"Қўйлиқ" ва "Чорсу"даги мардикор аёллар ҳақида

  • 30 март 2019, 07:35
  • 1 874
  • Жамият
  • "Қўйлиқ" ва "Чорсу"даги мардикор аёллар ҳақида
    Тирикчиликнинг янги-янги усуллари, йўлларини излаш одамзотга хос хусусият. Шу маънода ўз мамлакатидан четга чиқиб ишлаш жараёни дунё аҳли учун янгилик эмас. Аммо бугун хорижда эмас, турли вилоятлардан келиб пойтахтимизда ишлаётган ҳамюртларимиз, хусусан, аёллар ҳақида фикр юритмоқчимиз.

    Ҳар бир аёл давлат ҳимоясидами?
    2018 йил 15 июль куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан «Бизнинг жамиятда ҳар бир аёл давлат ҳимоясидадир!» шиори остида вилоятлардан иш қидириб Тошкент шаҳрига келган «Қўйлиқ» ва «Чорсу» бозорлари атрофидаги норасмий ёлланма ишчилар тўпланадиган жойлардаги хотин-қизлар билан учрашув ташкиллаштирилган эди. Сайёр қабулда 130 нафар аёл ва 20 нафар мурожаатчи иштирок этган. Аёлларнинг ёрдамга муҳтож қатлами билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева шахсан учрашиб, муаммоларини ўрганган.

    Хўш, нима учун мамлакатимизнинг турли вилоятларида норасмий тарзда шаклланган кунлик ишловчилар тўпланадиган ҳудудлар ҳамон аёллар билан гавжум. Афсуски, у ерда мунғайиб, иш қидириб юрган хотин-қизларнинг сони камаяётгани йўқ...

    «Иш бор, маоши оз-да!»
    2019 йилнинг 15 март куни пойтахтимизнинг «Қўйлиқ» (100 га яқин аёллар) ҳамда «Чорсу» (50 нафарга яқин) бозорларидаги кунлик ишловчи аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоси нимада экани билан қизиқдик.

    Биринчи манзил «Қўйлиқ» (Вақтинчалик иш билан таъминлаш маркази атрофи). Бу ер ҳар доимгидек норасмий ёлланма ишчилар билан гавжум. Улардан бири эътиборимизни тортди. Ширмоной Абдунабиева Тошкент вилояти Бекобод туманидан келган, ёши 45 да. Унинг икки нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи уй-жойини сотиб юборгач, қонуний ажрашган. Фарзандлари билан кўчада қолган аёлга туғишган укаси ўзининг ўғиллари учун олиб қўйган уйини вақтинчаликка берди. Яшаётган хонадони омонат. Шу боис у мана шундай шароитда ишлашга мажбур. Ш.Абдунабиева кунлик қора меҳнат орқасидан 40-50 минг сўм пул топиб, фарзандларига юборади. Ўзи эса пойтахтда кўп қаватли уйларда ижарада яшайди. Унинг айтишича, Бекобод туман ҳокимлигига уй-жой ҳамда иш билан таъминлаш масаласида бир неча маротаба мурожаат қилган. Бандликка кўмаклашиш марказидагилар 300 минг сўмлик ойлик маошли ишни таклиф қилишган. Ш.Абдунабиева эса бу маош камлиги боис, оиласини иқтисодий таъминлашга етадиган ойлик берувчи ташкилотда ишлаш ниятида.

    Тўрт яшар қизча нега сарсон?
    Навоий вилоятидан келган Нигора Жумабоева 24 ёшда. У ҳам бир нафар қизи билан ажрашган. Болалар боғчаси қандай бўлишини тушида ҳам кўрмаган қизалоқ баъзида (энагасиз қолса) онасининг этагига ёпишиб, сарсон бўлиб юришга мажбур. Н.Жумабоеванинг касби ҳамшира. У шу ёшгача бирорта ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Ҳаттоки, хотин-қизлар дардини эшитувчи, муаммосини ҳал қилувчи ташкилотлар борлигидан ҳам бехабар.

    «Ўғлимни даволатишга пулимиз йўқ!»
    Иккинчи манзил пойтахтимизнинг «Чорсу» бозори атрофидаги норасмий кунлик ишловчилар тўпланадиган ҳудуд атрофи.

    — Хўжайиним мардикорлик ортидан уч-тўрт сўм маблағ топиб, уйга юбориб турганди, — дейди Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани «Янгиобод» маҳалласида яшовчи Гулнора Худойқулова. — Қишлоқда болаларим тарбияси билан бандман. Бироқ кенжа ўғлимни даволатиш учун маблағимиз етмаётгани боис шу ерга келиб ишлаяпман. 1 мартдан шу кунгача хўжайиним иккимиз 900 минг сўм маблағ йиғиб уйга юбордик. Онаман ахир, фарзандларимни бировдан кам бўлиб ўсишини истамайман. Агар қишлоғимизда ҳам хотин-қизлар учун муносиб иш ўрни яратилса бегона жойларда иш излаб сарсон бўлмасдик.

    Хонадонларда, кафе ва ошхоналарда, ҳаттоки, далаларда ҳам ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилаётган бундай аёллар тақдирнинг турфа чалкашликларидан безор бўлганини, бошқалар каби бахтли яшашни исташларини айтишди.

    Хотин-қизлар қўмитаси нима дейди?
    «Қўйлиқ» бозоридаги хотин-қизлар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг аксарияти Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидан келганига гувоҳ бўлдик. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган рейдлар давомида ҳам бошқа туманларга қараганда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан келган хотин-қизлар кўплиги аниқланган.

    — Тошкент шаҳридаги ёлланма ишчи бозорларида ўтказилган рейдларнинг 2018 йил июль ойи натижасида Бешариқ туманида яшовчи ва пойтахтга ишлаш учун чиқиб кетган хотин-қизлар борлиги аниқланиб, уларнинг бир нечтаси яшаш манзилларига қайтарилиб, иш билан таъминланди, — дейди Бешариқ тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулчеҳра Йўлдошева. — Жумладан, «Бахмал» маҳалласида истиқомат қилувчи бир нафар фарзанднинг онаси Феруза Рўзиқулова маҳалла томонидан ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишига жойлаштирилди. «Шайтонкўл» маҳалласида яшовчи Жамила Омонованинг оилавий шароитини ўрганиш натижасида уй-жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди. «Навбаҳор» йиғинидаги Файзобод кўчаси, 31-уйда доимий рўйхатда турувчи Гулшода Давронова эса ўз мутахассислиги бўйича 35-МТМга тарбиячи вазифасига ишга жойлаштирилди.

    Ҳар қанча чиройли гапларни гапирмайлик, баландпарвоз сўзларни сўзламайлик, тирикчилик, етишмовчилик эътиқодни сусайтириши мумкин. Кунлик ишловчи хотин-қизларга ҳамма иш берувчилар ҳам яхши муносабатда бўлади, деб бўлмайди. Уларнинг соддалиги, ҳақ-ҳуқуқини билмаслигидан фойдаланиб қолувчилар ҳам топилади. Албатта, Ўзбекистонда иш ўринлари кўп, бироқ ишсиз юрган фуқароларни ўша иш бор жойлардаги ойлик маоши ёки шароити қониқтирмаётгани аниқ. Нима бўлганда ҳам мутасадди ташкилотлар хотин-қизларнинг муаммосини ҳал этиш чорасини кўришлари зарур.

    Манба: mahalladosh.uz

    » » "Қўйлиқ" ва "Чорсу"даги мардикор аёллар ҳақида