15:00 / 27.01.2021
1 559

Ўзбекистонда блогерлар солиқ тўлайдими?

Ўзбекистонда блогерлар солиқ тўлайдими?
Ўзбекистонда Telegram, Instagram каби ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаси ва катта аудиторияга эга бўлган, реклама жойлаштириш орқали даромад олувчи (чакана савдодан ташқари) ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида ҳисобга олинган бўлса, уларнинг ушбу фаолиятдан топган даромадлари солиққа тортилмайди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Исмоиловга таяниб, «Kun.uz» хабар берди.

2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланган.

Исмоиловнинг таъкидлашича, шу билан бирга, интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) кўрсатилган хизматлар учун контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилган.

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар, фақат ижтимоий солиқни (пенсия ҳисоблаш учун) 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи (111,5 минг сўм) 2021 йилдан бошлаб бир баравари (1 февралдан 245 минг сўм) миқдорида ихтиёрий тартибда тўлаши мумкин.

Қарорга асосан, ижтимоий тармоқлардаги фаолият билан (PR-менежер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси), ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланишлари белгиланди ҳамда фаолияти давомида олган даромадлари даромад солиғига тортилмайди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда электрон тижоратни амалга ошириш фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш» қароридаги қоидалар асосида тартибга солинади.

Шуҳрат Исмоилов маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда савдо фаолиятини (онлайн кийим-кечак ва бошқа товарлар савдоси) амалга ошириш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда (якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс) Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3724-сон қарорига асосан, миллий реестрга киритилади ва топган даромадидан 2 фоиз ставка бўйича айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади.

Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошгандан кейин умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади ва фойда солиғини 7,5 фоизда тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Давлат солиқ қўмитаси блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, персонал саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига «ноқонуний фаолият» дея таъриф берган, ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини айтган, агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиш мумкинлигини маълум қилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда блогерлар солиқ тўлайдими?