
«Фейсбук» қаҳрамонсиз, интернет мавзусиз қолмайди. Сўнгги кунларнинг тренди рус тилига давлат тили мақоми берилиши бўйича чақириқ бўлди.
Ватанпарвар ўз ҳисларини тўкиб сочди, миллатпарвар ўзбекнинг нақадар улуғлигини ҳар жабҳада билдирди, тилшунос бунинг салбий оқибатларини батафсил кўрсатиб ўтган бўлса, амалсиз сиёсатчи асл сиёсий мақсадларни очиб ташлади. Киройи халқни бирлаштирувчи бирор акция бунчалик бўлмас...
Лекин шу ўринда бир савол туғилади: нега бир гуруҳ «ақлли»нинг таклифи бизда бу қадар кучли реакция ўйғотди?
Фикримча, бунинг бир неча сабаблари мавжуд:
1. Тиббиётда аллергик касалликлар бор. Улар қўзғалиши учун оддий бир чанг ҳам, ҳид ҳам кифоя қилади. Организмдаги яшириниб ётган дард битта ари чақишидан қўзғалиб, инсон бирпасда бўғилиб ўлиб қолиши мумкин. Бу таклиф ҳам аллергия сингари бизнинг дардларимизни очиб берди, оддий бир омил ҳам бизни мураккаб ҳолатга тушириб қўйиши мумкинлигини билдирди;
2. Тил масаласида патриотизм кўрсатиш азалдан ўзига хос «мода» бўлган. Сабаби, мустақилликнинг илк эпкини айнан мана шу масалада чиндан бўй кўрсатган. Миллий ғурур ҳам тилга давлат мақоми берилишида бир қўзғалиб олган. Ўшанда ватанпарварлик жўш уриб қатор чиқишлар қилинган. Аммо кейинчалик асл мақсадга эришилган бўлсада, ҳаммаси қия кетди. Бу ҳақда қуйироқда;
3. Бу ташаббус шунчаки уч-тўрт ойпарастнинг фикри эмасди. Ортида конкрет мақсад борлиги ёш болага ҳам аён эди. «Катта оға тарафдор»га, таъсир доираси кенгайишига ёки ҳеч бўлмаганда тораймаслигига ҳар қачонгиданда муҳтож кунлар бугун. Ғалаба байрами, арзимас мато бўлган лента ҳам сиёсий инструмент бўлганида бутун бошли бир давлатда ўз тилини ўтказишни ким ҳам хоҳламайди?;
Бу омилларнинг ҳаммаси тушунарли. Лекин асосий муаммо барибир очилмай қолаверади: нега бу ташаббус жамиятни бу қадар зирқиратиб юборди?
Сабаби оддий – жамиятнинг ўзи ўз тилини хор қилишга улгуриб бўлганди!
Бир вақтлар тил деб кўксига муштлаган зиёлиси кейинчалик икки алифбони худди эгардай тутиб кўпкарига кирганида, асл ватанпарварликни, ҳурликни сўзга олган ҳамкасби бадарға қилинганида мум тишлаганида, таълим порахўрликка қоришганида ўзи ҳам шу бўҳрондан бир улуш ундириш учун ташланганида ўзбек тилига салмоқли путур етиб бўлганди.
Ёшлари равон тилли, мазмунли суҳбат ўрнига кириллу-лотин аралаш «онлайн мулоқот»ни афзал билганида, «одно» тилида «ваwwе оборвотганида» ботқоқ торта бошлаганди бу тилни.
Бу тилнинг ёзувчисию шоири ҳар сўзини сарой муҳитига мослаганида (ва кейинчалик қаро тушлар дея эслаганида), элитаси унинг зийнатларини маддоҳлик жимжимаси учунгина ишлатганида, минг бир имконияти фақат мусаффо осмон таърифига йўналтириб йўрғалатилганида чўкиб бўлганди бу тил.
Қонуншуноси Ўзбекистон дея аталмиш юрт қонунини ўзбекчалаб ёзмаганида ва шу ҳаракати билангина ўзбекнинг дардини тушунмаслигини яққол кўрсатиб қўйганида, машшоғию хонандаси «халқ артисти» унвонини олатуриб шу халқ сўзини тушунмаганида чалажон ҳолга келиб бўлганди бу тил.
Айнан мана шу сабаблар учун ҳам битта учқун кифоя қилди, асл ҳолатимиз бўй кўрсатди. Бирлашиб даф этгандек, ғалабага эришгандек туйилсакда, реал хавф қаршисида оёғимиз қалтирашини ҳис қилдик. Душман разведка учун отиб кўрган битта найзасиям қалқонимизни титратиб ташлади, узоқдан бир ҳазил-чин аралаш бақириб қўйгани ҳам этимизни жунжиктириб юборди.
Аслида рус тилини сақлаш, ривожлантиришнинг ёмон томони йўқ, сабаби умумий тарих ва узвий алоқалар бор. Лекин шу билан бирга бошқа тилларни ҳам илгари суриш ва давлат тилидан ташқари ҳаммасига ҳам тенг имкониятлар бериш керакки, ҳамма ўз йўлини ўзи танлаб олаверсин. Ахир икки ва ундан ортиқ тилни расмий деб билган давлатлар талайгина. Тўғри, рус тилини ўрганишни фақат Россияга бориб ойига 300 долларлик иш даражасини сақлаб туриш воситаси сифатида қаровчилар беҳад кўп ва улар ҳам қайсидир маънода ҳақдирлар. Лекин ҳамонки мақсад четга чиқиб ризиқ излаш экан инглиз, испан, хитой, корейс тилларини билиш рус тилидан кўра беш-ўн карра кўпроқ имконият бераётганини пайқамаслик мумкин эмаску!?
Биз ўз тилимизни яхши ўрганайлик, бехато ёзайлик, асарларда самимий жилоларини кўрсатайлик, токи ёшу-қарига бирдай сингиб кетсин. Шунда ақл бошқа ўнлаб бошқа тилларни ўрганавериши мумкин, аммо қалб ўз тилига содиқ қолаверади.
Аброр Зоҳидов
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар