date

Индонезияда мактаб биноси қулаб, фожеа юз берди

Индонезияда мактаб биноси қулаб, фожеа юз берди

Индонезиянинг Сидоаржо шаҳрида жойлашган Ал-Хозини мактаб-интернатида катта фожеа содир бўлди. Маҳаллий ахборот воситалари ёзишича, таълим муассасаси биноси бир онда қулаган ва бу кўплаб болаларнинг ҳаётига хавф туғдирган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳалокат натижасида 13 ёшли бир ўқувчи вафот этган. Шунингдек, 90 дан зиёд инсон турли даражада жароҳат олган, улардан айримларининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Ёрдамчилар тахминларига кўра, 38 га яқин киши вайроналар остида қолиб кетган бўлиши мумкин.

Текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, мактаб дастлаб икки қаватдан иборат бўлган. Бироқ кейинчалик қонун талабларига зид равишда қўшимча қаватлар қурилган. Пойдевор эса бундай ортиқча оғирликка дош беролмаган ва натижада бино бирданига вайрон бўлган.

Ҳозирда фавқулодда хизмат ходимлари, ҳарбийлар ва полиция кучлари ҳодиса жойида қутқарув ишларини олиб бормоқда. Вайроналар остида қолганларга махсус қувурлар орқали кислород ва ичимлик суви етказилмоқда.

Маҳаллий ҳукумат ҳодисани “улкан фожеа” деб баҳолаб, қурилишдаги қоидаларга амал қилинмагани ҳалокатнинг асосий сабаби бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, воқеадан кейин мамлакатда мактаб биноларининг мустаҳкамлиги ва қурилиш назоратини кучайтириш зарурати ҳақида баҳс-мунозаралар янада жонланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Индонезияда мактаб биноси қулаб, фожеа юз берди