Самарқандда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдиришда гумонланаётганларнинг бари ўзига тўқ

  • 26 май 2019, 10:37
  • 2 597
  • Жамият
  • Самарқандда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдиришда гумонланаётганларнинг бари ўзига тўқ
    Фото: Ёшлар Иттифоқи
    Самарқандда бир оиланинг беш аъзоси ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятни содир этишда гумон қилинаётганларнинг бари ўзаро қариндош, улар билан жабрланувчилар ўртасида аввалдан низо бўлган. Бу ҳақда Ёшлар пресс клубининг 24 май куни бўлиб ўтган сессиясида маълум қилинди.

    Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Самарқанднинг Қўшработ туманидаги «Боқичиғатой» маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигида қолдириб кетилган Damas’нинг ичидан Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаган бир оиланинг беш нафар аъзоси жасадлари топилган эди. Уч кун тун-у кун олиб борилган ҳаракатлар натижасида ушбу қотилликни содир этишда гумонланиб, тўрт киши — Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшовчи, 1981 йилда туғилган Т.Ғ., 1995 йилда туғилган Э.Ш., 1993 йилда туғилган У.Ж. ва Қўшработ туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Н.Х. ушланди: улар 15 майга ўтар кечаси жабрланувчиларнинг хонадонига яширинча кириб, беш кишини қасддан ўлдирган, уйдан 22 миллион сўм пул ва Samsung Galaxy S8 телефонини олган.

    Гумонланувчиларнинг хонадони ушбу ҳодисага қадар «Ёшлар — келажаггимиз» давлат дастури асосида ўрганилганида, уларнинг кредит олишга эҳтиёжи йўқлиги аниқланган. Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг айтишича, «уларнинг топиш-тутиши бюджетдан ойлик оладиганларникидан бир неча марта катта, мазкур жиноятнинг илдизи ишсизликка эмас, оиладаги носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик ва бефарқликка бориб тақалади». Қайд этишларича, гумонланувчиларнинг уч нафари узумчилик билан шуғулланиб, йилига ўртача 50—55 миллион сўм даромад топган.

    «Бу ерда иккита масала бор. Биринчидан, гумонланувчилар ва жабрланувчиларнинг оилалари ўртасида аввалдан низо бўлган. Иккинчидан, гумондаги амакивачча ва холаваччалар тезда бойиб кетиш ниятида жабрланувчиларнинг хонадонига ўғирликка тушган. Улар ўзича катта маблағни қўлга киритишни ўйлаб, жиноятга қўл уришган», — дейди Қобилов.

    Вилоят ҳокими ўринбосарининг қўшимча қилишича, катта амакивачча бошқаларнинг «қўлидан етаклаб», жиноятга жалб қилган. Қобиловнинг фикрича, бунинг бари оиладаги тарбиянинг хатоликлари билан боғлиқ. «Биз бундан хулоса чиқариб, режа қилиб, келгусида тизимли ишлаймиз. Бунда бизга, албатта, республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ёрдам беради», — деди у.

    Иштихон тумани ҳокими ўринбосари Аҳматжон Ҳасанов «жазо тирикларга берилгани»ни таъкидлаб ўтди. «Жиноятни содир этишда гумонланаётган йигитларни онасининг юзига қарасангиз — дунё қорунғу. Бирининг отаси тик туриб гапира олмади. Яна бирининг хотини икки ойлик боласи билан қолиб кетди», — деди у.

    Ҳозирда жойларда жиноятчиликка қарши курашда оилаларни нотинч, ҳисобда турадиган ва ичкиликка берилган каби йўналишларга бўлиб ҳаракат қилиш амалиёти жорий қилинган. Лекин Самарқанддаги воқеа бўйича гумонланувчиларнинг оилалари ушбу салбий йўналишларнинг бирортасига тўғри келмайди.

    «Шунчалик ижобий — ҳар бирининг уйида машинаси бор, узуми-токи бор. Бирортасининг кўчада дайдиб юришга вақти йўқ. Хатоимиз — жиноятчиликка қарши йўналишларга бўлиб кураш олиб борганимиз. Жиноятни ҳар қандай одамдан кутиш мумкинлигини унутиб қўйган эканмиз», — деди Иштихон тумани ҳокими ўринбосари.

    Ҳасановнинг қўшимча қилишича, ўлдирилган оиланинг фарзандлари маҳалладошларига Captiva ва уй оламиз, деб гапириб юрган. «Ҳақиқатан ҳам пишган ғиштдан икки қаватли уй кўтарган. Қишлоқда шу гап тарқаб кетган. Булар (жиноятчилар — таҳр.) ‘уйда пул бор, шуни оламиз, бирдан бойиб кетамиз’, деб мақсад қилган. Ёшларнинг пул, машина, ўйин-кулги қилиб юришга қизиқиб қолганидан жиноят келиб чиқди», — деди у

    Аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов тўрт йигитнинг пул илинжида беш кишининг қотилиги айланишини «барчамиз учун шармандали ҳолат» деб баҳолаган эди. «Бунинг илдизи аввало одамларнинг бир-бирига бефарқлиги, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътиборсизлигига бориб тақалмоқда. Сен менга тегма, менга сенга тегмайман, деган қараш мана, нима оқибатга олиб келди», — деган эди вилоят ҳокими.

    Таъкидланишича, Иштихон туманида 248 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 146 769 нафарини ёшлар ташкил этади. Ҳозирда 284 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилаётган бўлса, 49 нафари ҳунармандчиликка жалб этилган, 50 нафари эса касаначилик бўйича фаолият юритмоқда.

    Фикрлар

    » » Самарқандда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдиришда гумонланаётганларнинг бари ўзига тўқ