date
views 3 239

Фақат тиббиёт тизимигина коррупцияга ботганми?

Фақат тиббиёт тизимигина коррупцияга ботганми?
Фикримча, охирги кунларда тиббиёт соҳасига Прокуратура, Сенат ва Президент Администрациясининг «ҳужуми»га асосий сабаб бизга ОАВ орқали таъкидлашаётганидек фақатгина тиббиёт соҳасидаги коррупция ва тиббиёт ходимларининг касбий фаолиятига нопрофессионал ёндашаётганликларигина эмас.

Бундай фикрга келишимнинг бир неча сабаблари бор.

Биринчидан, ҳозирда фақат тиббиёт соҳасидагина коррупция ва малакасиз ходимлар муаммоси эмас, деярли ҳамма соҳада айни муаммо, фақатгина тиббиёт соҳасини алоҳида ажратиб олиниши бироз ғалати ҳолат.

Иккинчидан, шунча кескин танқид қилинишига қарамай, Соғликни Сақлаш тизимида, хусусан, вазирликда, жиддий кадрлар ўзгариши амалга оширилмади, ваҳолангки бундай кўламдаги «ҳужум» ҳатто охирги 3 йилда ҳам ҳеч қайси ташкилотга қилинмаганди (ҳатто Халқ таълими тизимида бутун Вазирлик кадрларини деярли тўлиқ янгиланишига сабаби ҳам бунчалик кўламдаги «ҳужум» эмасди).

Учинчидан, танқидларнинг асосий қисми кадрлар, соҳа вакиллари, мутахасисларнинг малакасиз эканликларига қаратилмаган; аксинча, тизимга қаратилган, яъни соҳада ҳамма яхши ишчилар ишлашмоқда(малакасиз ходимлар жуда кўплигини ҳаммамиз яхши биламиз), лекин тизим яхши эмас (юқорида айтганим, Халқ таълимидаги ўзгаришларга сабаб бўлган танқидларда эса, аксинча асосий муаммо кадрларда эканлигига қаратилганди, бу тўғри эди) дейишмоқда.

Булардан қандай хулоса чиқариш мумкин?

Қилинаётган танқидлардан асосий мақсад, ҳақиқатда тизимдаги муаммоларни ҳал қилиш эмас, ХАЛҚқа тизимни, ҳозирги ишлаш тизимини хато эканлигини уқтиришдек кўринмоқда.

Бизни Молия вазирлигимизга энг катта юк таълим ва тиббиёт соҳасидан тушади. Бу икки соҳа Конституция бўйича бепул хизмат ҳисобланганлигидан, бирданига соҳани хусусий секторга айлантириш, ҳозирда Конституцион ҳуқуқимиз бўлган бепул хизматларни катта қисмига пул тўлашимиз аҳоли ўртасида оммавий норозиликларга сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли аввалига соҳани дабдала қилиб, уни одамларга яхши ишламайдиган қилиб кўрсатиб, соҳани ислоҳ қилиш баҳонасида анча-мунча хизматларни пуллик қилиш, давлат мажбур хизмат кўрсатиш керак бўлган соҳаларни «хусусий секторни қўллаб-қувватлаш» баҳонасида пуллик қилиб олиш мумкин.

Яқин келажакда, 2020 йилнинг 2-чорагидан, тиббиёт соҳасининг жуда кўп аввал бепул бўлган хизматлари пуллик бўлиши эҳтимоли юқори. Аввалроқ таклиф қилинган пуллик тиббий суғурта асосида тиббий хизмат кўрсатиш ҳам 2020 йилдан амалга ошса керак, катта эҳтимол билан. Буларни ҳаммасини албатта «соҳадаги чириган бошқарув ва иш олиб бориш тизимини ислоҳ қилиш» баҳонасида қилинади.

Айримлар пуллик бўлса, тиббий хизмат ва таълим сифатли бўлади деган фикрда албатта. Лекин доим ҳам бундай бўлавермайди.
Табиий ресурслари бизники билан деярли бир хил бўлган давлатларда тиббий хизмат ва таълим бепул ва анча сифатли.

Агар ҳукуматни мақсади фақатгина тиббий хизматни сифатли ва самарали қилиш мақсади бўлганида буни соҳани пуллик қилмасдан ҳам амалга оширса бўларди.

Конституцион бепул ҳуқуқларимиз бўлган, давлат ғазнасига «оғирлик» қилаётган таълим ва тиббиёт соҳаларидан бири — тиббиёт соҳасини пуллик қилишга дастлабки қадамлар ташланди. Энди навбат таълимни ҳам пуллик қилишга, келгуси 2 йилда аста секин жамоатчиликни тайёрлаб, кейин таълимни ҳам пуллик қилишга бирорта баҳона топишади.

Юқоридаги фикрлар муаллифнинг шахсий фикрлари, кузатувлари маҳсули, ИМҲО.

Олимжон Ҳайдаров,
блогер

Сайтда чоп этиладиган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар Zamin.uz таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фақат тиббиёт тизимигина коррупцияга ботганми?
-->