22:42 / 22.12.2017
4 677

Шавкат Мирзиёевнинг маърузаси Уинстон Черчиллнинг тарихий нутқига қиёсланди

Шавкат Мирзиёевнинг маърузаси Уинстон Черчиллнинг тарихий нутқига қиёсланди
Кун иқтибоси. Deutsche Welle: "Мирзиёев залга Президент бўлиб кирди ва ундан Миллатнинг Лидери бўлиб чиқди.."

Халқаро Пресс-клуб вакиллари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда иштирок этди. Клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев фейсбукдаги саҳифасида бу ҳақдаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Ҳар бир сиёсатчининг маълум бир маърузаси унинг фаолиятида белгиловчи, муҳим ролга эга бўлади. Масалан, Уинстон Черчиллнинг 1946 йил 5 март кунидаги «Фултон» маърузаси дунё тартиботини бутунлай ўзгартириб юборган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугунги маърузаси, унинг сайланганига бор-йўғи бир йил бўлишига қарамасдан, яқин ўтмишдаги вазиятни теран таҳлил қилиб, яқин келажакка аниқ вазифаларни белгилаб берувчи, чуқур мушоҳадали нутқ бўлди, десак тўғри бўлади.

Бундай мурожаатлар одатда бошқа давлатларда доимий ўтказиб келинади. Лекин бугун илк бор бундай амалиёт Ўзбекистонда қўлланди. Ўзбекистон раҳбари 4 соат давомида тик турган ҳолда, тўғридан-тўғри мамлакат Парламенти, ҳукумати ва халқига мурожаат қилди. Дунё тажрибасини Мирзиёев Ўзбекистонда «ноу-хау» қилди.

Бу Мурожаат қайси жиҳатлари билан кучли бўлди?!

Биринчидан, мураккаб масалаларнинг ечимига танқидий мулоҳаза орқали ёндашув бўлди.

Иккинчидан, Парламент депутатлари ва сенаторлари олдига янги вазифалар белгилаш ва уларнинг фаолияти доирасини кенгайтириш, жамиятда бўлаётган сиёсий-иқтисодий жараёнлардаги иштирокини кучайтиришда янги «йўл харитаси» белгиланди.

Учинчидан, ҳақиқий демократияни энг қуйи тузилма – туманлардан бошлаб энг юқори Республика идораларида ўрнатиш ва унинг ажралмас механизми – ўзаро чекловлар ва мувозанат тизимини ниҳоят ишлатиш зарурлиги таъкидланди.

Тўртинчидан
, Президент 13 йил мамлакат Бош вазири, 10 йил икки вилоят ҳокими сифатидаги кузатув ва хулосаларини аниқ, тартибли тизимга солиб, давлат бошқарувида муҳим институционал ўзгаришларга асос яратиб берди.

Бешинчидан, сўнгги йилларда ўз функционал вазифаларини бажаришдан анча нарига чиқиб кетган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Конституциявий нормага асосланиб иш юритишга чақирди. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси. Бу органлар фақат юклатилган вазифалари билан шуғулланишга чақирилди. Тадбиркорлик фаолиятига аралашув, манфаатли «текшир-текшир»ларни тўхтатмасалар, коррупцион ҳолатлар давом этса, шахсан Президентнинг ўзи бу ташкилот мутасаддиларига жиноий иш қўзғатиши таъкидлаб ўтилди.

«Биз 37-йилни кўрганмиз. У ҳали ҳам эсимизда. Ҳар хил «деди-деди»лар киши тақдирини ҳал қилмаслиги керак. Бу одатни бас қилайлик», дея таъкидлади Президент.

Олтинчидан, мамлакат иқтисодиёти ва статистикасидан «рассомлар»ни четлаштириш, реал ҳаёт билан яшаш лозимлигига алоҳида урғу қаратди Шавкат Мирзиёев. Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг даромад қисми киши бошига ҳажми бўйича 187 давлат ўртасида 134-ўринни эгаллаган. Ваҳоланки, бундай ҳолат Ўзбекистоннинг бой салоҳияти ва ресурсларига тўғри келмайди.

Биз, журналистлар учун ҳам муҳим янгилик бўлди: Президентимиз бу соҳада кадрлар кескин етишмаслигини таъкидлаб, журналистика ва оммавий коммуникация воситалари соҳасида алоҳида университет ташкил этиш таклифини илгари сурдилар. Ундан ташқари, нодавлат оммавий ахборот воситаларга, хусусан, веб-сайтлар фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган Давлат жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди.

Яна бир муҳим янгилик – Давлат раҳбари тараққиётимизда муҳим инновация – ҳокимиятни номарказлаштириш, яъни марказ ваколатларининг кўп қисмини вилоятларга беришни таклиф қилдилар. Бу дегани, кўплаб рухсатномалар, лицензияларни олиш Тошкент билан боғлиқ бўлмай, вилоятларнинг ўзида амалга оширилади. Шунингдек, вилоятлар ва туман ҳокимларига кўпроқ эркинлик бериш ва уларга Президентнинг жойлардаги вакили сифатида қараш лозимлигини уқтирдилар.

Постнинг бошида Черчиллнинг «Фултон» маърузасига бекорга тўхталмадик. Вазият, вақт ва ҳолат ҳар хил бўлса-да, айрим таҳлилий параллелларни ўтказсак. Жаноб Черчиллнинг нутқи ғарбнинг эркин демократик ғояларнинг шўро коммунизм мафкурасига қарши курашга замин яратди. Ва охир-оқибат собиқ СССР парчаланиб йўқ бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи эса Ўзбекистоннинг ички сиёсатида, ижтимоий-иқтисодий муҳитида муҳим ўзгаришлар ҳамда янги ва илғор ривожланиш ғояларининг эскилик сарқитига қарши тизимли курашини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон лидери лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, ваколатни суиистеъмол қилишга қарши курашни эълон қилди. Умуман олганда, Президентнинг бугунги Мурожаати нафақат ички, балки яқин ва узоқдаги қўшнилар билан ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган «йўл харитаси» ҳам бўлди, десак тўғри бўлади.

Айтганча, Президентнинг виртуал қабулхонасига бир йилда бир ярим миллион мурожаат келиб тушди. Бу тўпланиб қолган муаммолар, масалалар бўйича жиддий кўрсаткич. Биз бу йўл билан қайта улғайдик. Энди Президент таклифига биноан янги интерактив инновация – «Менинг фикрим» портали иш бошлайди. Биз энди маиший муаммоларни айтишдан таклиф беришга ўтамиз.

Азизлар, юртимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» барчамизга муборак бўлсин!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёевнинг маърузаси Уинстон Черчиллнинг тарихий нутқига қиёсланди