12:53 / 24.12.2019
2 870

Йил сарҳисоби: Эришилган ютуқлар ва галдаги режалар

Йил сарҳисоби: Эришилган ютуқлар ва галдаги режалар
Мамлакатимизда ҳар йилни соҳалар тармоғида сарҳисоб қилиш яхши анъанага айланган. Таҳлиллларга эътибор қаратадиган бўлсак, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси фаолиятида ҳам ўтаётган йил ижобий ютуқларга бой бўлди.

Хусусан, 2019 йил учун бюджет даромадларига белгиланган прогноз ижросини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 11 ойликка белгиланган 7,7 трлн.сўм прогноз амалда 8,5 трлн.сўмга бажарилиб, қўшимча 825 млрд.сўм туширилди.
Жами 11 ойлик тушум миқдори ўтган йилга нисбатан 158 фоизга ёки 3,1 трлн.сўмга ўсди.

Тушумларни таъминлашда йирик солиқ тўловчилардан ташқари бошқа солиқ тўловчилар билан иш олиб бориш тизими йўлга қўйилганлиги натижасида эса уларнинг тушуми ошишига эришилди.

Жумладан, йирик инспекцияга ўтган 143 та корхонадан ташқари бошқа тушумлар миқдори 1-чоракда ойлик ўртача 242 млрд.сўмни, 2-чоракда 252 млрд.сўмни, 3-чоракда 274 млрд.сўмни ва 4-чорак 2 ойида 325 млрд.сўмни ташкил этиб ўсиш тенденцияси таъминланмоқда.

Бошқа ташкилотларнинг умумий тушумдаги улуши 1 ва 2-чоракда 33 фоизни ташкил этган бўлса, 3-чоракда 35 фоизни ва 4-чорак 2 ойида 39,4 фоизни ташкил этди.

Биргина иш ҳақи фондига нисбатан солиқ юкининг камайтирилиши натижасида вилоятда 79 мингта иш ўринлари легаллаштирилди ва жисмоний шахслар даромад солиғи тушуми ўтган йилга нисбатан 523 млрд.сўмга, ресурс солиқлари бўйича юридик шахсларни солиққа тортиш такомиллаштирилиши натижасида тўловчилар сони 7 мингтага ошдиган бўлса, тушумлар 146 млрд.сўмга (1,7 баробарга) ошиши натижасида давлатнинг ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилди..

Шунингдек, солиқ тўловчилар фаолиятларини қонунийлаштириш яъни, хуфиёна иқтисодиёт улушининг қисқариши натижасида фойда солиғидан ўтган йилга нисбатан 195 млрд.сўмга яъни 1,5 баробарга кўп тушум таъминланди.

Бундан ташқари жорий йилда бюджетга тушумларни оширишда бир қатор йўналишда изчил ишлар олиб борилди. Вилоят ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки бошқа тижорат объектига эга бўлган ва асосий солиқ тўловчи сифатида бошқа ҳудудларга солиқ тўлаб келаётган субъектларни солиқ тўловчи сифатида вилоят ҳудудига жалб этиш бўйича ҳар бир ҳокимлик ҳамда тегишли идоралар билан иш олиб борилди. Натижада жорий йил давомида мазкур тоифадаги 901 та субъектлар вилоят ҳудудига жалб этилиб, улар ҳисобидан бюджетга 70,2 млрд.сўм қўшимча тушум таъминланди.

Қазиб олинаётган норуда қурилиш маҳсулотларининг ҳақиқий ҳажмига мос равишда солиқларнинг бюджетга ундирилиши юзасидан назорат олиб борилди ва норуда қурилиш маҳсулотлари қазиб олганлик бўйича ер қаъридан фойдаланганлик солиғига 7,2 млрд.сўм тушум таъминланди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Геология маркшейдерлик хизмати давлат корхонаси ходимлари ҳамкорликда ўтказилган мониторинг давомида 16 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тегишли рухсатнома (лицензия) олмасдан ноқонуний равишда жами 453,7 минг метр куб норуда фойдали қазилмалар қазиб олганлик ҳолати ва шунга мос равишда 9,8 млрд.сўм солиқлар тўланмаганлиги аниқланиб, тегишли қонуний чоралар кўрилди.

Асосийси, бу каби ҳолатларни автоматик тарзда аниқлаб бориш мақсадида каръер ер қазилма объектларининг киравериш қисмига дастурлаштирилган кузатув камералари Қибрай туманида эксперимент тарзида ўрнатилди.

Камерал назорат натижаларини бартараф этмаган 172 та субъектларда ўтказилган мавзули-экспресс ўрганишларда 65,2 млрд.сўм ҳамда 4 059 та субъектларда ўтказилган хронометраж-мониторингда 24,8 млрд.сўм солиқлардан қочиш ҳолатлари аниқланиб, солиқларни ундириш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Айтиш керакки, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони ошиши билан биргаликда уларни назорат қилиш механизми, яъни ҳисоб-фактураларнинг электрон ҳисобини юритиш тизими яратилганлиги ҳам солиқ маъмурчилигининг сифатини оширишга олиб келмоқда.

Айнан электрон ҳисоб фактураларни солиштириш орқали ўтказилган таҳлилларда ҳам 712 та ҳолатда 45,3 млрд.сўмлик солиқлардан қочиш ҳолатлари аниқланиб, солиқ тўловчиларга мавжуд камчиликларини ихтиёрий бартараф этишларига имкон берилди ва қонуний чоралар кўрилиши назоратга олинди.

Бундан ташқари Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда 100 дан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилди ва унда 1000 дан ортиқ аҳоли муаммолари ҳал этиб берилди ҳамда 20 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари турар жой билан таъминланди.

Мухтасар айтганда, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси 2019 йилда эришилган натижалари билан тўхтаб қолмоқчи эмас, олдинда бизни катта мақсадлар ва буюк марралар кутмоқда.

Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Йил сарҳисоби: Эришилган ютуқлар ва галдаги режалар