19:16 / 10.04.2020
3 227

Эндиям шифокорни урасизми?

Эндиям шифокорни урасизми?
Онгимизда инсоният ўта қудратли ва енгилмас, у барча балоларни бир зумда бартараф эта олади, деган тасаввур анча шаклланиб қолган эди. Аммо дунёда юз бераётган сўнгги ҳодисалар бунинг тамомила акси эканлигини кўрсатиб турибди. Коронавирус гуриллаб ишлаб турган дунёдаги тириклик моторини бир мартага ўчириб қўйиши мумкин эканлигини кўрсатиб қўйди ва унинг қисқа-юлуқ хуружларини айнан бугун бошимиздан ўтказиб, кўксимизни чангаллаб ўтирибмиз.

Атрофга разм солинг: биз дунёни бошқарамиз, бизда ривожланмаган соҳанинг ўзи йўқ, деб оламга аюҳаннос солган, ўзидан бошқаларни оёқ учида кўрсатиб келган давлатларнинг ҳоли не кечмоқда? Уларнинг тиббиёти, иқтисоди ва бардоши, инсонийлиги (вирус тарқаган деган хавф ила маҳбуслар билан лиқ тўла турмаларга ўт қўйганларни эсланг) қай аҳволда эканлиги аён бўлиб қолмадими? Майли, нима бўлганда ҳам бугун бировнинг устидан куладиган ёки уларнинг хатосини юзига соладиган пайт эмас. Бугун ҳамма ўзини ўзи таҳлил қиладиган, босиб ўтган йўлига бир қур назар ташлайдиган ва шу хулосалари билан эртанги куни учун режа тузадиган палла. Шу нарсани тўғри англаш керакки, бу инсоният учун огоҳлик қўнғироғидан бошқа нарса эмас.

Икки хил либосли посбонлар
Дунёдаги бугунги вазият инсониятни чиндан ҳам эсанкиратиб қўйди. Мана шу пайтда одамларимиз жонига биринчи галда шифокорлар ва ҳарбий хизматчилар оро киряпти, десак, гапимизни асло муболағага йўймагайсиз. Карантинга олинган алоҳида объектлар хавфсизлигини таъминлаш, ташкил этилган блок постлар назорати, касалликка чалинган ва соғлом фуқароларимиз саломатлигига жавобгарлик ҳисси – буларнинг бари мана шу икки хил либосли икки касб эгаларини бугун ҳар қачонгидан-да ҳушёр бўлишга ундаб турибди.

Шу нарсани тан олишимиз керакки, сизу биз Ватан ҳимояси йўлида жонини тиккан, унинг тинчлиги, фуқаролар хавфсизлиги учун туну кун бедор бўлган ҳарбийларни асосан йилда бир марта – Ватан ҳимоячилари куни арафасида ёдга оламиз. Аммо улар ҳар лаҳзада эсланишга арзийди. Яқинда маданият вазири Озодбек Назарбековнинг артистлар энг ватанпарвар касб эгалари, деган иддао­сига, тўғриси, тўхталишни ҳам ўзимизга эп кўрмадик.

Шифокорларни олайлик. Яқин-яқингача ҳам бошини кўтариб юролмайдиган касб эгалари эди улар. Нима учун? Кимдир уларни ёппасига порахўрга чиқарса, кимлардир аламидан чиққунча дўппослади. Аммо ҳеч ким куннинг исталган пайтими ё ярим тунда бўладими, бемор уйига бориб, уни ўлим исканжасидан қутқариб қолганини эсламади. Эсласа ҳам «касби шу бўлганидан кейин қилади-да» қабилидаги муомаладан нарига ўтмади.

Хўш, бугун-чи? Шифокорлар бугун ҳам ўз бурчига, Гиппократ қасамига содиқ қолиб, «эсингдами, сен мени хўрлагандинг, дўппослагандинг?» деган гапни хаёлига ҳам келтирмай, ўзини калтаклаган қўл томирларига нажот томчиларини юборяпти. Ўша пайт уларнинг юзига қарай оляпмизми? Яхшиям юзларига ниқоб тақишган-а? Унда журъатингиз етса, кўзларига қараб кўринг бир.

Кўнгил ҳимоячилари
Республикамиз бўйлаб ташкиллаштирилаётган хайрия ишлари марказлашмагунга қадар кўплаб ташкилот ва идоралар қатори ҳарбийларимиз ҳам боқувчисиз, ёлғиз, эҳтиёжманд оилаларга ўзларининг беминнат ёрдамларини бериб келишди. Шакллантирилган рўйхат асосида хонадон қўнғироқлари чалинади. Эшикни очган юпун ватандошларимиз қўлида бозор-ўчар кўтарган ҳарбий либосдаги кишиларни кўриб, бир зум нима бўлаётганини англолмай қолади. Бир онахоннинг кўздаги ёш билан улар ҳақида айтган гапи ҳали-бери ёдимдан кўтарилмаса керак: «Сизлар нафақат она Ватанни, балки биз, ватандошларнинг кўнглини ҳам ҳимоя қилар экансиз...»

Ҳа, шу кунларда оддий инсонлардан тортиб, катта-кичик давлатлар ҳам синовдан ўтяпти. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистоннинг, она Ватанимизнинг фуқаролар олдида юзи ёруғ. Чунки мамлакатнинг хоҳ ичкарисидаги, хоҳ ташқарисидаги ҳар бир фуқароси учунчин маънода қайғуриляпти. Махсус авиарейслар орқали чет давлатлардан қанчадан-қанча юртдошларимиз олиб келинди ва улар саломатлиги учун жон куйдирилаоқда.

Карантинга олинган фуқаролар сони кўплиги боис сиҳатгоҳлар, оромгоҳлар ва бошқа кўплаб муассасаларда тиббий кузатувлар жорий этилди. Афсуски, мана шу вазиятда ҳам норози бўлгувчилар топилмоқда. Не-не музокара-ю келишувлар билан амалга ошаётган бу ишлардан фақат миннатдор бўлиш керак эмасми, аслида? Бундай кишилар Филиппин президенти карантин қоидаларини бузган ва ундан қочган ўз фуқароларини отиш учун рухсат бергани ҳақида эшитмаган шекилли?

Гурунгимиз Хитойда бошланган коронавирус мавзуси атрофида кечгани боис Чин юртига оид бир воқеа ёдимизга тушди. Қадим хитойликлар душманлардан сақланиш учун Буюк Хитой деворини қуришган. Улар ишонганки, девор қанчалик баланд ва мустаҳкам бўлса, уни ошиб ўтиш шунчалик қийин бўлган. Аммо... Девор қурилгандан кейинги юз йилликда Хитой уч марта ташқи душман ҳужумига учрайди. Ҳар сафар ёғийнинг қуруқликдаги қўшини деворни тешиб ёки ошиб ўтишга мажбур бўлмаган. Балки қўриқчиларга пора бериб, тўғри қалъа дарвозаларидан кириб борган. Ўшанда хитойликлар девор қуриш билан овора бўлиб, қўриқчи қуришни унутишган. Хулоса шуки, одамни бино қилиш ҳар қандай қалъани бино қилишдан мушкулдир.

Нима демоқчимиз? Пешонамизга битган бўлса, бу синовли кунлардан ҳаммамиз ўтамиз. Лекин энг муҳими, ундан қандай юз билан ўтишимиздадир! Сўнгги гапимиз шу: синовларда бардошли, сотилмайдиган ва сотмайдиган вужуд соҳиби – ҳазрати инсон БИНО бўлинг.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
«Ватанпарвар» газетаси мухбири

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эндиям шифокорни урасизми?