2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан муҳим ҳужжат – “Суд фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судлов самарадорлигини ошириш ва суд органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чоралар ҳақида”ги Фармон имзоланди.
Фармоннинг асосий мақсади – ақлли технологияларни татбиқ этиш орқали фуқароларнинг судларда шахсан иштирокини кескин қисқартириш, қоғозбозликни йўқотиш, инсон омилини минимал даражага тушириш ва шу орқали одамлар учун қўшимча қулайликлар яратишдан иборат.
Эндиликда мамлакатда “Рақамли суд” концепцияси босқичма-босқич амалга киритилади. Жумладан, 2025 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида замонавий суд заллари тажриба тариқасида йўлга қўйилади. У ерда барча рақамли имкониятлар синовдан ўтказилади. Натижаларга кўра, 2026–2027 йилларда концепция республика бўйлаб жорий этилади.
Шу билан бирга, мурожаатларни судга фақат электрон шаклда юбориш ва суд ишларини тўлиқ рақамли форматда юритиш тартиби жорий қилинмоқда. Илгари аризаларни шахсан суд девонхонасига олиб бориш талаб этиларди, бу эса ортиқча вақт ва маблағ йўқотишга сабаб бўларди.
Яна бир катта янгилик – суд жараёнларида иштирокчилар суд биносига келмасдан, масофадан туриб қатнашиш имкониятига эга бўлади. Авваллари бунинг учун фақат судья рухсати керак эди. Энди эса суд харажатлари электрон усулда ҳисобланиб, шу йўл билан тўланади. Бу эса коррупция ҳолатларини кескин камайтиришга ёрдам беради.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамаси бошланишидан олдин унинг тахминий натижаси ва сарфланадиган харажатлар ҳисобланади. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорларга ўз имкониятларини олдиндан баҳолаш имконини беради.
Бундан ташқари, суд жараёнидаги барча материаллар электрон шаклда тақдим этилади, суд мажлислари баённомалари реал вақт режимида автоматик тарзда матн кўринишида шакллантирилади. Суд ҳужжатлари лойиҳалари ҳам энди автоматик равишда тайёрланади.
2026 йил 1 январдан эса “my.sud.uz” интерактив порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи модул ишга туширилади. Унда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи орқали ҳуқуқий саволларга жавоб берилади ва суд маълумотлари автоматик тақдим қилинади.
Учкўприк туман жиноят ишлари бўйича суди раиси Нодиржон Раимкулов таъкидлаганидек, бу жараёнлар одил судлов самарадорлигини оширишда янги босқични бошлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!