17:30 / 01.10.2020
4 049

Нафас йўллари касалликлари билан коронавирус аломатларини қандай фарқласа бўлади?

Нафас йўллари касалликлари билан коронавирус аломатларини қандай фарқласа бўлади?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тиббиёт фанлари доктори, профессор Шавкат Омонов билан суҳбат уюштирди.

– Куз-қиш фасли томоқ, бурун ва қулоқда шикоятлар кўпаядиган мавсум ҳисобланади. Коронавирус хавфи боис кўпчилик томоқ оғриғини ҳам коронавирус аломати, деб шубҳа қилишмоқда. Одатдаги томоқ оғриғи билан коронавирус ўртасида қандай фарқли белгилар бор?
– Албатта, куз ва қиш фасллари ЛОР хасталикларининг ўткир ривожланиши ёки сурункали шаклларининг хуруж қилиш даври ҳисобланади. Маълумки, короновирус инфекциясининг асосий кириш дарвозаси сифатида юқори нафас йўллари қаралмоқда. Шу боис буруннинг ачишиши, томоқдаги нохушлик ҳисси, ҳид билишнинг пасайиши кузатилганда одамлар коронавирусга шубҳа қилишмоқда. Маълум бир жиҳатдан бунда асос бор. Чунки, эпидемиологик вазият шуни тақoзо қилмоқда.

Беморларда учрайдиган ўткир респиратор шамоллаш, фарингит, ангина ва ринитлар ҳам шунга ўхшаш намоён бўлади. Бироқ қиёсий ажратувчи белгиларни синчиклаб фарқлаш мумкин. Ўткир вирусли инфекциялар, ангиналар ва фарингитлар, одатда, юқори тана ҳарорати билан бошланади. Ангина ва фарингитларда томоқда оғриқ, кўрилганда эса кучли қизариш аломатлари бўлади, коронавирусда эса бироз нохушлик ва енгил қирилиш бўлади, яллиғланишнинг аломатлари кам намоён бўлади.

Вирусли ўткир тумовларда бурундан нафас олиш қийинлашади, ажралма келади ва бироз ҳид билиш пасаяди (гипосмия), короновирусда эса бурун йўлларида ажралма бўлмасдан туриб ҳид билиш йўқолади (аносмия). Бироқ ЛОР аъзолари касалликлари билан коронавируснинг биргаликда келиш эҳтимоли мавжудлигини унутмаслик керак.

– Айтингчи, гайморит аслида қандай сабаблар оқибатида юзага келади. Дастлабки белгилари, даволаш усуллари ва олдини олиш борасида ўз тавсияларингизни берсангиз.
– Гайморит – бурун ёндош бўшлиқлари касалликлари орасида энг кўп учрайди. Гайморитнинг ривожланишига бир нечта омиллар сабаб бўлади. Инсоннинг маҳаллий ёки умумий совқотиши, иммунитетнинг пасайиши, буруннинг ички ўзгаришлари, гаймор бўшлиғининг тишлар билан боғлиқлиги ва унинг табиий тешигининг яхши фаолият кўрсатмаслиги каби ҳолатлар шулар жумласидан.

Гайморит ўткир ёки сурункали, бир ёки икки томонлама бўлиши мумкин. Гайморитнинг ўткир ва сурункали турларини, айниқса, болаларда фарқлаш қийин ҳисобланади. Чунки бола, кўпинча, ўз хасталигини яширади ва шикоят қилмайди. Нурли текширишларда гаймор бўшлиғида киста, полип ёки одонтоген ҳосилалар кўринса, бу ҳолат сурункали ҳисобланади.

Одатда, яллиғланган бўшлиқ соҳасида маҳаллий оғриқ, бурундан нафас олиш қийинлиги, бош оғриши, ҳарорат кўтарилиши кузатилади. Асоратланмаган ўткир ва сурункали гайморитлар дори воситалари ва муолажалар (антибиотиклар, яллиғланишга карши дорилар, бурунни ювиш, бўшлиқни пункция қилиш, физиотерапевтик муолажалар) билан даволанади.

Гайморитларнинг профилактикаси иммун ҳолатни кўтариш, организмни чиниқтириш, тишлар кариесини ўз вақтида даволаш, бурун ичи патологиясини ўз вақтида бартараф этишни ўз ичига олади.

– Гайморит касаллигининг қайси босқичида жарроҳлик билан даволанади?
– Гайморитларнинг асоратланган, полипли, кистали, холестеатомали, одонтоген турларида жарроҳлик ўтқазилади. Жарроҳлик амалиёти гаймор ёки юқори жағ бўшлиғини тозалаш ва унинг табиий тешиги фаолиятини яхшилашга қаратилади. Операциядан кейинги даврда бемор ўзини эҳтиёт қилмаса, шифокорнинг тавсияларини тўлиқ бажармаса, мазкур касаллик қайта ривожланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нафас йўллари касалликлари билан коронавирус аломатларини қандай фарқласа бўлади?