20:00 / 26.03.2021
1 682

«Фақат билим ва малака бизни иллатлар ботқоғидан қутқара олади» — Комил Алламжонов

«Фақат билим ва малака бизни иллатлар ботқоғидан қутқара олади» — Комил Алламжонов
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов
25 март куни Самарқанд шаҳридаги Ice Arena'да «Заковат» клубининг навбатдаги кастинги ташкил этилди. Интеллектуал турнир аввалида клуб ҳомийси – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов сўзга чиқди.

«Кейинги пайтларда «Заковат» баҳона, одамларимиз савияси, дунёқарашига янада синчиклаб аҳамият берадиган бўлиб қолдим. Муаммолар кўп, уларнинг илдизини ўрганиб, ўзимча ечимини топмоқчи бўламан.

Кимдир иш қидириб юрибди, кимгадир ишчи керак. Бир-бирига зид, мантиқсиз ҳолат. Яхши мутахассис излаётганларнинг талаби баланд, иш қидираётганларнинг эса, афсуски, салоҳияти паст. Биздек 34 миллионлик, 60 фоизини ёшлар ташкил этган халқ учун аслида бу жуда аянчли ҳолат.

Яшаш тарзимизни ҳеч таҳлил қилиб кўрганмисиз? Мен бу ҳақда ўйланиб, бир мулоҳазага келдим: биз тўғри яшашни билмаймиз.

Бетоб бўлиб қолсак, шифокорга ўлай деганда мурожаат қиламиз. Унгача уйда ўз билганимизча даволанамиз. Бу ҳолат айниқса пандемия даврида анча одамга мусибат олиб келди.

Ëки бунинг акси. Бир йили сиҳатгоҳда дам олдим. Анализ топширдим, барча таҳлиллар яхши чиқди. Лекин шундай бўлса-да, шифокор менга бир қатор капельница, укол ва турли дори-дармонларни ёзиб ташлади.

Ҳайрон бўлдим: Соппа-соғ одамга нимага шунча дори беряпсиз?

Шифокор жавоб берди: «Шикоят қилмаслигингиз учун! Биласизми, бизнинг одамлар шунақа, бу ерда ётганда капельница-уколлар олмаса, менга яхши қарашмади, деб устимиздан шикоят қилади».

Ёки бошқа мисол, корхонамизга текширувчилар келди. Ноқонуний ҳеч нима топа олишмади. Чунки бизда доимий кучли консультант ва аудиторлар ишлайди. Охири ўзлари илтимос қилишди: «Ишингиздан бирор айб топмасак, бизни пора олганликда гумон қилишади. Майдароқ камчилик ёзиб қўяқолайлик, масалан...» Шундай деб, ўзлари ўргатиб, ўзлари расмийлаштириб кетишди ва биз қонунни бузмаган ҳолда жарима тўладик.

Бундай мисоллардан минглаб келтириш мумкин.
Аслида бу иллатнинг илдизи қаерда? Энг бошида!

Гўдак туғилганида, албатта суюнчи пули берамиз. Яхши ният деймиз-ку, лекин асл мақсад – бошқа. Она билан болага эътиборлироқ қарашларини хоҳлаймиз. Кейинроқ боламизни «раҳмат пули» билан боғчага жойлаймиз. Уёғига тузукроқ мактаб, энг яхши синф, энг кучли ўқитувчига бериш учун – яна пул, ремонтга – пул, дарсликка – пул... Ҳа энди, боламиз билимли бўлиши керак-ку, деймиз.

Мактаб битириш арафасида репетитор, ўқув курслари қидириб, 10-11 йил чала ўқитилган боланинг билимини бутлаб қўйиш учун ҳамма ёққа яна пул тиқиштирамиз. Шундай қилиб, муносиблар ўрнига ўқишга «уддабуронлар» киради. Сессиялар пулга ёпилади, диплом ишларини биров ёзиб беради.

Ишга кирганда ундай одамларнинг фикри-хаёли фақат пул топиш бўлиб қолади. Камига, илмий нуфузни кўтариш учун диссертацияни ҳам пулга ёздириб, фан арбобига айланишади. Кошки, натижада меҳнат бозорига булар рақобатбардош мутахассис бўлиб кириб борса.

Бу билан кимни алдаяпмиз? Фақат ўзимизни!

Шундай қилиб, занжир узилмайди, қийшиқ ғилдирак айланаверади, айланаверади.

Шубҳасиз, тўғри ва ҳалол ҳаракат қиладиганлар ҳам кўп. Ундайлар виждонан меҳнат қилиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга уринишади. Лекин бояги қийшиқ ғилдирак, бузуқ тизим буларни ё босиб кетади, ёки четга чиқариб юборади.

Ҳар қадамда бундай ноҳақликларни кўрган ўртаҳол оилаларнинг қўли тушиб, «ҳаммаёқ пул, таниш-билиш, барибир бизда бундай имконият йўқ», деб ҳаракат ҳам қилмайди. Боласи «Мен ўқишга кираман» деса, «Сени ўқитолмаймиз, ундан кўра, қандай бўлмасин пул топ, ижарага машина ол, кира қил», дейди. Ана шундай қилиб, қобилиятлилар ҳам юзага чиқмай қолаверади.

Ваҳоланки, билим олиш, ўз устида ишлаш учун одамнинг ўзида ҳоҳиш-ирода бўлса, унга ҳеч нима тўсиқ бўлолмаслиги керак. На газ ва на свет. Ўқийман деган одам томда товуқ боқиб, тухум сотиб бўлса-да, китоб олиб ўқийверади. Таниймиз шундай одамларни.

Ҳаёт тарзимиз бешафқат ўрмон қонунларига ўхшаб кетади. Кучлилар яшайверади, нимжонлар эса ем бўлади. Аслида, ҳатто чумолига ҳам хавф-хатар бор. У ҳам курашиб яшайди. Одамзод ҳам шундай, менинг назаримда. Курашмас экансиз, ҳаракат қилиб ўз устингизда ишламас экансиз, ҳаётингиз ўзгармайди, яхшиланиб қолмайди. Ўтирсак ўтираверамиз. Боламиз ҳам юввошгина бўлиб, қисиниб-қимтиниб яшайверади, бу дунё – ноҳақ дунё экан, деб.

Афсус, бу жараён ҳали ҳам давом этяпти. Ва биз нима қиляпмиз? Тан олайлик, амалда ҳеч нима! Фақат нолишни биламиз, бировдан айб қидирамиз. Кўрпачага ястаниб, болиш қучоқлаб, бор ғазабимизни ижтимой тармоқлардаги шарҳларда тўкиб ташлаймиз. Энг ёмони – муаммонинг ечимини бошқалардан кутамиз.

Бу ғизиллаб кетаётган қийшиқ ғилдирак ўзимизга қўшиб фарзандларимизни, кейинги авлодни ҳам янчиб кетмаслиги учун, бугун мен барчани уни тўхтатиш йўлида бирлашишга чақириб қоламан.

Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ! Яхши иш жойларни эгаллаш учун касб ва ҳунар бўлиши керак, бой бадавлат яшаш учун билим ва машаққатли меҳнат зарур. Танлов ўз қўлингизда!

Энг зўр новвой бўлсангиз, нонингизни ҳамма қидириб келади. Энг зўр бўёқчи ёки сантехник бўлсангиз, ҳаммага кераксиз. Энг зўр сартарош бўлинг, мижозларингиз қаторлашиб туради. Энг зўр шифокор, педагог, инженер, архитектормисиз, энг камида ҳеч қачон хор бўлмайсиз.

Самарқанднинг Самарқанд бўлишига ҳам азалдан ана шундай энг зўрлар сабабчи бўлган!

Фақат билим ва малака бизни иллатлар ботқоғидан қутқара олади. Профессионал ва илмлиларгина тўғри йўлни топишга, тўғри тизим қуришга муваффақ бўлади. Билим ва илмлилар трендга чиқмас экан, «ҳеч кимдан кам бўлмаслик» тугул, ҳаммадан орқада сургалиб юраверамиз.

Мен бунга рози эмасман. Сиз-чи? Агар сиз ҳам рози бўлмасангиз, илм олинг! Ҳунар ўрганинг! Бировдан туртки кутманг. Сизга ҳеч ким ёрдам бермайди. Фақат ўзингизга ишонинг. Илмни тарғиб қилинг. Китоб ўқинг, ўз устингизда ишланг, зўр мутахассис бўлинг. Дунёга кенг қаранг.

Илмингиз йўқлиги ўзингизга алам қилсин! Болангиз илмсизлиги қаттиқ алам қилсин! Ва зудлик билан ҳаракатни бошланг», – таъкидлади Комил Алламжонов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Фақат билим ва малака бизни иллатлар ботқоғидан қутқара олади» — Комил Алламжонов