“Ота ҳайит байрамида боласини урди” деган видеога изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳрида ота ўз фарзандини калтаклагани ҳақида тарқалган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Toshkent viloyati IIBB расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, воқеа ҳайит байрами куни содир бўлган. Ота икки нафар фарзандини сайр учун хиёбонга олиб чиққан. Қайтиш вақтида катта фарзанди йўл томон югуриб чиқмоқчи бўлган ва отаси уни тўхтатиш учун қўли билан ушлаб қолган.
Шу жараёнда отанинг қўли боланинг юз қисмига тегиб кетгани ва унинг бурни қонагани айтилмоқда. Кейинчалик атрофдагилар ушбу ҳолатни нотўғри талқин қилиб, видеони ижтимоий тармоқларга тарқатган.
Ўрганишлар давомида боланинг онаси ҳам изоҳ бериб, турмуш ўртоғи томонидан фарзандларига нисбатан аввал зўравонлик ёки тазйиқ ҳолатлари кузатилмаганини маълум қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тарқалган талқинлар ҳақиқатга мос келмаслигини билдириб, фуқароларни тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!