18:13 / 02.08.2018
4 392

Ҳозиржавоб имом

Ҳозиржавоб имом
Шўролар даврида баъзи даҳрий раҳбарлар имомларга жуда паст назар билан қарашарди. Гўё имом хатиблар фақат худойи, жаназа ўқиш каби диний маросимлардан бошқа ҳеч нарсани билишмайди. Улар ривожланиш, илмда орқада қолган мутаассиблар, деб назарга илишмасди. Самарқанд вилоятидаги Имом ал-Бухорий масжидида ишлаб юрган кезларимда бунга кўп гувоҳ бўлганман. Марҳум Имом ал-Бухорий масжидининг имом хатиби, устоз раҳматли Усмонжон Раҳимжонов чет эл ва бошқа шаҳарлардан келадиган меҳмонларга араб, рус ва форс тилларида тушунтириш ва саволларга жавоб берганларида ҳаммаси домланинг илмларига тан берардилар ва имом хатибнинг илм ва заковатларини жуда ҳурмат қилардилар.

Бир куни Москвадан косманавтларни даволайдиган академик (кейин билсам татар киши экан) билан космонавт Жанибеков келадиган бўлди. Уларни кутиб олиш учун тайёргарлик кўрдик. Айтилган вақтда, ўша пайтда фақат нуфузли меҳмонларни олиб юрадиган қора “Волга” машинасида, меҳмонлар масжид дарвозаси олдида тўхташди. Ундан икки киши тушди. Бизлар билан виқорли кўришар экан: “Имом ким?”, деди биринчи машинадан тушган киши. “Мен” дедилар домла. “Биз осмонга кўтарилдик, аммо Худони кўрмадик?!”, деди. “Сиз Худони кўриш учун қаергача кўтарилдингиз?”, дедилар Усмонжон домла.

Бу жавобдан сўнг “Бошқа саволим йўқ”, деди ва бирин кетин Имом ал-Бухорий зиёратига киришди. Зиёратдан сўнг махсус тайёрланган зиёфат дастурхонига ўтиришди. Узоқ вақт савол-жавоблар бўлди. Киришда савол берган академик жуда художўй инсон экан. “Ҳар сафар юрак жарроҳлигига киришдан олдин, ғусл қиламан, икки ракат намоз ўқиб Аллоҳдан мадад сўрайман, сўнг жарроҳликка кираман. Инсоннинг жисми катта мўъжиза, инсон аъзоларини ўрганар экансан, иймонинг зиёда бўлаверади. Инсон кўкка кўтарилгани сари суяги юмшаб кетаверади. Шу боис улар қайтгач, узоқ вақт даволаймиз.

Мен кўп имомлар билан суҳбат қуриб саволларимга жавоб ололмаганман. Сиз ҳақиқий илмли одам экансиз, тан бердим ва иймоним ошди”, деб ўз эътирфини билдирди. Ҳа буюк устозлар мана шундай илмга эга бўлишган. Марҳум домламиз бугунги кундагидек техника ривожланмаган бўлсада, давлат ва дунёда кечаётган воқеалардан доимо хабардор, бўш вақтларида тинмай китоб ўқир, китоб қўлларидан тушмас, имкон топилди дегунча дарс беришга ҳам улгурардилар. Бизнинг юрт имомлар шўролар тазйиқига қарамасдан мана шундай мавқега эга эдилар.

Бугунги кун имомлари ҳам тил билиши, дунё воқеаларидан хабардор бўлишлари, дунё тарихи ва адабиётини диний илмлар каби кўп ўқишлари, тинимсиз ўз устларида ишлашлари керак. Чунки бугунги кунда ёшларимиз ҳамма нарсадан хабардор, китоб ўқишмоқда ва халқимиз учун кўплаб диний ва адабий китоблар чоп этилмоқда. Уларни халқ ўқиб илмий салоҳиятларини кундан кун ошириб бормоқдалар. Ҳатто президентимиз ташаббуслари билан узоқ қишлоқларда ҳам кутубхоналар очилиб, ҳамма китоб ўқимоқда. Қайси имом илмли ёки илмсизлигини ажратиш даражасига етмоқдалар. Турли саволлар беришмоқда, саволларга тўлиқ аниқ жавоб беролмаганларга нисбатан эътироз билдиришмоқда.

Демак имомлар нафақат чет эллик балки халқимизни рози қиладиган даражада илмларини доимо ошириб, халққа маърифат улашишда илмий салоҳиятларини юксалтириб боришлари керак деб ўйлайман. Илмли имомларимиз жуда кўп, улар қанча кўпайса, халқ қалбидан жой олсалар турли оқимларга эргашадиганлар ўз-ўзидан камайиб кетади. Халқ имомлардан қониқмаса маърифатни бошқа жойдан қидирадилар. Шу боис “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашишни янада кучайтиришда имомларимиздан ғайрат ва шижоат, кўп мутолаа қилишларини сўраб, ишларида ривож тилаб қоламан
Шермурод ТОҒАЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳозиржавоб имом