
Давлат хавфсизлик хизмати навбатдаги йирик операция натижалари ҳақида маълум қилди. Сирдарё ва Наманганда ўтказилган тезкор чоралар орқали синтетик гиёҳванд моддалар тайёрлайдиган махфий лаборатория фош этилди ва бир нечта наркосавдогарлар фаолиятига чек қўйилди.
Маълум бўлишича, Гулистон шаҳрида яшовчи 30 ёшли эркак ва унинг 29 ёшли турмуш ўртоғи, шунингдек, 1995 йилда туғилган шериги билан биргаликда хонадонларидан бирини “нарколаборатория”га айлантирган. Улар хориждан келтирилган хомашёлар асосида мефедрон моддасини тайёрлаб, интернет орқали “закладка” услубида сотиш билан шуғулланган.
Тезкор тадбир вақтида хонадондан 4 килограмм 373 грамм мефедрон, электрон тарозилар, миксер, противогаз, зип-пакетлар ва қадоқлаш воситалари ашёвий далил сифатида мусодара қилинган. Маълумотларга кўра, улар интернет орқали МДҲ бўйича фаолият юритувчи халқаро наркотор тармоқ билан боғланган бўлган.
Ҳозирда уч нафар гумондорга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“гиёҳванд моддаларни тайёрлаш ва тарқатиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинган.
Шу билан бирга, Давлат хавфсизлик хизмати Наманганда ҳам бир нечта йирик наркосавдо ҳолатини фош этди. Учқўрғон туманида яшовчи 50 ёшли фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган вақтда қўлга олинди. Текширув чоғида унинг сумкасидан 9 килограмм 702 грамм гашиш моддаси топилган.
Тергов маълумотларига кўра, у моддани Қирғизистондан контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган. Шу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 223 ва 246-моддалари бўйича иш қўзғатилди, гумондор қамоққа олинди.
Бундан ташқари, Наманган шаҳрида яна бир контрабанда тўри фош этилди. 1990 йилда туғилган фуқаро айланма йўллар орқали Қирғизистондан Янгиқўрғон тумани ҳудудига кучли таъсир қилувчи ва контрафакт дори воситаларини олиб кириш пайтида ушланган.
Текширув давомида унинг қўлидан жами тахминий қиймати 3,2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 24 122 дона “Регапен”, 4 880 дона “Тропикамид” ва 45 турдаги 61 мингдан зиёд контрафакт дори воситалари мусодара қилинди.
Тезкор гуруҳлар тафтишни давом эттириб, ушбу дори воситаларини буюртма қилган ва тарқатиш билан шуғулланган 5 нафар шахсни Наманган ва Косонсой туманларида аниқлашди. Улар Тошкент ҳамда Фарғона водийси бўйлаб ноқонуний дори савдоси билан шуғуллангани маълум бўлди.
Ҳозирда уларга нисбатан ҳам жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати таъкидлаганидек, мамлакат бўйлаб “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида профилактик тадбирлар кучайтирилган. Ўтган 10 ой ичида вилоятларда аниқланган жиноятларнинг 44 фоизини кибержиноятлар ташкил этган.
Таҳлиллар шундан далолат берадики, жиноятчилар кўпинча Telegram ва Instagram орқали “осон даромад” ва “лимитни нақдлаштириш” каби сохта хизматлар орқали фуқароларни алдашга уринмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фуқароларга шундай ҳолатларда эҳтиёткор бўлишни, ноаниқ ҳаволаларга босмасликни ва ҳар қандай шубҳали фаолият ҳақида тегишли идораларга дарҳол хабар беришни тавсия қилмоқда.