Япония илм-фан дунёсида тарихий воқеа юз берди: бугунга қадар бирор мамлакат амалга оширмаган ишга қўл урилди. Киото университети олимлари томонидан яратилган, тиш ўсишини рағбатлантирувчи илк дори воситасининг клиник синовлари бошланди. Бу жараён тиббиётда мутлақо янги саҳифа очиши мумкин, деб ёзди маҳаллий нашрлар.
Синовларнинг янги босқичи 2024 йилда бошланган тадқиқотнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бу гал 30 ёшдан 64 ёшгача бўлган 30 нафар эркак иштирок этмоқда. Олинган натижалар келажакда нафақат стоматология соҳасини, балки бутун тиббиётдаги ёндашувларни ўзгартириши эҳтимол қилинмоқда.
Янги ишланманинг асосида йиллар давомида олиб борилган изланишлар ётади. Олимлар USAG-1 деб номланган махсус антитанани ўрганиб чиқдилар. Маълум бўлишича, айнан шу антитана сутемизувчиларда тишнинг ўсишини чеклаб қўяди. Киото университети мутахассислари USAG-1 билан суяк морфогенетик оқсили (BMP) ўртасидаги ўзаро таъсирни блоклаш йўлини топди. Бу жараён тиш тўқималарининг яна тикланишига, яъни янги тишларнинг ўсишига замин яратади.
Технологиянинг асоси эса тиббиётда аллақачон синовдан ўтган ва хавфсизлиги тасдиқланган усул – моноклонал антитаначалардан фойдаланишдир. Бугунгача бу усул асосан онкологияда, яъни хавфли ўсмаларга қарши курашда кенг қўлланиб келинган эди.
Янги дори воситаси қон томири орқали танага юборилади. Олимлар ҳайвонлар устидан ўтказилган тажрибаларда унинг хавфсизлигини исботлаб берганлар. Шу боис клиник синовларни инсонларда бошлаш учун ҳуқуқий ва тиббий асос яратилган.
Китано шифохонасининг стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги бўлими мудири, профессор Катсу Такаҳаши шундай деди:
«USAG-1 блокировкаси тиш чиқишига туртки беришини аввалдан билардик. Эндиликда энг муҳим савол — бу жараён тўлиқ регенерацияга, яъни янги тишларнинг тўлиқ шаклланишига олиб келадими-йўқми. Биз энди қўлимиздан нима келишини амалда кўрсатишимиз мумкин».
Агар синовлар муваффақиятли ўтса, 2026 йилдан бошлаб олимлар туғма адентиядан — яъни тўртта ва ундан кўп тиши бўлмаган болаларни даволашни режалаштирмоқда. Бу эса стоматологияда инқилобий қадам бўлиши мумкин.
Пировард мақсад эса янада улкан: 2030 йилга қадар кенг омма учун ҳамманинг фойдаланиши мумкин бўлган тиш қайта чиқишига ёрдам берувчи дори воситасини ишлаб чиқиш. Агар бу мақсад амалга ошса, тиббиёт тарихида мутлақо янги давр бошланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!