Чилаверт Винисиус атрофидаги можарога изоҳ берди

Парагвайлик собиқ дарвозабон Хосе Луис Чилаверт "Бенфика" – "Реал" учрашувидан кейин юзага келган навбатдаги ирқчилик можароси ҳақида фикр билдирди. У "Реал" таркибида кўплаб қора танли футболчилар борлигини эслатиб, нега айнан Винисиус Жуниор доимий равишда муаммоларга дуч келаётганини савол остига қўйди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Чилаверт Radio Rivadavia эфирида: "Реал" футболчиларининг 90 фоизи қора танли. Нега уларда ҳеч қачон муаммо бўлмайди-ю, Винисиусда эса ҳамма билан чиқади?" – деди.
Эслатиб ўтамиз, Винисиус Жуниор "Бенфика" футболчиси Жанлука Престианнини ирқчиликда айблади. Престианни бу даъвони рад этмоқда. Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) ҳолат бўйича текширув ишларини бошлаб юборган, агар ҳақоратлар тасдиқланса, Престианни 10 ўйинга қадар дисквалификация кутиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!