00:00 / 10.02.2018
4 167

Интернетдан зарар эмас, манфаат олайлик!

Интернетдан зарар эмас, манфаат олайлик!
Баъзи ёшларимиз турли ахборот манбаларида, хусусан, интернетда кўрган, эшитган нарсалари туфайли турли ёмон таъсирларга тушиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Интернет орқали тарқалаётган энг мудҳиш оғу маънавий заҳардир. Устозларимиз, машойихларимиз айтишганидек, глобаллашув замонида ҳудудлар эмас, қалблар забт қилинмоқда. Ҳарбий юришлардан кўра фикрий хуружлар орқали ғаразли мақсадларга тезроқ ва кенгроқ эришилмоқда. Айниқса, бугунги кунда ёшларимизнинг онгини заҳарлаш, улар орасида турли бузғунчи фикрларни, сирти ялтироқ, аммо ботини фасодга тўлган ғояларни тарқатиш учун интернетда кўплаб саҳифалар, ижтимоий тармоқларда турли каналлар, матнлар, овозли ва тасвирли лавҳалар жойлаштирилмоқда.

Бу иш кенг кўламда, аниқ режа асосида, мақсадли равишда олиб бориляпти, тарқатилаётган маълумотлар юқори сифатли, тиниқ тасвирли қилиб тайёрланган, ичига оят-ҳадислардан далил-исботлар тўлдирилган, кўрган одамнинг эътиборини тортадиган қилиб ишланган. Бунинг олдини олиш учун оилада, маҳаллада, ўқишда ва ишда назоратни кучайтириш лозим. Ёшларимиз, фарзандларимизнинг ана шундай маънавий оғуларни очиб ўқиши, эшитиши ёки кўришининг олдини олишимиз, назоратни кучайтиришимиз керак. Ёшларимиз уларнинг фарқига бормай, тўғри-нотўғрилигини билиб-билмай кўчириб олиб, компьютерларда ёки телефонларида олиб юриши, таниш-билишларига улашиши мумкин. Бундай ҳолатлар кўп учраяпти, оқибатда турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келяпти.

Норасмий манбалардан фойдаланманг!
Марҳамат, ёшларимиз динимизнинг таълимотини албатта ўргансин, диний илм олсин, аммо фақат расмий манбалардан, юртимизда фаолият кўрсатиб турган жомеъ масжидларнинг интернет-саҳифаларидан олсин. Бундай маърифий саҳифалар, каналлар, анча кўпайиб қолди, уларга кираётган мухлисларнинг, доимий ўқиб бораётган азизларимизнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Давлатимиз, диний идорамиз ёшларда тўғри дунёқарашни шакллантириш учун бу борадаги фаолиятни янада кенгайтиришни талаб қиляпти. Бугунги кунда интернет воситасида туфайли исталган масжиддаги, исталган имом-хатибнинг маърузаларини уйда ўтириб эшитиш, илм ўрганиш, маърифат ҳосил қилиш имконияти бор. Интернетда имом-хатибларимизнинг жума мавъизалари, суҳбатлари, савол-жавоблари бериб бориляпти, саҳифаларимизда, каналларимизда жума мавъизаларининг ҳам матни, ҳам овози, ҳам тасвири бериб бориляпти. Эркакларимиз жума куни истаган жоме масжидига бориб, мавъиза тинглаши мумкин. Аёлларимиз одатда уй-рўзғор ишлари билан, фарзанд тарбияси билан банд бўлишади. Ёшларимиз илмга чанқоқ, техникага уста, ана шу маълумотларни бемалол кўчириб олиб, ўзи эшитсин, ота-онасига, дўстларига улашсин, марҳамат!

Аммо норасмий манбалардан, шубҳали саҳифалардан, эгаси кимлиги, мақсади номаълум каналлардан ҳар хил маълумотлар ёзиб олинса, тарқатилса ёки телефонда олиб юрилса, ёшларимиз тажрибасизлик, диний саводсизлик туфайли улардаги бузғунчи фикрлардан, радикал ғоялардан таъсирланиб қолиши мумкин. Бунинг оқибати нима бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бундай саҳифаларга, каналларга кирувчилар, у ерда ёзилган матнларни, овозли ёки тасвирли лавҳаларни телефонида олиб юрган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан шубҳа остига олиниши мумкин. Бундай ҳолатларнинг охири аксарият ҳоллларда жиноят билан тугайди.

Фарзандларингизни назорат қилинг!
Ватанимиз аввал ҳам буюк алломалар юрти бўлган, бугунги кунда ҳам пайғамбарларнинг вориси бўлган уламоларимиз кўп, ёшларимиз, аёлларимиз ана шуларнинг, устозларимизнинг маърузаларини, ваъз-иршодларини тинглашсин. Аммо хорижга чиқиб олиб, тузлуғига тупураётган, уламоларимизнинг шаънига нолойиқ сўз айтаётган, ўз Ватанининг обрўсига лой чаплаётган кимсаларнинг дийдиёсини эшитишмасин, уларга қулоқ солишмасин, улар қилган хатони такрорлашмасин. Илгари оила бошлиғи фарзандининг кундалик дафтарини текшириб турар эди. Бугунги кунда эса фарзандимизнинг телефонларини, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ҳам текшириб туриш вожиб бўлиб қоляпти.

Бу огоҳлантиришдан асосий мақсад шуки, бу тинч-осуда кунларнинг қадрига етайлик, берилган имкониятлардан, енгилликлар, имтиёзлар, кенгчиликлардан унумли фойдаланайлик, ношукур бўлиб қолмайлик. Фарзандларимизга телефон олиб бердикми, улар ҳар куни интернетга кираяптими, уларнинг назорати учун масъул бўлайлик.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Интернетдан зарар эмас, манфаат олайлик!