07:10 / 29.10.2019
2 881

Жамиятни ким кўтариши керак: давлатми ёки бойлар?

Жамиятни ким кўтариши керак: давлатми ёки бойлар?
Бойлик ва илм
Советлар мафкурасида бойлар энг разил синф эди. Ҳалигача жамиятимизда бойлар ҳақидаги фикрни ижобий деб бўлмайди.
Аслида жамиятнинг кўплаб тармоқлари айнан бойлар, хусусий ва нодавлат уюшмалар ҳисобига ривожланишини кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Биз билган Американинг буюк бўлишида давлатдан кўра нодавлат уюшмалар, хусусий сектор муҳим рол ўйнаган.

Зиёли бойлар
АҚШда жентлменлик, яъни олийжанобликнинг энг муҳим сифати зиёли, маърифатли бўлишдир. Яъни қанчалик кўп китоб ўқиган бўлсангиз, илмий ва фикрлаш дунёқарашингиз қанчалик бой бўлса, сиз шунчалик обрўли ва ҳурматли бўласиз.

Ўзаро норасмий суҳбатларда одамлар ақлий ва фикрий салоҳияти билан бошқаларда ижобий таассурот қолдиришга уринади; бойлиги ва кийими билан эмас.

Америкада деярли барча миллиардерларнинг хайрия жамғармалари бор. Бу пуллар, асосан, узоқ муддатда бутун жамиятга наф келтирадиган соҳаларга сарфланади. Кутубхоналар очилади, таълим ва тадқиқот марказлари қурилади, талабалар учун стипендиялар ажратилади, университетлар оталиққа олинади ва ҳоказо...

Дунёнинг энг бой одамларидан бири Бил Гейтс хайрия мақсадлари учун жами бойлигининг 30 миллиард долларга яқинини эҳсон қилган. Бил ва Мелинда Гейтс жамғармаси ихтиёрида айни пайтда 50 миллиард доллардан ортиқ маблағ бор.
"Facebook" асосчиси Марк Зукерберг 2015 йил компаниясидаги улушининг 99 фоизини хайрия мақсадлари учун сарфлашини эълон қилган эди.

Миллиардер университетлар ва тадқиқот марказлари
Дунёнинг энг машҳур ва энг бой олий ўқув юрти - Гарвард университети нодавлат ва нотижорат ташкилот ҳисобланади, яъни моддий фойда кўришга ихтисослашмаган. Ихтиёридаги маблағлари қиймати 50 миллиард долларга яқин. Жами маблағларининг фақат 22 фоизи талабалар ўқиш учун тўлайдиган пулдан тушади; қолгани бойлар ва бошқа нодавлат ташкилотлар ажратган ёрдам пуллари, тадқиқот грантларидан ташкил топган.

Йел, Принстон, Стенфорд, MIT каби бошқа ўнлаб университетларда ҳам аҳвол шунга яқин. Яъни бу илм масканларини давлат ёки талабалар тўлайдиган пуллар эмас, балки зиёли бойлар тақдим этадиган маблағлар молиялайди.

Университетлардан ташқари АҚШ бўйлаб юзлаб илмий тадқиқот марказлари бор. Улар ҳам бойлар ва хусусий компаниялар, жамғармалар ажратадиган грантлар асосида фаолият юритади. АҚШнинг илмий-сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида бу институтларнинг ўрни беқиёс. Буларнинг иштирокисиз Америка ҳеч қачон бугунгидек буюк бўла олмаган бўларди.

Бойлар ва сиёсатчилар ўзидан қандай мерос қолдиришни истайди?
АҚШда машҳур сиёсатчи ёки миллиардер оламдан ўтса ёки нафақага чиқса, унинг номини абадийлаштириш учун нималар қилинади?

Аввало, унинг номига кутубхоналар, музейлар, илмий даргоҳлар очилади. Унинг номидан талабалар ва тадқиқотчилар учун грантлар ажратилади, стипендия дастурлари ташкил этилади ва ҳоказо.

Улар ўз номларининг илм-фан ва хайрия ишлари билан ёдга олинишини истайди. Ортларида қолган маблағни тасарруф этиш учун жамғармалар тузилади ва бу маблағларнинг аксарияти илм-фанга сарфланади.

Хуллас, Америкада бойларни жамиятнинг локомотивлари дейиш мумкин.

Ҳамма нарсани давлат қилиб бериши керак, деган советча ақиданинг даври ўтди. Жамиятдаги фаолиятнинг камида 80 фоизи нодавлат сектор қўлига ўтиши керак. Давлат фақат хавфсизлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, солиқ йиғиш, барча учун бир хил ўйин қоидаларини жорий этиш каби чекланган функсиялар билан шуғулланиши керак.

Илойим, Ўзбекистонда ҳам илм-фанга, жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган бойлар кўпайсин.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жамиятни ким кўтариши керак: давлатми ёки бойлар?