олмаслигини назарда тутсак, қашшоқлик билан боғлиқ вазият янада кескинлашишини англаш мумкин.
Экспертларнинг таъкидлашича, урбанизация – шаҳарлашув жараёни суръати жадал эканини ҳам назардан соқит қилмаслик керак: 2050 йилга бориб шаҳарлар ҳудуди уч бараварга катталашади. Бошқача айтганда, ҳозир қишлоқ хўжалигида ишлатилаётган ерларнинг 10-15 фоизи шаҳарлар ихтиёрига ўтади. Демакки, экин майдонлари қисқариши кутилмоқда.
“Фермер хўжаликлари асримиз ўрталарига бориб қўшимча 2,4 миллиард ёки аср охирида 4 миллиард кўпроқ одамни ҳам боқа оладими-йўқми, буни ҳеч ким билмайди. Фермерлар ҳозирнинг ўзида маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга қийналишмоқда, келажакда эса экин майдонларининг қисқариши, тупроқ сифатининг пасайиши, сув танқислиги, ўғитлар ва ёнилғининг қимматлашиши, иқлим ўзгариши каби омиллар вазиятни баттар оғирлаштиради”, – дейди Вашингтонда жойлашган Аҳолишунослик институти президенти Роберт Уолкер.
Кўпгина давлатлар аҳоли сонининг ўсиш суръати, келажакда одамларни иш ва ўқиш ўринлари, озиқ-овқат ва турар жой билан таъминлаш масаласи оғирлашишидан ташвишда. Шунинг учун ҳам ХХ аср охирларида ривожланаётган мамлакатларнинг баъзилари туғилишни назорат қилиш бўйича давлат дастурларини қабул қила бошлашди. Бундай дастурлар кутилган натижани берди, энди эса давлатларни туғилишнинг кескин камайиб кетгани ва аҳолининг тобора қариб бораётгани хавотирга соляпти. Масалан, Хитойда 1970-йилларда бир онага 5-6 фарзанда тўғри келар эди, энди эса 1,5 фарзанд тўғри келяпти. Бу ҳукуматнинг “бир оилага – бир фарзанд” сиёсатининг натижасидир. Бундай сиёсат шаҳарлик оилаларга фақатгина битта, қишлоқлик оилаларга эса кўпи билан иккита фарзанд кўришга рухсат беради. Ҳисоб-китобларга кўра, Хитойда 1979 йилдан бери абортлар ва стерилизация туфайли қарийб 400 минг бола туғилмай қолган. Давлат дастурлари оқибатида туғилишнинг кескин камайиши Эрон, Ҳиндистон ва Перуда ҳам кузатилди.
Осиё-Тинч океани минтақасида аҳоли ўсишини барқарорлаштириш туфайли тўйиб овқат емайдиганлар сони 23,7 фоиздан 13,9 фоизгна камайди, шунингдек, таълим, яшаш ва соғлиқни сақлаш хизмати сифати ортди.
Сайёрамиз аҳолиси ҳозир ҳам кўпаймоқда, лекин кўпайиш суръати секинлашган. Демографларнинг айтишича, ҳозир Ҳиндистонда бир аёлга 2,6 фарзанд тўғри келаётган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 2,1га, 2035 йилда эса 1,8га тушиб қолади. Африканинг айрим ҳудудларини ҳисобга олмаганда, бошқа ривожланаётган мамлакатларда ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Европа ва Лотин Америкаси аҳолиси эса тобора қариб бориши кутилмоқда. Масалан, 1980 йилда Ғарбий Европада ўртача ёш 34 эди, 2030 йилда 47 ёш бўлади, бу ўз навбатида меҳнатга лаёқатлилар сонининг камайишини англатади. Умуман олганда эса 2050 йилга бориб
Европа аҳолиси 14 миллионга озаяди. Европада аҳолининг табиий кўпайиши билан боғлиқ вазият чиндан ҳам оғир.
Аҳолининг ўсиш суръати нафақат Европа, балки деярли ҳамма жойда кузатилади. Европанинг кўпгина ва Осиёнинг айрим мамлактларида аҳоли қариб бормоқда. Масалан, Японияда демографик пасайиш охирги йигирма йилдан бери давом этмоқда. Бу туғилишининг камайиш ва аҳоли сонининг қисқариши оқибатидир. Келгуси ўн йилликларда Япония аҳолиси қанчалик тез қаригани сари вазият шунчалик мураккаблашиб бораверади. Туғилишнинг камайиши иқтисодий инқироз туфайли кучайиши айтилса-да, мутахассисларнинг фикрича, бу асосий сабаб эмас. Аслида давлат ривожланиб боргани ва фаровонлик ортгани сайин фертиллик (фарзанд дунёга келтириш) пасайиб бораверади. Ҳаёт сифати яхшиланади, умр давомийлиги узаяди, ўлим даражаси эса камаяди.
Шундан кейин одатда туғилиш даражасида ҳам пасайиши кузатилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Африкада фертилликнинг юқори даражада бўлиши бу қитъада ўлим даражаси ҳалигача юқори экани билан боғлиқ.
БМТнинг аҳоли кўпайиши ҳақидаги тахминларига муболаға аралашган бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Айтайлик, Германиянинг Deutsche Bank таҳлилчилари аҳолининг ўсиш суръати БМТ экспертлари прогноз қилганичалик бўлмаслигини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, келгуси бир неча ўн йилликда аҳоли сони кўпайишда давом этиши мумкин, бироқ бу туғилиш билан эмас, умр давомийлигининг ортиши билан боғлиқ бўлади. Deutsche Bank таҳлилчилари саёрамиз аҳолиси 2055 йилда 8,7 миллиардга етишини, асримиз охирида эса 8 миллиардга тушиб қолишини айтишмоқда.
“Аҳолининг ҳаддан зиёд кўпайиши билан боғлиқ гаплар афсонадан бошқа нарса эмас. Аҳолининг кескин кўпайишига ишонадиганларнинг аксарияти шаҳарларда, яъни одамлар кўп йиғилган жойларда яшайди. Одамлар тўлиб-тошган кўчалар муайян маконга хос, холос. Дунёда бўш ётган жойлар ҳали анча кўп. Масалан, Россияда”, – дейди АҚШнинг Аҳолишунослик тадқиқотларни институти президенти Стивен Мошер.
Манба: hilol.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди