17:55 / 05.03.2020
2 659

Туҳмат ва ҳақорат: Журналистлар бошқалардан кўра оғирроқ жазога гирифтор этилиши адолатданми?

Туҳмат ва ҳақорат: Журналистлар бошқалардан кўра оғирроқ жазога гирифтор этилиши адолатданми?
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди туҳмат ёки ҳақорат учун журналистга жиноий жавобгарликни бекор қилишни, бундай ҳолатларда қўлланадиган жарималар миқдорини кескин камайтиришни ҳамда фуқаролар давлат хизматчисини ҳақорат қилган ҳолатларда оғирлаштирувчи жиноий жавобгарликни бекор қилишни таклиф этмоқда.

Ўзгага туҳмат ёки уни ҳақорат қилиш ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган гуноҳ иш. Лекин журналист зоти айрим вазиятларда мақола ва материалларини шошилинч тарзда, фактларни тўла текширмасдан оммавий ахборот воситасида эълон қилиб юбориши мумкин.

Айтайлик, мақоладаги қаҳрамон (аксарият ҳолларда улар амалдорлар бўлади) ёзилган нарсаларни контекстдан юлиб, ҳақорат деб қабул қилиши ёки туҳматда айблаб, журналистни судга бериши мумкин. Бу ҳолат амалиётда жуда кўп кузатилади.

Мана шундай ҳоллар юз берганида амалдаги Жиноят кодексига кўра журналистни оддий фуқародан бошқачароқ, оғирроқ жазолар қарши олади. Масалан, туҳмат учун оддий фуқаро озодликдан маҳрум этилмайди, лекин журналист ҳатто қамалиши ҳам мумкин...

Келинг, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўз югуртирамиз.

Эътибор беринг: 139-модданинг иккинчи қисмига кўра, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш — БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш;

140-модданинг иккинчи қисмига кўра, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Яъни оддий фуқаро ҳам, дейлик, амалдор ҳам аввал маъмурий жавобгарликка тортилиб, бу қилмишини бир йил ичида такрорлаганидан сўнг Жиноят кодексининг биринчи қисми бўйича айбланса, журналист тўғридан-тўғри иккинчи қисм билан оғир жазога тортилади.

Энг қизиғи, амалдорларни ҳақорат қилган фуқароларга ҳам Жиноят кодексида оғир жазо назарда тутилган.

Жиноят кодекси 140-моддасининг 3-қисми «а» бандига кўра, ҳақорат қилиш жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда амалга оширилган бўлса — яъни, оддий фуқаро айтайлик ҳокимни, ёки стадионда ИИБ ходимини ҳақорат қилса — БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача (89 млн 200 минг сўмдан 133 млн 800 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Лекин юқорида ҳам тилга олганимиздек, ҳокимият вакили ва бошқа амалдорлар оддий фуқарони ҳақорат қилган ҳолатда ҳам улар фақат маъмурий жавобгарликка тортилади, холос.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан илгари сурилаётган таклифларга кўра, ЖКнинг 139-140-моддаларидан иккинчи бандни олиб ташлаш, яъни журналистлар ҳам биринчи марта туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарликка тортилмасдан, оддий фуқаролар сингари маъмурий жавобгарликка тортилишини таклиф қилмоқда.

Шунингдек, амалдорларни ва хизмат вазифасини бажараётган давлат идораси ходимларини ҳақорат қилган фуқаролар учун оғирлаштирувчи жиноий жавобгарликдан воз кечиш таклифи ҳам билдирилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туҳмат ва ҳақорат: Журналистлар бошқалардан кўра оғирроқ жазога гирифтор этилиши адолатданми?