10:40 / 21.10.2021
1 596

Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими этиб тайинланиши ва Тошкентнинг келажаги ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими этиб тайинланиши ва Тошкентнинг келажаги ҳақида гапирди
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими этиб тайинланишининг сабабини айтди ва шаҳарни қандай ривожлантириш режалаштирилаётгани ҳақида гапирди.

«Мен нима учун Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Тошкент шаҳри ҳокимлигига қўйдим? Бу одам тадбиркор. Тадбиркорлик билан пойтахтни ривожлантириши учун бу лавозимни бердик. Замон шиддат билан ўзгаряпти. Тадбиркорлик замон талаби бўляпти. Энди Ортиқхўжаев ҳам керак бўлса 10 баробар кўпроқ ҳаракат қилиши лозим», — деди Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, келгуси беш йилда хориждан Тошкентга келадиган меҳмонларни 3 миллион нафарга етказиб, туризм хизматлари ҳажмини 1 миллиард долларга олиб чиқиш бўйича барча имкониятлар бор.

«Савдо соҳасини иқтисодиётдаги ўрнини ошириш, бошқа тармоқлар учун ‘драйвер’га айлантириш учун энг катта масала бу – савдо майдонларининг етарли эмаслиги. Мисол учун, сўнгги икки йилда шаҳарда савдо майдонлари 2 баробарга ошган бўлса-да, уларнинг ҳажми йирик мегаполисларга нисбатан, 10-15 бараварга паст», – дейди у.

Қайд этилишича, келгуси беш йилда шаҳардаги савдо майдонлари 10 баробарга оширилади. Бунинг учун:
- 44 та йирик савдо ва кўнгилочар марказлари ишга туширилади;
- ҳар бир туманда тун-у кун фаолият кўрсатадиган савдо ва кўнгилочар кўчалар барпо этилади;
- янги қурилаётган уй-жойлар ва бизнес марказларнинг пастки қаватлари олдиндан хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасига ихтисослаштирилади.

Савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги меҳмонхоналар ва 5 минг квадрат метрдан катта савдо комплекслари:
- беш йил давомида мол-мулк солиғини 2 баробар паст ставкада тўлайди;
- қурилган биноларнинг амортизация харажатларини икки йил давомида тўлиқ қоплаш орқали, фойда солиғини камайтириш имконияти яратилади.

Шаҳар маҳаллаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, йилига 1 триллион сўм йўналтирилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, «Тошкент – бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри» дастурини амалга ошириш орқали келгуси беш йил ичида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 200 триллион сўмга етказилиб, қарийб 2 баробарга ўсиши таъминланади.

«Келажакда Тошкент шаҳрини илғор инновацион ва инвестицион ҳудудга айлантирамиз. Шаҳарда жойлашган оғир саноат корхоналари пойтахт ташқарисига босқичма-босқич кўчирилади. Шаҳарда эса юқори технологияли инновацион тармоқлар – электроника ва электротехника, IТ-инжиниринг, биотехнология корхоналари жойлашади.

«Ўзэкспомарказ» ҳудудида Тошкент халқаро молиявий маркази барпо этилади ва унда фаолият юритадиган халқаро банклар, молиявий институтлар, юридик, консалтинг ва инвестицион компанияларга қулай шароитлар яратилади. Ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз учун Инвестициялар хабига айланади.

Шаҳар учун алоҳида Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази очилади. Шунингдек, кадрлар захирасини яратиш мақсадида, «таълим–илм–тадқиқот» тамойили асосида ҳар бир олийгоҳ ўқув дастурлари «яшил» ва «рақамли» иқтисодиётга йўналтириш учун трансформация қилинади. Ушбу тизимнинг ўзаги Янги Ўзбекистон университети бўлади.

Ҳар бир туманда Инновация ва технология маркази ҳамда «лойиҳа гуруҳлари» ташкил этилиб, уларда давлат-хусусий шериклик асосида алоҳида технопарк ва IТ мактаби фаолият юритади. Истиқболли лойиҳаларга Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси 30 фоиз улуш билан киради ва бунга 200 миллион доллар ажратилади.

Янги ташкил этиладиган Ўзбекистон тараққиёт банки томонидан Тошкент шаҳри тадбиркорларига қулай шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш учун 1 миллиард доллар ресурслар тижорат банклари орқали эмас, балки тўғридан-тўғри йўналтирилади. Пойтахтга инвестиция ва илғор технологиялар, энг нуфузли халқаро компанияларни кенг жалб қилиш учун келгуси йили «Тошкент халқаро инвестиция форуми» ўтказилади. Бу орқали қўшимча 10 миллиард доллар инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратамиз.

Умуман, Тошкент шаҳрида кейинги беш йилда 14 миллиард долларлик 2 мингга яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 250 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Тошкент шаҳри атрофида «саноат белбоғи» ташкил қилиниб, Бектемир, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари юқори даромад келтирувчи саноат тармоқларига мослаштирилади
», — деди Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими этиб тайинланиши ва Тошкентнинг келажаги ҳақида гапирди