05:49 / 04.11.2018
8 608

Оддий аскар: «Ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйдим». Майор тилини тишлаб қолди

Оддий аскар: «Ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйдим». Майор тилини тишлаб қолди
Буюк маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур», деган эди.

Албатта, ҳар бир миллатнинг тили, дини, миллий урф-одатлари унинг бой тарихидан сўзлайди, ҳаёт тарзига безак беради. Буюк аждодларига ҳурмат, авлодига эътиборли бўлишга ундайди. Юрт эгаси бўлиб, миллий ғурур билан байроғини баланд кўтаради, мадҳиясини баралла куйлайди.

…Мен 1984-1986 йилларда Германиянинг Лейпциг шаҳрида ҳарбий хизматда бўлганман. Немис тилига қизиққаним учун рота командири муовини Николай Лапшинов тил ўрганишимга шароит яратиб берди.

1985 йил июнь ойи эди. Лонциг полигонида батальоннинг назарий дала машғулотлари ўтказилмоқда эди. Кутилмаганда маҳаллий аҳолидан бир киши келиб жаҳл билан гапира бошлади. Батальон командири майор Скакалин бир эстон аскарга таржима қилишни буюрди. Уни немис тилини билади, дейишарди. Афсуски, эстон тилни яхши билмас экан. Аскар танбеҳ олди. Немис эса тинмай «полицай», «панцер» сўзларини такрорларди.

Шунда ротамиз командири Александр Пушков мени таржима қилишим учун батальон командири майор Скакалиндан рухсат сўради. Командир эса, менинг кимлигимни, қаердан эканимни суриштирди. Менинг қаерданлигимни эшитгач, менга ишончсизлик билан таҳқирловчи гаплар айтди. Бу гаплар оғизнинг бир четидан осонгина чиқди. Лекин мени елкамга оёқ билан тепгандек бўлди. Бошқа миллатлар олдида юртимизни, миллатимизни ерга уриш, камситиш бўлди. У даврда эътирозга ўрин йўқ... Ўн тўққиз ёшли ўзбек аскари буйруқни бажариши керак.

Н.Лапшинов менга ишонгани учун майор Скакалинни кўндирди. Чунки мендан бошқа ҳеч ким тил билмас эди. Лекин майор ўзбек аскарининг таржима қилишини тасаввур қилолмаганиданми, менга олайиб қараб, агар уддалай олмасам, қаттиқ чора кўришни айтиб огоҳлантирди.

Мулоқот учун немиснинг олдига яқинроқ бордим. Ҳамманинг кўзи менда. Аввал немис билан саломлашдим ва шошилмай гапиришни сўрадим. Айтишича, бир танк унинг мевазор боғига кирган, сабзавотларини пайҳон қилган, икки солдат олма, гилосларни шохи билан синдириб олишган. Немис эса у аскарларни кўринишини эслаб қолган, уларни топиб, полицияга шикоят қилмоқчи экан. Шунинг учун аскарларни бирма-бир кўриб чиқишини сўради.

Қизиқ томони шундаки, немис киши менинг Ўзбекистондан эканимни билгач, бирдан марҳум отаси сайёҳ сифатида Тошкент, Самарқандга борганини, қовун ушлаб расмга тушганини қувонч билан эслади. Муомаламиз яна анча илиқлашди. Суҳбатимизга ҳамма ҳавас билан қараб турарди. Бу мени руҳлантирарди.

Бу ҳолатни ғаш олибми, майор менга таржима қилишни буюрди. Шунда миллий ғурурим қўймади, оддий оҳангда: таржима қилолмайман, русчани яхши билмайман, дедим. Ҳарқалай, таржима қилолсам-да, атайин терс туриб олдим. Сабаби, мен ҳам бир гердайиб, ўзбекнинг кимлигини, ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатмоқчи бўлдим.

Бу катта масъулиятли иш эди. Ҳеч иккиланмай таклиф билдириб, хизматдошим русча биладиган рота комсорги андижонлик Ҳамид Зокиров ёрдам беришини ва мен немисчадан ўзбекчага, у эса ўзбекчадан русчага таржима қилишини сўрадим.

Майор Скакалин жаҳли чиқса-да, менга ишона бошлади ва бажаришни буюрди.

Ҳамид ҳаяжонда эди. Ўзбекни бир кўриб қўйишсин деб, унга далда бердим... Муаммо ҳал бўлди. Немис мен билан худди қадрдонлардек қучоқлашиб хайрлашди...

Биласизми, бунақа таржима жараёнини кўриб «сиёсий билимли» майор тилини тишлаб қолди. Ҳозиргина у назар-писанд қилмаган икки ўзбек аскари немис ва рус тилининг билағони сифатида ўзларини кўрсатиб қўйишди.

Немисча гаплар ўзбекчага, ўзбекчаси эса русчага аниқ ва лўнда қилиб таржима қилинди. Албатта, ўзбек тили — она тилимиз асосий боғловчи бўлди. Ўшанда танамга сиғмай ғурурланганман.

Майор Скакалин айтган гапидан уялди чоғи, «энди сен бизнинг таржимонимизсан» деб, рус ва немис тилини ўрганишим учун шароит яратиб берди. Зарурат бўлганда, хизмат охиригача немислар билан мулоқотда таржимонлик қилдим.

Бу воқеани доим завқ ва ҳаяжон билан эслайман, чунки ўша даврда ўзбекнинг кимлигини билмаганларга билдириб қўйгандик. У вақтларда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини, юртимиз мустақиллигини ҳеч ким тасаввур қилолмасди.
Ғафуржон ЙЎЛДОШЕВ

Манба: "Оила даврасида"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оддий аскар: «Ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйдим». Майор тилини тишлаб қолди