13:39 / 03.11.2021
1 906

«Пултопарлар» ёхуд тренингларда бериладиган билимлар ҳақида

«Пултопарлар» ёхуд тренингларда бериладиган билимлар ҳақида
Яқинда бир гап эшитиб қолдим: бир киши дўстига мен “пулни бекорга сарфламаслик учун нима қилиш керак?” деган тренингга ёзилдим. Қиммат-у, нима қилай, керак-да...” деган экан. Бу бир латифа бўлса-да унинг замирида ҳозирги кунимиздаги бироз ачинарли ҳақиқат ётибди.

Ота-онамиз, яқинларимиз келажакда яхши яшаш, ўз ўрнимизни топишимиз учун мактабда яхши ўқишимиз, олий таълим муассасаларида камида бакалавр даражасини эгаллашимиз кераклигини уқтиришарди. Бугунги кунда эса яхши ҳаётга эришиш, ўз келажагини белгилаш, бизнес юритиш ёки шу каби ижобий натижаларга эришиш учун бир неча ойлик тренингларда қатнашиш етарли эканлиги таъкидланмоқда. Албатта яхши тренинг ҳам инсонга билим, тажриба беради. Лекин фалон пул тўлаб, ўзининг иқтисодий ҳолатини барқарорлаштириш истагидаги киши шу тренингдан янги билимларни эгалласагина ўз мақсадига эришиши мумкин. Бироқ олди-қочди гаплар ёхуд ҳамма ҳам биладиган, мантиқан ўйласа ечим топиш мумкин бўлган масалалар баён қилинган “тренинг”лар тобора кўпайиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Яқинда бир тадбиркор танишим 32 миллион сўмга яқин маблағ эвазига таниқли тренердан сабоқ олганини айтиб қолди. Ўзининг “Абу Сахий”, “Ўрикзор” бозорларида бир нечта дўконлари бор, қўлида миллиардлаб пул айланадиган тадбиркор бу тренингдан нимани умид қилган билмадим, лекин умумий гапларни тинглаб, мантиқсиз тажрибалар ўтказиш билан чекланганини, тренингнинг қолган қисмига бормай ҳам қўя қолганини айтди. Тренерининг айтишича, у бизнесини нотўғри йўлга қўйган эмиш. Барака топгур, агар бизнес қилишни билмай, хато қилаётган одам миллиардлаб пулни айлантирса, чет элдан вагонлаб юк олиб келаётган бўлса, демак бошқалар «алифниям» билмас экан-да!

Келинг, шу ўринда тренинг ўзи нима эканига тўхталиб ўтсак.

Дунё жуда тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Масалан, ишлаб чиқариш корхоналари бугун тақдим қилган маҳсулотига қисқа муддатда ўзгартириш киритиб, янгилик яратмаса, бозорда ўз рақобатчиларига имкониятни бой бериб қўяди. Бунинг учун эса ходимларга доимий тарзда замонавий билим ва кўникмалар бериб бориш керак бўлади. Аммо ташкилот ўз ишчиларини ҳар 2-3 йилда университет ёки шу каби таълим муассасаларида ўқита олмайди. Вақт ва бошқа омиллар сабаб бунинг имкони йўқ. Шу сабаб мутахассислар ишлаб чиқарувчиларга янги усулни таклиф қилишган. Улар айни соҳа ҳақидаги янги билим ва тажрибаларни қисқа муддат ичида ўқитиш тизимини ишлаб чиқишган. Бу усул дастлаб аскарлар ва спортчиларни тайёрлаш амалиёти асосида шакллангани учун тренинг (инглизча, “training” – шуғулланиш, машқ) деб аталган. Демак, тренингда қатнашишдан мақсад янги билимларни эгаллаш ва шахсий ривожланишга эришиш бўлиши керак. Бизда эса бу негадир бошқача кўринмоқда.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, тренинглар икки йўналишга ажратилади. Улардан бири “Hard training” деб аталиб, бунда асосан касбий билимлар ўқитилади. Мисол учун, журналистга мақола ёзиш қоидалари, сарлавҳа танлаш, фактларни текшириш ва суриштирувлар ўтказиш бўйича билим берилади. Иккинчи йўналиш эса, “Soft training” деб аталади ва бунда ўзини-ўзи бошқариш, атрофдагилар билан мулоқотга киришиш, ҳамкорлар билан муносабатларни тартибга солишда тавсия этиладиган билимлар ўргатилади.

Сўнгги вақтлар юртимизда кенг тарқалаётган тренингларнинг катта қисми иккинчи йўналишга мос келади. Албатта касбий кўникмалар берадиган тренинглар ҳам бор. Шахсан ўзим жорий йил аввалида бизнес журналистика бўйича тренингда иштирок этганман. У гарчи АҚШнинг глобал медиа агентлиги томонидан ташкил этилган бўлса-да, иштирокчилар Ўзбекистондаги журналистлар бўлган ва унда ҳамма пичоққа соп бўладиган маълумотларга эга бўлган. Шунингдек, Ислом молияси юзасидан ўтказиладиган тренинглар ҳам мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган ва улар савия жиҳатидан анча паст даражадаги бошқа тренинглардан яхшироқ эканлиги таъкидланади. Аммо қандайдир «блокларни ечиш», шахсий ривожланиш, қисқа фурсатда муваффақиятга эришиш сирларини ўргатиш ваъда қилинадиган тренинглар умумий гапларни такрорлаш билан ўтказилиши кўпчилик томонидан таъкидланмоқда.

Бу каби тренерларни “инфо-қаллоб” деб атаган иқтисодчи Жамшид Муслимов улар ўз аудиториясини тинимсиз маркетинг амалиёти билан «бомбалашини» таъкидлайди.

«Тадбирга келган мижоз шоулаштирилган ва билим иллюзиясини улашадиган машғулот билан тўқнашади. Ва яна муҳим нарса, спикер тинмай «сторителлинг»га берилади: ростлигини текшириб бўлмайдиган ялтироқ муваффақиятлар ҳикоялари, ақлни лол қолдирадиган афсоналар ва спикер ўзи ҳақида ёлғон аралашган таржимаи ҳолини достон қилади. Қатнашувчи ширин орзуларга берилиш орқали унинг умидлари катта пуфакдек шишиб кетади. Тадбирдан сўнг қатнашувчи кўтаринки руҳда ўзини ўққа-чўққа ура бошлайди... Вақт ўтиши билан реалликнинг совуқ нафаси, ҳаётнинг оғриқли қарши зарбаларидан букчайиб қолай дейди ва ақлини йиғиштириб олиш ўрнига янги мотивация дозасини олиши учун ўша машҳур гуру ҳузурига шошади, қарз олиб бўлса ҳам тадбирига чипта сотиб олади», – дейди мутахассис.

“Оломон эффекти” - бу тренингда ҳам қўлланиладиган машҳур маркетинг воситаси. “Шошилинг! Жойлар сони чекланган!” Маълум бўладики, ҳақиқатан ҳам залдаги барча ўриндиқлар банд ва баъзида ҳатто баъзилар стул қўйиб ўтирганини ҳам кўрасиз. Бу келган одамга ”ахир бирданига шунча кўп одамни алдаб бўлмайди-ку!” деган таскин бағишлайди.

Алдашнинг яна бир усули – тренернинг ундан “дарс” олган машҳур тадбиркорларни санаб ўтиши. Тренингга келган одамнинг яна ҳайрати ошади: уларга гўёки ўша бойлар шу тренинглар ортидан бойиб кетгандек тасаввур уйғотилади.

Яна бир эътибор қилиш керак бўлган ва киши дилини хира қиладиган жиҳат бор. Бу каби тренерларнинг кўпчилиги ибратли ривоятлар, хусусан, диний мазмундаги ҳикоялар, ҳадислар билан ўз тингловчиларини жалб қилмоқда. Айримлари ўзининг намозхон эканлигини, диний маълумотга эгалигини шама қилади. Аслида берилиши керак бўлган билимлар эса анча саёз, бироқ бўрттириб айтилиши туфайли уларни қаллобликда айблайдиганлар ҳам етарлича топилмоқда. Бу эса гўёки яхшигина диний билимга эга кишилар ҳам ёлғон гапириши (ёки ортиқча бўрттириши) мумкинлиги тўғрисида тасаввурлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Бир кишининг ҳатти-ҳаракати ва амалларидан хулоса қилиб бутун жамиятга баҳо бериш тўғри бўлмаса-да, лекин шундай тушунча пайдо бўлишига сабабчи кишиларни ҳам оқлаб бўлмайди.

Гарчи дунёда инсон тер тўкмасдан, маслаҳат ёки тавсиялари билан пул топиши мумкин бўлса-да, аввало буни ҳалоллаб олиши керак. Иккинчи томон ундан норози бўлса, тингловчи учун манфаатли бўлмаса, на бундан келган пул ва на эришилган обрў мустаҳкам бўлмайди.

Айтайлик, омадингиз келди ва сиз тушунарли тилда фойдали нарсаларни айтиб берадиган тренингга келдингиз ҳам дейлик. Аммо бу бизнесингиздаги савдони кўпайтирмайди, ўзингизга бўлган ишончингиз ўсмайди ва сизда Билл Гейтс ёки Стив Жобс ҳам уйғонмайди. Инсон робот эмас, тренерлар ваъда қилганидек, уни шартта олиб, муваффақиятга дастурлаштириб бўлмайди. Ҳар қандай ўзгариш вақт, куч ва энг муҳими, сизнинг хоҳишингизни талаб қилади. Ва агар бундай бўлмаса, муваффақиятга эришиш учун ҳеч қандай дастур ишламайди.

Ўша ёлғончи тренингларга пул сарфлаётган кишиларга эса насиҳатимиз шундай: Аллоҳ сизга омонат қилиб берган мол-дунёнинг ҳисоби бор ва унинг жавобини беришни ҳам ўйлаб қўйинг! Уни ўз ўрнига ишлатинг!

Ҳамидуллоҳ Али

“Қандай қилиб беш дақиқада миллион сўм топиш мумкин?” деган тренинг ўтказаётган тренер саҳнага чиқиб:
– Бу тренингни чиптаси неча пул экан? – деб сўрабди.
– 1000 сўм.
– Залда неча киши бор?
– 1000 киши.
– Раҳмат, тренинг тугади, – дебди тренер.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Пултопарлар» ёхуд тренингларда бериладиган билимлар ҳақида