23:20 / 17.01.2018
3 708

Ҳажв: "Қочоқ ёхуд маҳалланинг юлғичи..."

Ҳажв: "Қочоқ ёхуд маҳалланинг юлғичи..."
«Фалончи» маҳалласида афти коптокдек думалоқ, кўзлари қисиққина, кулганда орқа ковак тиши ҳам «ликиллаб» турадиган Олди Қочдиев 10 йилдан бери маҳалла раиси. Гап деганда астар-аврасини ағдариб юборадиган бу текинтомоқни маҳалланинг чивини ҳам чаққиси келмайди. Шу маҳалла раиси келди-ю, ҳар ҳафта пул йиғилади. Қанчадан-қанча маҳалла аҳлининг пўстагини қуритай деганда, «Фалончи»га Тўлаган Марҳаматов деган бир бамаъни ҳотамтой келди-ю, бу бемаъни Қочдиевнинг нафсига «ўлжа» топилди. Унча-мунчани назарига илмайдиган «ҳазрати олийлари» Марҳаматовни ҳар кўрганда етти эмас, боши ерга теккунча эгилиб салом беради.

— И-я, и-я, Тўлаган ака, бормисиз, омонмисиз, шу сизни кўрсам қуёшни ерда кўргандек бўламанда, юзингиздан нур ёғилади-я. Энди маҳалланинг «ранг-рўйи» ўзингизга маълум, шуни бир оз ўзига келтирмасак бўлмайди. Ишонганим сизсиз, бу қуримсоқ маҳалладошларингизни бошида данак чақсангиз ҳам фойдаси йўқ.

Доим гапни шу йўсинда бошлаганидан калласи ғовлаб кетган Тўлаган Марҳаматов бу ҳайбаракачининг мақсадини билиб, сўраган пулини беради-ю, тез илдамлаб ишига кетади.

Энди гапни буёғини эшитинг. Марҳаматовдай сахий одамдан олинган пул шундай хасис Олди Қочдиевнинг қўлига тушгач маҳалланинг кам-кўстига ишлатилармиди?! Ҳа, йў-ў-қ, бу гап қуёш шарқдан эмас, ғарбдан чиқади, деган гапга тенг-ку! Омон бўлгур Марҳаматовнинг бир чўқишда пулини олган бу текинтомоқ иккита сигир олди, яна иморатини ҳам битказиб оляпти. Нима эмиш, бу сигирлар маҳалла учун. Кимнинг сигири сутдан қолса, бемалол ўша сигирларнинг сутидан соғиб кетаверсинмиш. Иморати эса маҳалланинг кўркини бузаётгани учун таъмирлатиб олмаса бўлмас экан. Худо сақласин-у, бир зилзила бўлиб, ҳовлиси қулаб тушса-чи? Яна денг, бировнинг устига қуласа, бўлмағур миш-мишлар тарқаб, маҳалласининг «обрў» сига путур етмайдими?!

Бундай сафсаталар маҳалладагиларнинг жонига тегибми, Қочдиевга қарши минг-минг режалар тузишди. Аммо ҳар доимгидек лов этиб ёнишди-ю, пуф этиб ўчишди…

Кечаси билан мижжа қоқмай пул ундириш учун янги баҳона «кашф этган» Олди Қочдиевнинг эса кўнгли теракдек ўсиб, эрта тонгдан бировнинг мушугини «пишт» демайдиган Мамасодиқ акани карнайдай овози билан чақирди. Бу камсуқум киши кўчадан ўтганда ҳатто маҳалланинг энг олди акилдоқ итлари ҳам тек туриб «чест» беради. Ҳатто шу беозорни ҳам тинч қўймай, бу текинтомоқ саҳарлаб дарвозани тақиллатди. Тонггача юрак азобидан нари бориб, бери келган Мамасодиқ ака ким деб ўтирмай, аранг дарвозани очди. Очсаки, ўзига наҳангдек нигоҳлар қадалиб турибди. Отахон бир сесканди-ю, ўзидан 10 ёш кичик Олдига ўзи биринчи бўлиб қўл узатди.

— Ассалому алайкум Олди Қочдиев, яхшимисиз? Қани, марҳамат ичкарига киринг.

— Йўқ, мени сизларга бекорчи вақтим борми?! Мақсадга ўтаман, эшитинг. Кеча кирим-чиқим дафтаримни кўздан кечирсам, маҳаллада қурмоқчи бўлган боғимизга йиғилаётган пулга сиз қўшилмабсиз. Бу қандай калондимоғлик. Нега одамлар индамай берганда, сиз тихирлик қиляпсиз?

Қочдиевнинг важоҳатидан ҳам ҳайрон, ҳам қўрққан Мамасодиқ ака бошини қуйи солиб, тушунтира кетди:

— Минг бор узр, бироқ эсингизда бўлса, бир ой олдин энг кичик қизимни узатдик. Шунда мен маҳалла комитетига пул беролмаслигим тўғрисидаги тушунтириш хатини берган эдим. Улар рози бўлишган эди-ку!

Ўзига бақрайиб турган кўзлардан баттар хуноби ошган Олди ўшқира кетди:

— Виждонингиз борми ўзи? Ишнинг белига тепиб, беш йилдан бери кетма-кет тўй қиласиз. Боғни уч йилдан бери қуролмаймиз. Нима мен ўз уйимда боғ қуряпманми?! Қаранг, маҳалладагилар бетингизга гапиришмасаям, ортингиздан «Мамасодиқ аканинг шохи борми» деган пардали танбеҳлар қилишяпти.

Маҳалла раисининг охирги гапидан ҳангу манг бўлиб қолган бояқиш лом-лим деёлмай қолди. Ахир маҳалладошлари «беш қизни кетма-кет узатишнинг ўзи бўлмайди, қўйинг, ҳадеб тихирлик қилса, ўзимиз йиғиб берамиз», дейишмаган эдими?!

Шу пайт Тўлаган Марҳаматов ўз шахсий машинасида ўтиб қолди. Қочдиевнинг Мамасодиқ акага қўлини пахса қилиб бир нималарни шанғиллаётганини кўрди-ю, машинани улар олдида тўхтатди. Уни кўрган Қочдиев эса бир юмалаб бошқа инсонга айланди-қўйди. Қўйиб берса, соясига кўрпача солишга ҳам тайёр кишидек дарров қўлини кўксига қўйиб, маҳалла ҳотамтойи билан сўраша кетди. Ёнида 60 ёшли Мамасодиқ аканинг мунғайиб турганини кўрган Марҳаматов Олдига «нима бўлди?» дегандай қош кўтарди. Бойнинг қилиғидан шошиб қолган маҳалла раиси, бир ютинди-ю, бечора чолнинг аҳволидан арз қила кетди. Олдининг навбатдаги дийдиёсига тоқати етмаган Тўлаган Марҳаматов вазиятни тушунди-да, отахонга марҳамат кўрсатиб, боғ пулини ўзи тўлади. Кўзларидан дув-дув ёш тўккан Мамасодиқ ака бойни узундан узун дуо қилди. Шу билан маҳалланинг бир ғариби Олди наҳангнинг домидан омон қолди.

Мана шундай йиғди-йиғдилар суяк-суягидан ўтиб кетган маҳалла аҳли чидаёлмай, Олдининг устидан арз қилишга келишиб олишди:

— Етар шунча ноғорасига ўйнатгани. Икки йилдан бери машинага пул йиғаман. Энди оламан деганимда ҳудди сезгандай лаънати Қочдиев пулимни шилиб кетади.

— Нимасини айтасиз, ҳар уйга тумшуғини тиққанидан кейин кимда қанча пул борлигини билмасинми бу исковуч. Ҳар ойнинг охирида дарвозам тагида ҳозир-у нозир. Ойлигимга кўз тикмаса уйқуси қочади. Бир сафар ойлигим кам, рўзғоримдан ортмаяпти десам, қанча ойлик олишимгача айтиб, ҳисоб-китоб қилиб берди.

— Ҳа, энди жим туриб бўлмайди. Етар! Уни раисликдан олмасак, бу кетишда хонавайрон бўламиз. Нимадир қилиш керак. Балки Тўлаган Марҳаматовга ҳаммасини рўй-рост айтиб берармиз. Ахир Олди шу кишининг чўнтагидан «пул ариғи очган-ку».

Шу пайт маҳалла норозилари ғоздек қаддини кўтариб ўтаётган Олди Қочдиевни кўришди-ю, мушукдай писиб қолишди. Ҳозиргина тиш қайраб турганлар оғизларига қанд солгандай сайраб кетди:

— И-я, ассалому алайку-у-ум Олди ака. Тузукмисиз?

— Иссиқларда чарчамай юрибсизми?

— Бизга хизмат йўқми, ака?...

Маҳалладошларининг гапини назар-писанд қилмайдиган бу лўттибоз кейинги харажат ҳақида оғиз очди-ю, шитоб билан йўлини давом этди. Маҳалладошлар эса оғзини очганча қолаверди.

Яна бир куни Олди маҳалла кўчаларини текислайлик деб, катта миқдорда пул йиғмоқчилигини айтганида ҳам ҳеч кимса лом-мим деёлмади. Фақат кетганидагина ортидан ғўнғир-ғўнғир дашномлар, норозиликлар ёғилди. Ҳар доимгидек «Бу сафар додини берамиз, у «зулук»нинг», «Қачонгача чидаш мумкин, ортиқ индамай турмаймиз», «Ҳали шошмай турсин»… каби гаплар ҳар томондан келди-ю, яна ҳар томонга сочилиб кетди. Индамай пулларни йиғиб олган Олди димоғини чоғ қилиб, маҳаллага қуруқ ваъдалар бериб, «қуруғидан» йиғиб юраверди.

Аммо бир сафар маҳалладагилар шу вақтгача берган пулларини ҳисоблашди-ю, бошларидан ҳушлари учди. «Наҳотки», «Ё, тавба», «Вой, шунча пулим бор экан-да» деган ҳайратлар оламни тутди. Бирдан ҳаммалари бу пулларга нима қилишлари мумкинлигини ўйлай кетишди. Кимдир уйимнинг томини ёпаман, деса, кимдир янги машина сотиб оламан, дерди, яна кимдир эр-хотин бўлиб, табиат қўйнида сайр қиламиз деган хаёлларга берилди. Бу уларга куч берди чоғи барчалари бир бўлиб Олдидан пулларини қайтариб олишга жиддий аҳд қилишди. Ҳаммалари йиғилиб, унинг уйига танкдек бостириб келишаётган маҳал Олдининг ён қўшниси югуриб келиб, «Қочдиев пулларимизни олиб қочибди», деган шум хабарни етказди.
Нигина Ҳакимова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳажв: "Қочоқ ёхуд маҳалланинг юлғичи..."