14:45 / 07.02.2019
4 844

Айбдорлик ҳиссидан мажруҳ болалар

Айбдорлик ҳиссидан мажруҳ болалар
Супермаркет расталарини айланиб юргандим. Онасининг ортидан келаётган 4-5 яшар болакай пештахтада чиройли қилиб териб қўйилган ширинликларга хаёли кетибди чоғи, олдиндан келаётган аёлга қоқиниб кетиб, йиқилди. Кутилмаганда она боласини турғизиб, “кўзингга қарасанг ўласанми? Ифлос, мол!” дея ҳақоратлаб кетса денг...

“Онамдан хафа бўлиб кетдим”
Одамзоднинг феъли ғалати-да, яхши ишниям, ёмон ишниям ўз хоҳиши билан бажаради, яхши-ёмон гапни ҳам ўз оғзи билан гапирадию, кейин “бу қандай содир бўлди?!”, “бу гап қаердан чиқди?” деб атрофидагиларга иддао қилади. Бола тарбиясида ҳам худди шу ҳолатга гувоҳ бўламиз. Жаҳлимиз чиқиб, ғазабимиз тошганида ҳам аламимизни болаларимиздан оламиз. Оғзимиздан учаётган сўзларнинг маънисини мулоҳаза қилмаймиз болаларимизга ғазабимизни сочаётганимизда; уларни ҳар хил ҳайвону жониворларга ўхшатиш билан ўзимизни ҳақоратлаётганимизнинг фаҳмига бормаймиз.

- Ишдан уйга қайтсам, тўрт яшар қизчам пешвозимга чиқиб оёғимдан қучди, - дейди ёш ота. - “Дадажон, сиз билан аям эшакмисизлар?” дейди. Ҳайрон бўлиб “нега ундай дейсан, қизим?” десам, “Бувим мени доим “ҳе, эшшак!” дейдилар-да. Мультикда эшакни боласи эшакча бўлиб туғилади-ку...” деди кўзчаларини пирпиратиб. Қизчамга қандай жавоб беришни билмай, тилимни тишлаб, музлаб қолдим. Сочига оқ тушиб, ҳаёт паст-баландини кўрган бўлса-да, фаҳми ҳаминқадарлигича қолган онамдан хафа бўлиб кетдим...

Бола кўнгли билан ўйнашаётганлар
Боланинг олдида оғзимизга тўғри келган гапни бемалол гапирамиз, биров “бола бор а?” дегандай маъноли имласа, бепарвогина қўл силтаймиз: “Э, тушунмайди у, бола-ку!..”Аслида болалар биз ўйлаганчалик “бола” эмас. Уларнинг хотираси яхши-ёмонни бирдай сақлаб қолади. Қолаверса, бола кўнгли билан ўйнашиб бўлмайди. Меҳр-муҳаббат билан парвариш қилинмаган бола қалби қаттиқ бўлиб улғайиши ҳақида кўп гапирилади. Ҳақорату қарғишлар ичида ўсган бола ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бугун мурғаккина гўдакни “ифлос, мол” деб ҳақорат қилиб, эртага ундан “Онажон, аҳволингиз яхшими? Мана бу рўмолни сизга олдим, қани, бир ўранг-чи” деган илтифот кутишни ақлингизга сиғдира оласизми? Келинг-чи, шу болангиз атрофидагилардан уялиб ёки китобларда такрор келтириладиган “она –муқаддас зот” деган фикр тушунчасида сизга меҳр-мурувватли бўлди ҳам дейлик, аммо болалигидаги ҳақоратлар наштаридан қолган қалб чандиғи битиб кетишига ишонасизми?!..

Болапарварлик - муҳаббатми ё мажбурият?
Фарзанд тарбияси, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабат, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат тушунчалари хусусида кўп мулоҳаза юритганмиз. Ўзбек элига хос миллий қадриятларнинг аксарияти фарзанд ва ота-она муносабати асосига қурилган. Халқимизга хос фазилатлар аввалида оилапарварлик ва болажонлик туради. Аммо болапарварлик хусусияти айримларда чин дилдан эмас, шунчаки риёкорлик ёки мажбуриятга ўхшаган нарсадек туюлади. Баъзан эса болаларга бир-бирининг кўнглига, орзу-ҳаваси, дунёқарашига мутлақо бегона бўлган икки одамни бир том остида сақлаш “мажбурият”и юкланади. Изоҳимиз ҳам тайёр: “Болаларим учун шу аёлга чидаб келяпман!” ёхуд болаларга қарата: “Сенларни деб шу оталаринг билан умримни ўтказяпман!” Мурғаклигиданоқ болани айбдорлик юки билан мажруҳ қиламиз. Эътиборсизлигимиз туфайли йўл бошидаёқ синган боламиз, катта бўлиб бирор жўяли ишнинг бошини тутолмаса тағин тилимизни тиймаймиз: “Ҳе, одам бўлмай кет-а! Шуниям эплолмадингми?!” ёки бўлмаса “Отангдан ўзиб қайга борардинг?! Отанг-ку ёшлигимни хазон қилди, энди сен қариганимдан куйдирасанми?!”..

Болангизга қачон китоб совға қилгансиз?
Афсуски, айримларимиз мол-дунёимизни, ҳа, ўша топиладиган мол-дунёимизни ҳам фарзандларимиздан устун қўямиз. Йўқ, деб кўринг-чи? Оғилдги мол-қўйингиз йўталса, “Бор, чоп, оғилга қара, кўзларинг қаерда сенларни?! Нега мол йўталади? Бирор нима томоғига тиқилдими? Совуқ кунда сувни илитиб берларинг деганман-ку!” деб болаларга ғазабингизни сочасиз. Лекин фарзандларингиздан бири йўталса парво қилмайсиз: “Ҳа, йўталяпсан, совуқ сув ичдингми? Музқаймоқни кўпроқ егин, хўпми?..” Шунга ўхшаган кўз илғамас, аммо кўнгилга оғриқ соладиган ҳолатлар кўп дуч келамиз. Мени ўйлантирадигани – кўпчилигимиз фарзандларимизнинг моддий таъминоти учун сарфлаётганимизни болага нисбатан эътибор ва меҳрга менгзаймиз. “Мана, болаларим учун ҳамма нарсани тўкис қилиб қўйдим! Бундан ортиқ қандай эътибор берай?!” Майли, фарзандларингизнинг келажак ҳаёти учун бекаму кўст шароит яратиб қўйган бўлсангиз, барака топинг, лекин унутманг, сиз ота-онасиз ва болаларингиз учун қўлингиздан келганини қилишга мажбурсиз. Қолаверса, фарзандингиз учун моддий таъминотни тўкис қилиш билан оталик ё оналик ҳақингизни буткул адо қилган бўлмайсиз.

Қани, айтингчи, қачон маош олганингизда китоб дўконига кириб атай фарзандингиз учун яхши бир китоб харид қилдингиз? Қачон иш, чойхона, “гап”га ўхшаган овқатхўрлик маросимларидан вақт ошиниб, фарзандларингиз учун уйингизда китобхонлик кечаси ўтказдингиз? Ҳеч бўлмаса, ойда бир марта болаларингиз билан бирга ўтириб бирор тарихий фильм томоша қиласизми? Болангизнинг яхши кўрган китоби қайси, ҳавас қиладиган қаҳрамони кимлигини биласизми? Йилда бир маротаба бўлсин фарзандингиз билан етаклашиб музей, театрга борганмисиз?..

Эришиш учун туҳфа қилиш керак
Бугун фарзандингизни “ифлос, мол, эшшак, ҳароми” деган илон эшитганда пўст ташлайдиган ҳақоратлар билан “тақдир”лашингиз, ҳавас билан қўлига китоб олиб варақлаётган болангизга “Тур, йўқол, молга қара, ўт юл, қўйни суғор, текинхўр! Китоб сенга нон берармиди, китобингга ўт тушсин” деб ўшқиришингиз билан ўзингизни қарилик роҳат–фароғатидан, фарзандлар камолидан маҳрум этаётганингизни яна бир бор эслатиб қўйдик. Кексайганда меҳрга зор бўлмай десангиз, бугун мурғак болаларингиз қалбига меҳр уруғларини қаданг.

Дарвоқе, уйингизни, бағрингизни қувончга тўлдириб юрган болангизга бола деб эмас, ИНСОН деб қарасангиз, улғайганида ундан кутаётганларингизга тўкис эришишингиз мумкин...
Кубро БУЮК

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Айбдорлик ҳиссидан мажруҳ болалар