
Ҳар қандай тил сўз бойлиги, товуш ўзига хослиги, сўз ясаш ва от қўйиш имкониятлари кенглиги, ўз ёзув шакли борлиги билан кучлидир.
Афсус, ҳозирда биз турк халқларининг ўз ёзувимиз йўқ.
Бўлган! Лекин унутилган. Йўқотилган. Тўғрироғи, асраб қола олинмаган.
Қайтиш иложи йўқми? Бор, лекин истак йўқ. Бундай истак пайдо бўлишига ишонч ҳам, умид ҳам йўқ.
Тарих давомида мустақил турк ёзувини яратишга тағин бир-икки марта ҳаракат қилинган, аммо турли сабабларга кўра муваффақиятсизликка учраган. Натижада ота-боболаримиз эскидан ишлатиб келинаётган ёзувларни ислоҳ этиш, имкон қадар тилимиз табиатига мослаш йўлини танлашган.
Ёзувнинг мукаммаллиги товушлар бойлигини, ранго-ранглигини, ўзига хослигини тўла асрагани билан ўлчанади. Бошқача айтганда, миллатда бор барча товушни ўзига хос товланишларию маъноларини сақлаган ҳолда ифода эта олган ёзувгина мукаммалликка даъво қилса бўлади.
Тилнинг ўз ёзуви бўлмаса, четдан қабул этилган ҳар қанақа ёзув уни қабул этган миллат тилига ҳеч қачон тўла уйғун келмайди. Оврупа халқлари ёзувини олайлик. Асоси бир хил – лотин ёзуви, лекин ҳар бир миллат унинг ҳар бир ҳарфини бошқа-бошқа товушни ифодалаш учун қўллайди. “А” ёзуви кимдадир айнан “а” товушини ифодаласа, кимдадир “э”, кимдадир “о”, кимдадир “и”, кимлардадир яна бошқача товушларнинг белгиси ҳисобланади.
Бу маънода боқсак, араб ёзувига асосланган эски туркий ёзув ҳам ранг-баранг турк тилларининг барча товушини мукаммал ифода эта олар эди дея олмаймиз. Лекин унда, ҳеч бўлмаганда, барча туркий шеваларни бирлаштира оладиган бир имкон, бир куч бор эди. Ўғиз – қипчоқ – қорлуқ гуруҳларида “т – д”, “ч – ж” “п – б” каби айрим бошқачаликни истисно этганда, шевалар бир-бири билан асосан унли товушларда фарқланади. Араб ёзувида эса, қисқа унли товушлар ёзувда ифодаланмайди! Яъни, ҳар бир шева “бўш ўрин”га ўзининг товушини қўйиб ўқиб кетаверади. Аҳмад Яссавий, Юнус Эмро, Алишер Навоий, Фузулий, Махтумқули, Абай (ва ҳоказо) каби мумтоз адибларимиз асарларини ўзбек ўзбекча, озари озарийча, туркман туркманча, қозоқ қозоқча, усмонли усмонлича енгилгина ўқиб кетаверганининг бош сабаби шунда!
Ўзимдан қиёс. Татар олими Ризоуддин ибн Фахриддиннинг икки-уч китобини асл нусхада ўқиганман: эски туркийдаги нусхасини бемалол ўзбекчалаб ўқиб кетаверганман, ҳатто муаллиф уни ўзбекча ёзганми деб ўйлаганман! Аммо кирилча ҳозирги замон татар ёзувидаги ўша матнни роса қийналиб, таталаб зўрға ўқий олдим!..
Ҳа, майли, булар асосий мавзуга кириб олиш учун айтилди. Мақсадни аниқроқ тушунишимизга, мавзу ўта долзарб эканини яхшироқ ҳис этишимизга кўмак бериб қолар.
Аслида гап лотин ёзуви асосида қабул этилган ўзбекча ёзувни такомиллаштириш ҳақидадир.
Эскиси илк паллада тўғрироқ танланган эди, кейин уни “тузатамиз” деб атайдан бузишди, яроқсиз ҳолга келтиришди. Ва энди чорак асрдан бери на у ёқли-на бу ёқли бўлиб, аросатда юрибмиз.
Бугун ўша камчиликни тузатишга, ёзувимизни иложи борича тилимизга уйғунлаштиришга, қўлланишга қулай ҳолатга келтиришга ҳаракат бўлаётган экан, назаримда, диққат қилиниши лозим бўлган уч-тўртта жиддий масала бор.
1. Умумий сони кўпайса ҳам, ўзбекона-туркона товушларнинг иложи борича ҳаммасига ҳарф бериш керак! Масалан, ўрта “ў” товушига яқин камида учта товуш бор. Кирилда барини битта “ў” ҳарфи билан ифодаладик ва натижада айниқса мумтоз адабиётимизни тўғри ўқишда ва тўғри англашда анча қийналиб қолдик: “ўт” – майса, ўсимлик; “ўт” – ўтмоқ; “ўт” – олов; “ўлмоқ” – бўлмоқ; “ўлмоқ” – вафот этмоқ; “ўлат” – касаллик...
Бу таклиф айримларга ёқмаслиги мумкин – тил таълимини оғирлаштиради деган баҳоналарини кўп эшитамиз. Аммо, аслида, тилимизни тўла мустақилликка эриштирадиган ҳамда ёнимиздаги қардош турк тиллари билан яқинлаштирадиган жуда муҳим масаладир бу. Масалан, қозоқ қардошларимизда учала “ў”га алоҳида ҳарф берилган. У товушлар ўзбекчада ҳам айнан бор ва фаол ишлатилар эди, лекин туркий халқлар тилини бир-биридан узиш учун мустамлакачи “тилшунос олим”лар ҳаммамизнинг ҳарфларимизни ҳар хил қилиб ишлаб берган.
2. Ўзбекчада худди “нг” товуши каби яна “нғ” товуши ҳам бор ва у мустақил товушдир. Тилимизда ҳамон яшаяпти, лекин уни ифодалайдиган ҳарф берилмаган. Ўзи бу товуш иштирок этган сўзлар кўп, мен ҳозир эсимга келган битта сўзни мисол келтираман: “Қанғли”. Бунга албатта ҳарф керак!
Яна бир масала: “нг” ва “нғ” кўринишда гарчи икки ҳарфдан иборат бўлса-да, аслида улар битта товушдир. Масалан, “онг” сўзида учта ҳарф бор, аслида у иккитагина(!) товушдан иборат – “о” ва “нг” товушлари. “Тонг”да – учта товуш, тўртта ҳарф. Ва ҳоказо.
“нг”ни иккита ҳарф билан ифодалашда энг катта камчилик бўғин кўчиришда кўринади: “бордингиз” сўзи бўғинларга аслида “бор-ди-нгиз” шаклида ажратилиши лозим бўлгани ҳолда доим “бор-дин-гиз” тарзида ажратилади ва бу жуда катта хатодир. Чунки “нг” товуш ўлароқ биттадир, у ўртасидан иккига бўлинмайди!
Шу маънода лотинда бу товушга битта ҳарф берилаётгани ижобий ҳол.
3. Жарангли-портловчи “ж” товуши билан бир оз жарангсиз-сирғалувчи (мас., “аждар”даги каби) “ж” товушини ҳарфларда фарқлаш керак деган фикрларни тўла қўллаб-қувватлайман. Бу – шарт!
Бунда жарангли “ж”ни лотинча “с” ҳарфи билан, жарангсиз “ж”ни “j” ҳарфи билан ифодалаш керак.
4. Ўрисча “ц” товушини қандай ифодалаш ҳақида мунозара очилгани биз учун уят ва ачинарлидир. Ўзбекчада “ц” товуши йўқ ва уни асло киритмаслик керак. Тўғрироғи, ўрис-совет мустамлакаси даврида бошқа бегона товушлар сингари “ц” ҳам мажбуран киритилган эди ва у тилимизнинг табиати бузилишига олиб келди, шунинг учун энди ҳам уни илаштириб олиб юравермасдан ёзма ва оғзаки тилимиздан мутлақо чиқариб ташлашимиз лозим. У йўқлигида минглаб йиллардан бери тилимиз яшаб келди, бундан кейин ҳам усиз яшай олади! “Ц” товушли сўзларсиз кунимиз ўтмайдиган бўлса, унда уни битта “s” ҳарфи билан ифодаласа бўлади. Масалан, турклар шундай қилишга ва тилларининг ўзига хослигини асраб қолишган. Улар бизга ўхшаб чет сўзларни айнан олмаган, балки тилларининг товуш хусусиятидан чиқиб келиб ўзларига қулайлаштириб олишган: биз ўрисларга ўхшаб “лицей” десак, турклар “lisa” дейди ва тўғри қилади. Масалан, мен ўзим неча йиллардан бери тилимиз мустақиллиги йўлида курашиб, “ц”ни кирилда “с” билан ёзиб келаман: “сценарий” эмас, “сенарий” дейман. Эътироз билдиришга шошилманг! Кўзингиз бу сўзнинг ўрисча шаклига ўрганиб қолгану “Нима кераги бор энди уларни ўзгартириб?” демоқчи бўлиб турган бўлсангиз, ҳаяжонга берилманг, ўзингизни босинг, масалага илмий кўз билан боқинг. Кўзингизнинг ва тилингизнинг ёт товушларга кўникиб қолгани мақтанадиган иш эмас, балки ҳар бир мустақил тил қонун-қоидаси нуқтаи назаридан айни кулфатдир. Чунки тил босқинчилиги худди юрт босқинчилиги каби ўта салбий ҳодисадир! Шундан чиқиб келсак, юрт мустақиллигига эришган халқ тил мустақиллигига ҳам эришиши албатта лозим бўлади. Акс ҳолда, тўла мустақилликка эришилмайди.
“Ц”ни “s” ҳарфи билан ифодалаш ҳақида гап очилиши билан айримлар дарров “sex” (ўрисча “цех”) сўзини мисол келтириб, ўзларича жуда катта хато топгандек кула бошлайди. Ҳой барака топкур, биз инглиз тили ё инглиз ёзуви ҳақида гаплашмаяпмиз, ўзбек тили ва ўзбек ёзуви ҳақида гаплашяпмиз. Ўзбекчада битта қаттиқ “х” товушини ифодалайдиган ҳарф қачондан бери инглизчадаги каби иккита “кс” товушини берадиган бўлиб қолди?! Бунақа аҳмоқона мантиқ билан ёндашилса, бошқа тилларда шунақа сўзлар ишлатилади, ўзбекчада уларни айтиш ўта одобсизлик ва уят ҳисобланади! Бировнинг тилидаги ҳодиса бошқасининг тили устидан кулишга асос бўлмаслиги керак. Ҳартомонлама қул бўлиб қолган миллатларгина ўз тилидан кулади.
5. Битта товушни икки ё ундан кўп ҳарф билан ифодалаш тажрибасидан буткул воз кечиш керак! Қўлни олади! Вақтни олади! Жойни олади! Чиқимни кўпайтиради!
Шунинг учун “ш” товушига “ş” ҳарфи, “ч” товушига “ç” ҳарфи олинишини қўллайман!
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар