16:53 / 22.10.2019
3 709

Яширилган ишчилар камерал назорати ва хронометраж тадбирларида аниқланиши тайин

Яширилган ишчилар камерал назорати ва хронометраж тадбирларида  аниқланиши тайин
Барча жойларда бўлгани каби Бухорода ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнеси учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Эътиборлиси, ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани натижасида биргина Бухоро шаҳрида жорий йилган ўтган даврида 1 573 та турли хил ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Айни пайтда мазкур янги корхоналарда расмий равишда ишга қабул қилинган 2 900 нафар дан ортиқ фуқароларга иш ҳақлари ойма-ой бериб борилмоқда.
Кези келганда айтиш керакки, мамлакатимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳамон солиқдан қочиш мақсадида ишчиларини яширишга ҳаракат қилаётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди.

Ушбу ҳолатлар, айниқса, вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилаётган хронометраж тадбирлари ва камерал назоратларида аниқланмоқда.

Мазкур солиқ қонунчилиги бузилишлари кўпинча тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган ҳисоботларни таҳлил қилишда аниқланмоқда. Сир эмас айрим йирик миқдорда даромадга эга бўлган корхоналар солиқ ҳисоботларида ходимлар сонини камайтириб кўрсатишади. Табиийки, шубҳали ҳолатларни жойида ўрганишга тўғри келади.

Биргина мисол, Бухоро шаҳридаги “Uz Prom Textile” масъулият чекланган жамияти томонидан жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида давлат солиқ инспекциясига тақдим қилинган ҳисоботида 43 нафар ишчи кўрсатилган.
Аммо ушбу корхонада ўтказилган хронометраж-кўздан кечириш тадбирида бу ерда 6 нафар ишчи норасмий фаолият юритиб, корхона раҳбаридан “конверт” усулида ҳақ олиб келаётгани аниқланди.

Давлат солиқ хизмати ходимлари мазкур корхона раҳбарига “конверт” усулида маош олаётган ишчиларнинг норасмий ишлаган йиллари уларнинг меҳнат стажига қўшилмаслиги, бу ўз навбатида меҳнатга яраша пенсия тайинланмаслигига олиб келиши кенг тушунтирилди.
Бундан тўғри хулоса чиқарган тадбиркор шу куннинг ўзида ушбу норасмий ишчиларнинг фаолиятини қонунийлаштириб қўйди.

Энди улар ҳам корхона ишчилари сингари меҳнат дафтарчаларига эга бўлган ҳолда 800 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача ойлик маошлари оладиган бўлишди.

Яна бир мисол.
Бухоро шаҳри аҳолисига сифатли транспорт хизмати кўрсатишни мақсад қилган “Алихан транс сервис” масъулияти жамиятининг фаолияти эътиборга лойиқ. Мазкур корхонанинг замонавий автобусларидан фойдаланаётган йўловчилар ҳам уларнинг хизматидан мамнун.

Бироқ, ана шундай эътирофга лойиқ корхонада ҳам солиқ қонунчилиги бузилишлари кўзга ташланди. Аниқланишича, 100 дан ортиқ ишчи ходимлар фаолият юритаётган мазкур корхонада ҳам 10 нафар ишчи норасмий фаолият юритаётган экан.

Давлат солиқ хизмати ходимлари корхона раҳбарияти билан учрашувда уларга ишчиларни норасмий ишга жалб қилиш солиқ қонунчилиги талабларига зидлигини тушунтирдилар.
Эътиборлиси, ишчиларни легаллаштириш мониторинги тадбирида шу куни жамият томонидан ушбу 10 нафар фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан Бухоро шаҳридаги “Мохи-хосса” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Сайфулло манго” масъулияти чекланган жамиятида олиб борилган назорат тадибирида ҳам 2 нафар ишчининг норасмий меҳнат қилаётгани аниқланди.

Давлат солиқ хизмати ходими бу ерда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлардан келиб чиқиб ишчиларни яшириш орқали солиқдан қочишнинг ҳожати йўқлигини айтиб ўтди.

Хусусан, тадбиркорлик субъекти вакили ва ишчиларига жорий йилдан бошлаб, иш ҳақига солиқ юкини камайтириш мақсадида бюджет ташкилотлари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналардан ташқари юридик шахслар учун иш ҳақи фондидан тўланадиган ягона ижтимоий тўлов 15 фоиздан 12 фоизга, иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи барча ишчилар учун эса (энг юқори ставкада) 22, 5 фоиздан 12 фоизга пасайтирилгани ҳамда 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилинганлиги натижасида норасмий ишчиларни легаллаштиришдан тадбиркор зарар кўрмаслиги тушунтирилди.

Эътиборлиси, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2 нафар норасмий ишчининг фаолияти қонунийлаштирилиб, уларга меҳнат дафтарчалари очилди. Энди ушбу фуқароларнинг мазкур корхонада ишлаган даври меҳнат дафтарчасига тўлиқ ёзилади.

Солиқ сиёсати ҳақида сўз борганда илгари кўпчилик солиқ ставкаларнинг юқорилигини рўкач қилиб солиқдан қочишга мажбурлигини билдирарди. Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилган солиқ ислоҳотлари туфайли солиқ ставкалари юқорида таъкидлаганимиздек сезиларли даражада пасайтирилди. Қувонарлиси, буни тўғри англаган кўплаб тадбиркорлар ўз бизнесини қонуний ва шаффоф юритишга ўтмоқда.

Бухоро шаҳридаги “Саноатчилар” кўчасида фаолият олиб бораётган “Bahmal group” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган мониторинг тадбирида бунга яна бир бор амин бўлдик.

Эътиборлиси, корхона масъуллари бу ерда ишловчи ҳар-бир ишчининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда амалдаги тартиб-қоидаларни бузмасликка ҳаракат қилмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда Бухорода бу ҳолатларга барҳам бериш учун давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида олиб борилаётган тушунтириш ишлари ўз самарасини бермоқда.

Рақамлар билан айтганда жорий йилнинг ўтган даврида вилоят давлат солиқ органлари ходимлари томонидан жами 11847 та хронометраж тадбири ўтказилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари томонидан норасмий равишда 39 809 нафар ишчи ёллангани аниқланиб, уларнинг фаолияти расмийлаштирилди.

Соҳалар бўйича кўрадиган бўлсак, бу кўрсаткич йил бошидан савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 9 072 та; ишлаб чиқариш корхоналарида 11 168 та; қурилиш корхоналарида 7 882 та ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарида 12 284 нафар меҳнат қилаётган норасмий ишчиларнинг фаолияти расмийлаштирилди.
Бунинг натижасида 16 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча солиқ ҳисобланди.
Бухоро вилояти ДСБ
Ахборот хизмати.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яширилган ишчилар камерал назорати ва хронометраж тадбирларида аниқланиши тайин