09:51 / 19.01.2022
1 568

6 йилдан буён Россияда ишлаётган фарғоналик муҳожир йигит ҳикояси

6 йилдан буён Россияда ишлаётган фарғоналик муҳожир йигит ҳикояси
Фото: Жавоҳирбек Ёдгоралиевнинг шахсий архивидан
«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — олти йилдан буён Россияда ишлаётган Жавоҳирбек Ёдгоралиев.

Жавоҳирбек Ёдгоралиев 26 ёшда. Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тумандаги иқтисодиёт коллежини тамомлаган.

2014 йил тумандаги касб-ҳунар коллежини тамомлаб, университетга ҳужжат топширдим — киролмадим. Қишлоқда бекор юрмаслик учун қариндошларим билан четга кетдим.

Биринчи манзилим — Қозоғистон бўлди. Бир корхонада электр пайвандчи бўлиб ишладим. Ишим давомида тил ўргандим, қозоқ биродарлардан танишлар орттирдим. Аммо иш жуда оғир эди. Бир ярим ой ўтмай ҳаммамиз ортга қайтдик.

Ота-онам Россияга кетишимга қарши бўлди
Уйга қайтиб, одатдагидай дала ишларини қилиб юравердим. Совуқ тушиб, юмушлар камайган, бекорчиликдан зерика бошладим.

Бир танишим Москвадаги чиқиндини қайта ишлаш заводида иш бор, деди. У ердаги ишчилар катта-катта ойлик олиши, шарт-шароитлари ҳам зўрлигини айтиб, мени кўндирди. Лекин ота-онам кетишимга, аниқроғи, ёлғиз ўғлининг аллақандай чиқиндихонада ишлашига қарши бўлди. Лекин гапимда қатъий туравердим. Охири чиптага пул топиб, октябрдаёқ Москвага учиб кетдик.

Мени алдаганларнинг бари ўзбекистонликлар эди....
Кечаси соат 10:00 ларда Москвага қўндик. Ҳаво ҳарорати чамаси -6 даража совуқ эди. Ўртадаги воситачининг шахсий ҳайдовчиси бор экан. Аэропортда бизни кутиб олиб, иш жойигача элтиб қўйди.

Борганимиз заҳоти паспортларимизни йиғиштириб олишди. Билсак, ноқонуний иш жойи экан. Шарт-шароитлари таърифлагандан баттар эди. Йигитларнинг гапи билан элчихонага телефон қилдим. Ҳеч ким кўтармади. Аслида у ерга телефонда боғланиш тугул, эшиги олдига бориб ҳам киролмайсиз.

Умуман олганда, Россияда алданиб қолиш ўта табиий ҳол экан. Начора, инсон ҳаммасига кўникади. Эртасидан ишга тушдик. Шаҳардан тонна-тонна чиқиндилар олиб келинарди. Ишимиз уларни саралаш эди. Баъзиларга омад кулиб, тилла буюмлар, телефон ва компьютер топиб оларди. Катта миқдорда пул чиққанини ҳам эшитганман. Бошлиқлар кўз олайтиришар, лекин олиб қўйишмасди. Ким нима топса, бари ёнига қоларди. Афсуски, мен билан бундай бахтли ҳодиса содир бўлмади.

Уч ой деганда арзимаган пул билан паспортимни қўлимга беришди. Унгача жуда кўп қийинчиликлар кўрдим. Мени энг хафа қиладигани, алдаганларнинг бари ўзбеклар — юртдошлар эди.

Фото: Жавоҳирбек Ёдгоралиевнинг шахсий архивидан
Паспортимни олганимдан кейин ҳеч қаерга мурожаат қилмадим, аниқроғи, қилолмасдим. Чунки бу кўча қоидаларига тўғри келмасди. Краснодарга иш қидириб бордим. Кўп ўтмай туркларнинг қурилиш фирмасидан иш топдим.

Дастлаб арматура тўқувчи, бетончи, кейинроқ қолипчи, кранга юкларни ортиб берувчи ва ундаги юкларни туширувчи (стропалшик), панорамали баллонларда ойна (дераза) ўрнатувчи, хуллас, жуда кўп вазифаларда ишладим. Ойлигим ҳам шунга яраша эди. Ойига 2 000 доллардан 4 000 долларгача даромад топардим. Краснодарда тўрт йил ишлаб, ҳатто ўқишгаям кирдим.

Пандемия туфайли ўқишимни Ўзбекистонга кўчиролмадим
2018 йили Адмирал Фёдор Фёдорович Ушаков номидаги давлат денгиз университети Бошқарув ва иқтисодиёт факультетининг сиртқи йўналишига ўқишга кирдим. Иккинчи босқични тамомлаб, ўқишимни Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлдим. Бу фикр қаердан хаёлимга келди, билмайман.

2020 йил айни карантин пайти Олий таълим вазирлигининг электрон тизимига ўқишимни Фарғона давлат университетига кўчириш бўйича онлайн ариза топширдим. 2 сентябрда электрон почтамга 5 сентябрь куни соат 8:00 да Фарғона политехника институтида имтиҳон топширишим ҳақида хабар келди.

Уч кун ичида Фарғонага етиб боролмаслигим аниқ эди. Чунки Ўзбекистон ёпиқ, фақатгина чартер рейслар қўйилганди. Элчихонадагилар эса авиачипталарни очиқдан очиқ фалон долларга сотишарди. Мен ололмадим.

Ўзбекистондаги «Transfer.edu.uz» электрон тизимига боғланиб, вазиятимни тушунтирганимда бир ходим: «Мен оддий операторман. Қўлимдан ҳеч нарса келмайди», деб алоқани узиб қўйди.

Тижорий чартер рейслар қўйилгач, зўрға 23 сентябрга билет олиб, Ўзбекистонга учдим. Самолёт Бухорога қўнди. У ерда мутасаддилар 14 кун давомида уйда карантинда ўтиришим, агар бунга амал қилмасам, энг кам ойлик иш ҳақининг 21 баравари миқдорида жарима тўлашга розилигим ҳақида тилхат ёздириб олишди. Хуллас, имтиҳонга улгурмадим, қайтишга эса йўл ёпиқ. Русчасига айтганда «каша». Эслашни ҳам хоҳламайман.

Кейин тезда ортга қайтишга ҳаракат қилдим. Чунки Ўзбекистон аввалгидан баттар «Отангга бор — онага бор» бўлиб ётганди.

Фалокат оёқ остидан чиқса, ёмон экан...
2021 йил июнь ойида яна Россияга қайтдим. Университетга ариза бериб, ўқишимни қайта давом эттиришим мумкин эди, лекин хоҳламадим.

Тақдир тақозоси билан айланиб-айланиб, Чувашия Республикасига келиб қолдим. Аввал таксичилик қилиб, яхши пул топдим.

Афсуски, кўп ўтмай автоҳалокатга учрадим. Бир сутка ухламай, машина бошқаргандим. Светофорнинг қизилида ўтиб, бир машинани уриб юбордим. Айб ўзимда эди. Фалокат оёқ остидан чиқса, ёмон экан... Машинани тузатиб беришга ёнимда пулим деярли йўқ, энди кўпроқ ишлашимга тўғри келарди. Таниш-билишларнинг ёрдами билан Юрма заводига ишга жойлашдим.

Фото: Жавоҳирбек Ёдгоралиевнинг шахсий архивидан
Бекор ўтиришни ёмон кўраман
Ҳозир фабрикада парранда гўштини қайта ишлаш ва қадоқлаш билан шуғулланамиз. Меҳнат шароити Россия Меҳнат кодексига мувофиқ, лекин иш оғир, ҳамма ҳам чидаб кетиши қийин. Кунига 12 соатлик режимда ишлаймиз. Орада тушлик қилишга ярим соат вақт берилади.

Меҳнат шароитлари яхши, тушлиги текин, иш жойигача автобусда элтиб қўйиш хизмати бор.

Ҳафтада 6/1 графиги асосида ишлаймиз. Бўш ўтиришни ёмон кўраман. Шунинг учун бир ойда икки кун дам олишим мумкин. Бошқа кунлари тинимсиз иш. Ҳар ўн кунда бир маош берилади. Ойлигим 500 доллар атрофида. Бундан ташқари яна қўшимча ишларим ҳам бор. Масалан, Telegram’да авиачипталар сотаман. Бўш вақтларимда киракашлик қиламан. Хуллас, иложи борича кўпроқ ишлаб, каттароқ даромад топишга интиламан.

Яшаш жойимга келсак, ишхона ҳар бир ишчисини турар жой билан таъминлайди. Аммо ётоқхоналарнинг шароити яхши бўлавермайди. Шунинг учун укаларим билан ўзимиз ижарага квартира олганмиз. Янги таъмирдан чиққан, шароитлар аъло, биринчи қаватда, панорамали балкони бор уй. Ойига ҳар биримизга 100 доллардан ҳам тушмайди. Энг муҳими, ўзимиз хоҳлагандай яшаймиз, ҳеч ким хўжайинмас.

Ўзбекларга фақат оғир меҳнат шароитларидаги иш бор
Умуман олганда, Россиянинг барча ҳудудида ўзбеклар кўп. Шу қатори мен ҳозир ишлаётган Чебоксар шаҳрида ҳам. Уларнинг аксарияти талабалар, ўқишга келишган. Дарсдан бўш пайтлари ишлашади.

Менимча, муҳожирларга асосан ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби оғир меҳнат шароитларидагина талаб бор. Чунки Россияда ишчи қатлам, асосан, алкоголь ишқибозлари, собиқ маҳбуслар ёки ҳаётда ўрнини йўқотганлардан ташкил топган. Масалан, ичувчи ишга киргач, қўлига пул тушиши билан ичиб, йўқолиб кетади. Ўғрини ишга олса, бор-будидан айрилади. Ноилож аввалига ўзбек ёки бошқа миллат муҳожирлари хизматидан фойдаланишади.

Хорижда ишлаш жараёнида ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмаганман. Рус тилида мақтансам арзигулик даражада гаплаша оламан, ундан ташқари турк тилини ҳам биламан.

Элчихонага ишим тушишидан эса Худо асрасин. Ташкилот ҳеч қачон ишламаган, ҳеч кимга фойдаси тегмаган. Бундан кейин ҳам шундайлигича қолади! 10 баллик шкаладан уларга нол балл қўяман!

Фото: Жавоҳирбек Ёдгоралиевнинг шахсий архивидан
Ватанга қайтмаслигим сабаби пул билан боғлиқ эмас
Оиламиз унча катта эмас: ота-онам, синглим ва мен. Синглим турмушга чиқиб кетган. Ўзим бу йил уйланиш ниятидаман. Ота-онам ҳеч қаерда ишлашмайди. 13 сотих еримиз бор, шундан тўрт сотихи иссиқхона. Уйда деҳқончилик билан шуғулланишади.

Ўзбекистонда яшаш қийин дейишади. Лекин мен бор қийинчиликни ватанимда эмас, шу ерда кўрдим. Олти йил давомида ишламаган, бош суқмаган жойим қолмади. Худога шукр, ҳозир ҳаммаси ўз жойида. Топиш-тутишим яхши, нолимайман.

Бегона юртларда орттирган пулимни ўз юртимда тополмайманми? Албатта, яхшилаб ҳаракат қилсам, Ўзбекистонда ҳам шунча даромад қила олишимга ишонаман.

Бироқ Ватанга қайтмаслигим сабаби пул билан боғлиқ эмас. Чунки ҳозир ҳамма нарсам: уй-жой, машина, энг муҳими, севимли оилам бор. Назаримда, мен саргузаштпараст бўлсам керак, сабаби бир жойда кўп вақт тура олмайман, доим янгиликларга ошиқаман. Балки, шунинг учун муҳожирликда юргандирман, билмайман. Агар бугун Ўзбекистонга қайтиш истаги пайдо бўлса, эртагаёқ уйда бўламан.

Муаллиф: Хонзодабегим Аъзамова

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 6 йилдан буён Россияда ишлаётган фарғоналик муҳожир йигит ҳикояси