14:30 / 04.05.2023
149

Қалбга қулоқ солишга ундовчи “Ой ва сариқ чақа” асари ҳақида

Қалбга қулоқ солишга ундовчи “Ой ва сариқ чақа” асари ҳақида

Ҳар бир кишининг ёшликдан орзу қилган касби, ҳунари бўлади. Ўша орзуга имкон етгани қадар интилади. Кимдадир бу орзу ушалади, кимдадир йўқ. Болаларда эса ушбу орзунинг ушалишига ишонч юқори бўлади. Чунки уларга танлаган касбининг жамиятдаги мавқейи қандай, келтирадиган даромади қанча, машаққати қай даражадалигининг қизиғи йўқ.

Катта бўлгач секин-аста фикрлар ўзгаради. Орзуларнинг чегараси бора-бора моддиятга, манфаатга тақала бошлайди. Бола энди атрофидагилари билан ҳам ҳисоблашади. Турли сабаблар турткиси билан келажакда ким бўлишини ақлан танлай бошлайди. Ҳислар чекинади. Айрим жасоратлиларгина ҳеч нарсага қарамай қизиққан соҳасининг этагидан ушлаб кетади. Қалбга қулоқ солиш жудаям муҳим.

Ҳар инсон жавҳарига ёзиб қўйилган миссияси бўлади. Кўплар бу миссиядан чалғиб кетади. Бажариши керак бўлган вазифаси қолиб, бошқа ишларда тентираб юради. Айримлар бўлса, жавҳаридаги ёзиқни кеч бўлса-да англайди ва у бўйича ҳаракатлана бошлайди. Ëзувчи Сомерсет Моэмнинг “Ой ва сариқ чақа” асари бош қаҳрамони Стрикленд ҳам зиммасига юкланган вазифани кеч тушуниб етади ва кеч бўлса-да, ўз мақсадига етишади.

Инглиз адиби Уильям Сомерсет Моэм номи адабиёт ихлосмандларига таниш. Ёшлигидан илм олишга қизиққан, ўқиб-ўрганиб, шифокор бўлган ижодкор адабиёт оламига кириб келгач, ўз касбини ташлайди, бор куч-ғайратини ижодга бағишлайди. Бирин-кетин чоп этилган асарлари унга шуҳрат келтира бошлайди. Ёзувчининг ўзи эътироф этганидай, “Ой ва сариқ чақа” романи ҳақиқатан ҳам унинг шоҳ асарларидан бири бўлиб, асар муаллифи ўткир нигоҳи орқали кўз ўнгида содир бўлган ҳаётий воқеликни бадиий талқинда очиб берган. Шу билан бирга, воқеа ичида воқеанинг ривожланиб бориши, асар қаҳрамони Чарльз Стрикленднинг қирқ ёшидан кейин рассомликка муккасидан кетиши, у ва унинг дўстлари атрофида кечган инсоний муносабатлар, мўйқалам соҳибининг фожиавий қисмати ўқувчини чуқур фалсафий мушоҳадага ундайди, ҳаёт ҳақидаги тасаввурини бойитади.

Сюжет:

Асар Гаген исмли рассом ҳаётидан олинган бўлиб, бир ёзувчи йигит тилидан ҳикоя қилинади. У тасодифан Лондоннинг киборлар жамияти ичига кириб қолади ва улар орасидаги адабий муҳит билан, қолаверса, Стриклендлар хонадони билан танишади. Бу хонадонга ёзувчилар, санъаткорлар, адабиёт ва санъатга қизиқувчилар тез-тез ташриф буюриб туришарди. Ёзувчи йигит ҳам бундай йиғинларга қатнай бошлайди. Аммо бир куни уни ғаройиб бир ҳодиса ҳайратлантириб қўяди. Рисоладагидек оила раҳбари, икки фарзанднинг отаси, биржа даллоли бўлмиш Чарлз Стрикленд оиласини ташлаб, Парижга кетиб қолганди. Бутун шаҳарда унинг маъшуқаси билан кетиб қолганлиги ҳақида миш-миш тарқайди.

Оила бу воқеадан довдираб қолади, айниқса, Стрикленд хоним ўзини таҳқирлангандек ҳис қилади. Қолаверса, аёл боши билан рўзғорни қандай тебратишни ўйлаб сиқилади.

Стрикленд хоним ёзувчи йигитдан Парижга бориб, Стриклендни топишини илтимос қилади ва йигитча истар-истамас кўнади. Парижга бориб, Чарлз билан кўришгач ҳайрати янада ошади. Чарлз ҳеч қанақа аёл кетидан кетмаганди. У ёшлигида рассом бўлишни, ўлмас асарлар яратишни орзу қилган бўлади. Аммо отасининг қистови билан умуман бошқа соҳани танлашга мажбур бўлганди. Мана қирқни қоралабдики, бу орзу уни тарк этмабди, аксинча, ҳаммасидан кечишга журъат берибди. Парижга ҳам шу орзуни қувиб келганди.

Йигит ниҳоятда ҳайратланганди. Сабаби шуки, у илгари Стриклендда санъат ва адабиётга ортиқча қизиқиш пайқамаганди. Стрикленд жудаям фақир ҳаёт кечираётганди. Унинг яратаётган асарлари барчага ғалати кўринарди. Ҳамма унинг устидан куларди. Фақатгина ўртамиёна рассом Струвегина унда нодир истеъдод борлигини таъкидларди. Кейинроқ Чарлз Стрикленд касал бўлиб қолади ва унинг ҳаётини Струве сақлаб қолади. Уни уйига олиб келиб парваришлайди. Бу орада Стриклендни Струвенинг хотини севиб қолади. Оқибатда, Струве уйидан чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Стрикленд аёлнинг яланғоч расмини чизгач унга қизиқиши қолмаганини айтиб, ташлаб кетади. Аламига чидолмаган Струве хоним ўз жонига қасд қилади.

Кейинроқ Стрикленд Ата исмли қиз билан турмуш қуриб, Таити оролида яшай бошлайди. У ердаги сокин муҳит унинг ижод қилишига айни муддао эди. Аммо у мохов касалига дучор бўлади ва одамлардан бутунлай узилиб қолади. Ҳатто кўр бўлиб қолган вақтидаям ижоддан тўхтамайди. Ўлимидан олдин у шоҳ асарини яратади. Уни ёғоч уйининг ёғоч деворлариги чизганди. Атага бу суратларни уйга қўшиб ёқиб юборишини васият қилади. Ата васиятни бажаради...

Стрикленд хоним эса бироз иккиланишлардан сўнг рўзғор тебратиш мақсадида ўз тадбиркорлигини бошлайди. Кейинчалик бойиб кетади.

Стрикленднинг бир чақага қиммат дея масхараланган асарлари кейинчалик жуда-жуда қимматга сотила бошлайди.

Таҳлил:

Ўз-ўзидан савол туғилади. Асар номи нега “Ой ва сариқ чақа?” Биламизки, ой равшанлик, ёруғлик рамзи. Инсоннинг орзу-мақсадлари унинг ҳаёт мазмуни, ой янглиқ нурли йўли ҳисобланади. Шундай экан, Стрикленд учун рассом бўлиш, ўзидан бебаҳо санъат асарларини қолдириш — унинг ойи эди. Ва ундан бошқа нарсалар – қулай шароит, тотли егуликлар, шинам уй, ҳаттоки оила ҳам сариқ чақа эди. Ундан фарзандларини яхши кўриши сўралганда у: “Уларни олдин яхши кўрардим, кейин эса қизиғи қолмади”, дея жавоб беради. Шундан ҳам мақсадининг кучи қай даражадалигини англасак бўлади.

Ёзувчи йигит Чарлз Стриклендни Парижда учратгач унинг характери тубдан ўзгариб кетганини англайди. Анча қўпол, сурбет ва худбинлик хусусиятлари Стриклендда мужассамлашганди. Ҳаётини сақлаб қолган Дик Струвенинг яхшиликларига ҳаётини барбод қилиш билан жавоб қайтариши, Струве хонимнинг фожиасига совуққонлик билан қараб, ўзини айбдор ҳис қилмаслиги, бир қарашда уни ўта худбин, ахлоқсиз инсон қилиб кўрсатарди.

Стрикленднинг бу ёввойиликлари, ҳаётга лоқайд қарашлари бир неча ойда шаклланиб қолмаганди. Йиллар давомида қондирилмаган истаклар, етишолмаётган орзулари уни шундай совуққон қилиб қўйганди. Ўзи истамаган жамиятда яшаш, истамаган ишида ишлаш, бошқа биров бўлиб ҳаёт кечириш инсонни қаттиқ қийноққа солиб қўяди. Стрикленд ўзи истагандекмас, отаси хоҳлагандек шахс бўлиб етишди, аммо қирқ ёшга етганда бу стереотипларни парчалашга ўзида куч топди.

Стрикленднинг мақсади ҳеч қачон шон-шуҳрат бўлмаган. У шунчаки ўзи истаган санъат билан хуморидан чиққунича шуғулланиш, қалб сўзларини инсонларга расмлари билан етказиш, умуман олганда, дунёда ўз қалбини мангуга қолдириш эди. У бунинг уддасидан чиқди. Агар машҳурлик истаганда ҳаёти сўнгида чизган шоҳ асарини ёқтириб юбормас эди.

Ҳаётда ҳар ким ўз йўлини тўғри танлаши ва бу йўлдаги тўсиқларни енгиб ўтиши жудаям муҳим. Мажбурлаш инсон иродасини ёки синдиради, ёки ўта кучли қилиб юборади. Зеро, инсон қизиққан йўналиши, қизиққан соҳасига ўзгача меҳр қўяди ва айнан ўша йўналишда муваффақият қозонади. Бошқа йўл ва бошқа манзилга тушиб қолган шахс эса ўзидан ва ҳаётдан кўнгли тўлмаган ҳолатда умр кечиради.

Гуласал Қодирова, китобхон


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қалбга қулоқ солишга ундовчи “Ой ва сариқ чақа” асари ҳақида