
Канада Миллий судьялар институтининг суд тизими масалалари бўйича бош мутахассиси Адель Кент бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Адель Кент Судьялар олий мактабида ўтказилган семинар доирасида Kun.uz нашрига замонавий судьялар қандай бўлиши кераклиги, аёл-судьялар ҳамда онлайн-таълимни жорий қилишда нималарга эътибор қаратиш кераклигига доир интервью берди.
- Ўзбекистонда қатор соҳаларда онлайн-таълим жорий қилинмоқда, бу бизнинг мамлакат учун ўзига хос янгилик. Шундай экан, онлайн-таълимни жорий қилишда нималарга эътибор қаратиш керак ва таълимнинг бундай шакли Канадада қанчалик самарали ҳисобланади?
- Бу жуда қизиқ савол, зеро айни дамда биз Канадада нисбатан мураккаблаштирилган таълим тизимига ўтиш босқичидамиз. Ўзбекистонда тизим қандай билмадим-у, Канадада биз айнан суд этикаси масалаларига оид подкастлардан фойдаланишни тизимга киритишни тавсия қиламиз. Бу видеокастлар ва подкастларни ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Улар қисқа бўлиб, кўп вақт талаб қилмайди. Ҳар қандай судья тушлик вақтида ишида танаффус қилиб, видеони кўриши ва баъзи масалаларни таҳлил қилиши мумкин.
- Сизнинг фикрингизча, замонавий судьялар қандай сифатларга эга бўлиши керак?
- Шубҳасиз, судья қонун, ҳуқуқ ва юриспруденцияни яхши билиши керак. Шу билан бирга, у ижтимоий контекст масалаларидан хабардор бўлиши лозим, яъни судья ўзининг шахсий ҳаётий ёки ижтимоий тажрибасига эга бўлиши мумкин, унга мурожаат қилувчи ёки суд жараёнида иштирок этувчиларнинг ҳам ўзига яраша ҳаётий тажрибаси бўлади, судья ана шундай омилларни ҳисобга олиши керак. Бундан ташқари, судья одамлар билан мулоқот қилиш бўйича эксперт бўлиши муҳим, у мулоқот кўникмасини яхши ўзлаштириши даркор.
- Канадада аёл судьяларнинг ўрни ва уларнинг бу касбга бўлган муносабати қандай?
- Сўнгги вақтларда Канадада аёл судьялар сонининг ошиб бораётгани кузатилмоқда. Аниқ статистикани келтира олмайман-ку, лекин 50 фоиз кўрсаткичга етишни мақсад қилганмиз ва бунга яқинлашяпмиз. Шахсан менинг фикримча, аёл киши худди эркак каби судья бўлишдан манфаатдор.
Маълумот учун: Канада Миллий судьялар институти (NJI) - Оттава шаҳрида жойлашган. NJI - 1988 йилда асос солинган мустақил, нотижорат ташкилот, Канада бош судьяси раислигидаги бошқарув. Тахминан 50 нафар ходим ишлайди. Бюджети - 9 миллион доллар атрофида. Тўрт департамент - Таълим, Молия, Операцион ва Халқаро департаментга эга.
Лола Рахманбаева
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар