23:44 / 24.04.2019
3 750

Йўл ҳаракатининг биз билмаган қоидалари

Йўл ҳаракатининг биз билмаган қоидалари
Тошкент шаҳрида 2019 йилнинг дастлабки 3 ойида 201 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. ЙТҲ оқибатида 18 киши ҳаётдан кўз юмган, 234 нафар фуқаро эса турли даражада тан жароҳатини олган. Ўтган йилгига нисбатан ЙТҲ сони 35 фоизга камайган. Ҳалок бўлганлар миқдори ўтган йилгига нисбатан 51 фоиз, жароҳатланганлар эса 38,7 фоизга пастлаган, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов Kun.uzʼга берган интервьюсида.

3 ой ичида 18 нафар инсон ҳаётдан кўз юмса, бир йилда кўрсаткич 72 нафарни ташкил қилади. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда? Ўлим кўрсаткичини кескин камайтириш имконияти борми? ЙТҲларни олдини олиш учун йўловчи ва ҳайдовчилар қандай чораларни кўриши керак? Саволларга Акмал Юнусов батафсил жавоб берди.

Пиёдалар учун зарурий қоидалар:
Ҳушёр бўлиш. Кўчага чиққан йўловчи ҳаракат иштирокчисига айланади. Шунинг учун атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан эътиборли бўлиш керак. Йўлни кесиб ўтаётганда қулоқчин тақиб мусиқа тинглаш, видео томоша қилиш, китоб ўқиш қатъиян тақиқланади. Бунга нима учун амал қилиш керак? Светофор қизил чироғини кўрган ҳайдовчи ўз-ўзидан тўхтайди-ку, дегувчилар бор. Қоидага амал қилмайдиган ҳайдовчилар ҳам борлигини ҳисобга олиш лозим. Ҳушёрлик ҳар икки тарафдан бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ёрқин кийим. Кечқурунлари ҳайдовчилар пиёдаларни пайқамай қолишади. Бу ҳам ЙТҲ содир бўлишига олиб келади. Айниқса, мактаб ўқувчиларига нур қайтарувчи оч рангли кийимларни кийиш тавсия этилади. Шунда ҳайдовчи узоқдаги пиёдани кўра олади ва тезликни камайтириб эҳтиёт чораларини кўради.

Жамоатчилик назорати. Ён-атрофда йўл қоидасини бузаётган пиёда ва йўловчиларни кўрганда бунинг нотўғри эканлигини қоидабузарнинг ўзига айтиш ёки ҳуқуқ органларига хабар қилиш керак. Жамоатчилик назорати кучсизлиги ўлимлар сонини кўпайтираверади. Шунингдек, такси хизматидан фойдаланаётганда ҳайдовчидан меъёрдаги тезликда ҳаракатланиш, ҳимоя камарини тақишини талаб қилиш орқали ўз хавфсизлигимизни таъминлаган бўламиз.

Шахсий намуна бўлиш. Ҳар бир фуқаро кўчада ўз хатти-ҳаракатини назорат қила олиши лозим. Фарзандлари билан автомобилда ёки пиёда кетаётган фуқаро ҳимоя камарини тақмаса, кўчанинг белгиланган жойидан ҳаракатланмаса, бу ҳолатлар яна давом этаверади. Катталар ёшларга намуна бўлиши керак.

Ҳуқуқий онг. Йўл ҳаракати қоидаларини билиб қўйиш зарар қилмайди. Соҳада бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлардан бохабар бўлиш.

Ҳайдовчининг мажбуриятлари:
* Йўлга чиқишдан олдин автомобиль техник созлигини текшириш;

* Автомобиль салони тўлиқ жиҳозланган (тиббиёт қутиси, ёрқин рангли камзул ва бошқа керакли буюмлар) бўлиши лозим. Турли сабаблар билан йўлда автомобиль бузилиб қолганда камзул кийиб олиш ҳайдовчини хавфдан сақлаб туради;
Йўл шароити ва об-ҳавони ҳисобга олиш;

* Автомобилдаги йўловчиларга йўл қоидаларини тушунтириш лозим. Масалан, ойнадан фақат қўлни чиқариш мумкинлиги, эшикларни мустаҳкам ёпиш кераклиги;
Ҳуқуқий билимни ошириш. Ҳар бир ҳайдовчида йўл ҳаракати қоидалари китобчаси бўлса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлардан ҳам хабардор бўлиб туриш;

Тезликни меъёрида сақлаш. Ҳозир шаҳар кўчаларида 70 км.дан ортиқ ҳаракатланиш тақиқланган. Ҳайдовчи пиёдалар йўлакчаси ва серқатнов жойга етиб келганда ўртача тезлик (70 км дан паст)да келиши керак. Ҳисоб-китобларга кўра, 70 км. да келаётган автомобиль тормозни босгандан кейин 56 метр ўтиб тўхтайди.

ЙТҲ сонини қисқартириш учун нима қилиш керак?
Таълим. Афсуски, бу соҳада камчиликлар талайгина. Ҳозир фақат бошланғич синфларга 8 соатлик йўл ҳаракати дарслари киритилган. 2018 йил 18 августда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 701-сонли қарорига асосан, мактабларда ҳаётий фаолият хавфсизлиги фанини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, ФВВда ўзини тутишни ўргатиш кўзда тутилган. Қарор чиққандан 3 ой ўтиб халқ таълими ва мактабгача таълим вазирлиги уни бажариш бўйича ўз таклифларини тақдим этишлари керак эди. Аммо шунча вақт ўтса ҳамки, ижро таъминланмаяпти. Боғча, мактаб ёшидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини ўргатилмаса, қилинаётган ишлар самара бермайди.

Тарғибот. ОАВ билан ҳамкорлик қилиш, бўлаётган ишлар тўғрисида аҳолига ахборот етказиш, таълим муассасалари, корхона-ташкилотларга бориб тушунтириш ишлари олиб бориш, қўлланма, варақаларни тарқатиш. Бу йўналишга молиявий томондан ёрдам берилаётганлиги туфайли анча жонланиб қолди.

Ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш. Бунда йўлларга етарлича кузатув камералари, фоторадарларни ўрнатиш, йўл патрул хизмати ходимларига хизмат вазифасини тез ва осон бажаришлари учун керакли технологиялар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш. 2018 йил 19 май ойидан бошлаб 3 та қонуний ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Биттаси, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 377-сонли «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори 2018 йил 23 октябрда кучга кирди. Унда жарималар миқдори оширилди, жазо турлари кучайтирилди. Масалан, олдинги қонунчиликка кўра, спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомобилни бошқарган фуқаро 1 йил-у, 6 ойдан 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, энди унга қўшимча равишда янги тартиб бўйича ЭКИҲнинг 25 бараваригача жарима ҳам ундирилади.

Хулоса қилиб айтганда, йўл транспорт ҳодисаси содир бўлишида кичик хато ҳам катта талафотларни келтириб чиқариши мумкин. Энг, аввало, ўзимиз фуқаролик позициямизни билган ҳолда ҳаракатланишимиз керак. Ислоҳотни ўзимиздан бошлашимиз лозим.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Йўл ҳаракатининг биз билмаган қоидалари