18:10 / 20.02.2019
4 200

Замонавий психологиянинг аҳволи ёхуд итлар устидаги тажриба фойда бердими?

Замонавий психологиянинг аҳволи ёхуд итлар устидаги тажриба фойда бердими?
Сарлавҳага қараб мени психологияга қарши экан деб ўйламанг. Аксинча, мен психологияга жуда ҳам қизиқаман ва яхши кўраман. Инсон хатти-ҳаракати сабаблари хусусида ўйлаш, хатти-ҳаракатларини ўрганишни яхши кўраман. Аммо психологиядан ҳам ўқиш ва ўқиганларимни мулоҳаза қилишни кўпроқ яхши кўраман.

Сичқоннинг пишлоқ топиш учун ғайрат қилгани ва бу ғайратни мулоҳаза қилиб, инсон руҳиятини ўрганишга чоғланган ғарб пишлоққа эришиш муваффақият ёки бахт деб билгани учун пул топишни бахт деб билди. Лекин пул одамни бахтли қилмади. Агар пул инсонни бахтиёр қилганида бугун ғарбда ҳар бир оиланинг шифокори, адвокати ва ўз психологи бўлмасди.
Инсоннинг феъл-атворини ўрганиш учун сичқонлар устида тажриба ўтказилсин, демайман албатта. Аммо бахтли бўлиш учун оғзига пишлоқ қўйиш ўрнига, чўнтагига пул қўйиш ғарбни бахтиёр этмади. Бахтсизликларини, ғамга чўкиб бораётганини яшириш учун доридан “ёрдам” истаётганлар сони кундан кунга кўпайиб бораётган экан, замонавий психология авал ўзини тафтиш қилиши керак эмасмикан? Ғарб маданияти билан бойитилган психология ҳам бировни бахтиёр қилолмаяпти.

Замонавий психология деганда хаёлга келадиган исмлардан бири — Павлов ва унинг машҳур тажрибаси. Павловнинг итлар устида ўтказган тажрибалари билан “шартли рефлекс” тушунчасини бутун дунёга кўрсатган ва қабул қилдирган ғарб “итфеъл” одамларнинг кўпайишига тўсиқ бўлолмади. Итнинг хусусиятларидан келиб чиқиб ўтказилган таҳлиллар, инсон итдай қадр кўрмаган ғарбни маҳрумликдан қутқаролмади.

Инсоний фазилатларини йўқотган, фарзандли бўлишдан кўра кучук боқишни афзал кўрган кимсалар сонини озайтириш учун қанчалик ҳаракат қилсаларда, бунга эришмаяптилар, афсуски. Демак, замонавий психологияни яхшироқ таҳлил қилишга тўғри келади.

“Бахт нима?” деган саволга европалик қандай жавоб қилади?

Худбинлик нуқта назаридан бахтиёрликни “Қўлга киритиш”, “Эришиш”, “ҳаммадан кўпига эришиш” қарашлари устига қуришга уринишсада, бахтли бўлишмаяпти. Шарқлик инсон учун бахт “худбинлик ва қўлга киритиш” тушунчаси эмас. Меҳмоннавозлик, дея эътироф этадиганимиз “баҳам кўриш” туйғусини ғарблик асло тушунмайди. Бахтли бўлиш учун баҳам кўришни билиш кераклигини уларга қандай тушунтирамиз?

“Менга жаннат ва жаҳаннамни тушунтириб беринг!” деган саволга дуч келган донишманд, ёш йигитчани бир хонага етаклаб киради. Хона ўртасида узун хонтахта қўйилган экан. Хонтахта атрофида одамлар рўпарама рўпара ўтиришибди. Ҳар бирининг олдида бир косадан шўрва, қўлларида бир метр узунликдаги қошиқ. Ҳамма узун қошиқлар билан шўрва ичишга урингани учун, ҳар томонга овқат тўкилиб-сочилиб ётибди. Хонтахта устига ҳам, одамларнинг кийим–бошига ҳам қараб бўлмасмиш. Донишманд йигитга хонани кўрсатиб: “Бу ер жаҳаннам, болам, чунки одамлар фақат ўзини тўйдиришни истайди” дебди.
Кейин йигитчани етаклаб бошқа хонага борибди. У хонада ҳам биринчисиникидек манзара. Хонанинг ўртасида узун хонтахта, одамлар юзма-юз ўтиришибди. Ҳамманинг олдида шўрва, қўлида эса узун қошиқлар. Фақат бу ердаги одамлар қошиғи билан қаршисидаги инсонга шўрва ичираётган экан. Донишманд йигитга қараб: “Ўғлим, бу ер эса жаннат, одамлар муаммоларини баҳам кўриш билан ечим топишяпти ва бир-бирини тўйдиришяпти” деган экан.

Ҳикоянинг бошқача вариантларини ўқигандирсиз. Аммо қиссадан ҳисса айни: Бахт — кўп нарсага эришиш эмас, қўлидаги имкон ва фурсатларни бошқалар билан баҳам кўришда. “Бахтли бўлиш учун бошқаларни ҳам бахтиёр қилинг!” деган жумлани ғарбликка қандай ўргатиш мумкин?!

Бахтни тушуниш, тушунтириш, таърифлаш ҳақиқатдан ҳам қийин. Лекин ҳаммамиз вақти-вақти билан ҳис қиладиган, лекин фарқига бормайдиганимиз бир туйғу бор. Баъзан бировга яхшилик қилсангиз, у кўзларингизга миннатдорона термулиб ташаккур билдиради. “Вой, ҳеч нарса қилганим йўқ-ку!” деб миннатдорчилигига жавоб берганимизда қалбимизда лаҳзалик бўлса-да гўзал бир ҳиссиётни ҳис қиламиз. Менимча, бахт мана шудир!

Эҳтиёжманд оиланинг фарзандига пойабзал олиб бериш — бахт.
Бемор зиёратига бориб, “Аллоҳ шифо берсин!” дейиш — бахт.
Транспортда бирор ёши кексага жой бериб дуо олиш — бахт.
Қайғуда қолган дўстинг оғир кунида ёнида бўлиш — бахт.
Фарзанди контрактда ўқийдиган қариндошга моддий ёрдам бериш — бахт.
Иккита нон билан яқинлар ҳолидан хабар олиш — бахт.
Ҳамкасбларингизни ширинлик билан сийлаш — бахт.
Бахт ва қувонч сонини узоқ санаш мумкин.

Мушоҳада қилишимиз керак бўлган кўп нарса бор. Айниқса ғарб жуда кўп саволларига жавоб топиши керак. Технология ва илм-фан борасида илгарилаб кетишаётган бўсада, ҳануз бахтли эмаслар. Қаерда, қандай хато қилишганини афсуски, билишмайди.

Хуллас, замонавий психология ғарбни бахтли қилолмади, бизни қандай бахтли қиларди? Бизни ўз тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиздан бошқа ҳеч нарса ёруғликка олиб чиқолмаслигини тушунсак, бахт — узоқда эмас, ичимиздалигини ҳам тушунган бўлардик. Бахтли бўлиш учун узоққа кетишнинг кераги йўқ, ўзингизга келсангиз бўлди!
“Стрес ва иймон” китобидан
Умида АДИЗОВА таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Замонавий психологиянинг аҳволи ёхуд итлар устидаги тажриба фойда бердими?