21:33 / 19.08.2020
3 076

Юмор остига яширинган аччиқ ҳақиқат

Юмор остига яширинган аччиқ ҳақиқат
Нега япон юз йил яшару,
Ўзбек бунча ёшга бормайди.
Чунки япон биздек қоронғу
Саҳар туриб ошга бормайди...


Шоир Эркин Воҳидовнинг бу сатрларида нақадар аччиқ ҳақиқат юмор остига яширилган. Бугун вужудга келаётган янгидан янги касалликларнинг ҳам аксарияти инсон ўз саломатлигига ўзи бефарқлигидан, тўғри овқатланиш қоидаларига, тозаликка риоя қилмасликдан, камҳаракатлиликдан, қолаверса, бадантарбия билан шуғулланмасликдан пайдо бўляпти, десак янглишмаймиз.

Президентмизнинг халқ билан мулоқотларда Ибн Сино ҳикматларини, «Тиб қонунлари»ни ўқишга даъват этишлари ҳам бежиз эмас. Барвақт уйғонган кунингизни бир эсланг, кун мобайнида қанчалар тетик ва бардам юрасиз. Саҳар туриб, иш кунингизни бадантарбия билан бошласангиз нафақат танингиз, балки руҳиятингиз ҳам тетиклашади. Аммо...

Аммо иш, ўқиш, турмуш ташвишлари сабаб эртароқ туришга эринамиз. Гарчи наҳорги ош, тўю базмлар, маъракаларга вақт ва куч топсак-да. Бугун карантин даврида кўп вақтимиз уйда ўтмоқда. Табиийки, бунда камҳаракатлилик юзага келади ва ўз-ўзидан турли касалликлар хавфи ортиб боради. Бундай пайтда саломатлигимизни асраш учун нималар қилишимиз керак? Мавзу юзасидан йиғилган ранг-баранг фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Инсоннинг ҳаёт тарзи бир хил бўлмаслиги керак.

— Одам бошқа мавжудотларга қараганда ижтимоий мавжудот бўлганлиги учун жамоа олдида бурч, масъулият деган ҳисларга кўпроқ эътибор қаратади, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нарсани пухта бажаришга ҳаракат қилади, — дейди Бобоёр Тўраев, психолог. – Яъни кўпчиликнинг саломатлиги, фароғати, омма олдида адо этиладиган тадбирлар учун ҳам вақт топади, ҳам куч топади. Ўзига нисбатан жамоанинг манфаатини биринчи ўринга қўяди. Кўпчиликнинг назари, кўпчиликнинг баҳоси билан кўпроқ ҳисоблашади. Одатда бунинг замирида қўрқув, ҳадик ётади, жуда ҳам қадимий қўрқув. Одамлар олдида хижолатли ёки айбдор бўлиб қолмаслик учун тонгда бўладиган маросимларга, ҳатто мажлисларга ҳам кечикмай борамиз. Айниқса, Шарқ халқларида жамоа олдидаги бурч тушунчалари анча юқори ўринда туради.

Кайковуснинг «Қобуснома» асарида инсон учун бир кунда уҳлаш меъёри тўрт соат қилиб белгиланган. Аммо бугунги замон олимлари нормал уйқу сифатида 8 соатни қайд этади. Умуман олганда, уйқуга тўйган мия яхши ишлайди. Айни пайтдаги карантин шароити кўпчилигимизни уйқучи, ланж ва тез-тез нимадир тановул қилишга мойил қилиб қўяётгани сир эмас. Узлуксиз узоқ вақт давом этган бир хил иш-ҳаракат инсон саломатлиги ва руҳиятига қаттиқ таъсир ўтказади.

Бундай шароитда инсон ўзига ўзи «шифокор», ўзига ўзи «психолог» бўлиши керак. Бугунги замонавий психолог олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, бадантарбия рефлекс бўлиб қолиши учун узлуксиз 66 марта машқ қилганидан сўнг одатга айланади. Демак, уй шароитида саҳар туриб, тоза ҳавода жисмоний машқлар бажаришни одат қилиш, кўпроқ ҳўл мева ва сабзавотлар ейиш, суюқлик ичиш фойдалидир. Биринчи, иккинчи уринишда инсон кўнгилдагидек бадантарбия қила олмас, аммо кейинги сафарларида ўзида чиниқиш ҳосил қилади.

— Бир сўз билан айтганда, инсон ҳаёт тарзини ўзгартирса, руҳият гигиенасига риоя қилса, яъни хаёлидаги хавотирлардан халос бўлса, уйқу гигиенаси (уҳлашдан олдин овқат емасликка, хонани шамоллатиб олиш)га амал қилса у эрталаб тиниқиб уйғонади, — дейди психолог. — Ва эрта уйғонгач аста-секин жисмоний машқларни шартли рефлексга айлантиради.

Бадан тарбияси — руҳ тарбияси
Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби бугунги кунда нафақат юртимизда, балки жаҳон тиббиёт соҳасида ҳам кенг фойдаланилиши сир эмас. Ушбу асарда бадантарбия қилган кишига дард яқин келмайди, дея таъкидланган. Бунинг исботи сифатида соғлигингда югурмасанг, касал пайтинг чопа-чоп қиласан, дейди доно халқимиз. Аслида тан чиниқиши руҳ чиниқишидир. Муқаддас китобларда, улуғ аждодлар ҳикматларида ҳам бу тўғрида олам-олам фикрлар ёзиб қолдирилган.

— Бугун коронавирусни юқтириб олганлар сони 36 мингдан ошди, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилдора Набиева. – Аслида ҳар қандай дардни енгиш вакцинадан ҳам кўпроқ сизу бизга, ўзимизга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ушбу пандемияга қарши курашишни «ўзига хос жанг майдони»га қиёслагани бежиз эмас. Бу майдонда ҳамма баробар курашиши керак. Уйда қолиш ва карантин қоидаларига амал қилиш энг оддий, айни пайтда энг керакли ва зарур ёрдам ҳисобланади.

Биламизки, ислом дини инсон саломатлигига, эрта туришга, жисмоний ҳаракатга катта аҳамият қаратган дин ҳисобланади. Кўплаб диний китобларда ҳам, хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Мўминнинг меърожи» китобида қуйидагича фикр келтирилади: «Намозда бажариладиган ҳаракатлар енгил, осон бўлгани учун юракка зўр келмайди (толиқтирмайди) ва куннинг маълум бир вақтларида бажарилгани учун инсонни доимо тетик тутади. Мия ҳужайраларининг қон билан яхши тўйиниши туфайли намоз ўқийдиган одамларда хотира сустлиги ва склероз камроқ учрайди. Бундай кишиларнинг турмуш тарзи соғлом бўлади».

Қаранг, барвақт туришда қанча ҳикмат бор! Юқорида шеърда, юмор остига олинган аччиқ ҳақиқат ҳам айнан ўз соғлиғимизга ўзимизнинг қанчалар бефарқлигимизни англатади, десак янглишмаймиз. Шундай экан, эртаданоқ барвақт туриб, бадантарбия қилишни одат қилинг. Зеро, ҳаракатда баракат дейдилар. Шундай эмасми?

Юлдуз ЎРМОНОВА

Манба: Халқ сўзи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юмор остига яширинган аччиқ ҳақиқат