Фонсека «Лион» билан бу мавсум совринлар учун тайёр

«Лион» бош мураббийи Паулу Фонсека жамоанинг жорий мавсумдаги ўйинлари ва кайфияти ҳақида фикр билдирди. Клуб барча мусобақаларда кетма-кет 13 та ғалаба қайд этиб, бир вақтнинг ўзида уч турнирда ҳам барқарор ва ишончли футбол кўрсатмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг айтишича, жамоа совринлар ютишга ҳам тайёр, ҳам бунга қодир, бироқ йўл ниҳоятда мураккаб. Фонсека Лига 1даги тўртинчи мавсумини ўтказаётганини эслатиб, айнан шу йил чемпионат рақобати энг юқори даражада эканини таъкидлади. Шунга қарамай, у футболчиларнинг амбицияси, мураббийлар штаби ишлаётган услублар ва ўсишга бўлган доимий иштиёқ жамоага ишонч бераётганини айтди.
Фонсека «Лион» бу мавсум катта сюрприз бўлиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди. У мавсум стартида жамоа дуч келган қийинчиликларни ёдга олиб, ҳозир клуб имкони қадар энг яхши формага кирганини таъкидлади. Мураббий учун энг муҳим кўрсаткич эса мавсум қандай якунланиши бўлиб, якунда «Лион» алоҳида бир натижа яратишига ишонишини билдирди.
Айни пайтда «Лион» Франция чемпионатида учинчи ўринда бормоқда. Шунингдек, жамоа Европа Лигаси умумий босқичини биринчи бўлиб якунлаб, плей-оффда курашни давом эттиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!