Страсбур ультралари баннерлар можароси сабаб трибуна ичида муштлашди

Франция чемпионатининг 23-тури доирасида “Стад де ла Мено” стадионида ўтган “Страсбур” — “Лион” учрашуви пайтида трибунада тартибсизлик юз берди. Мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда мухлислар орасида зиддият келиб чиқди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
L’Équipe хабарига кўра, можаро мустақил шахслар гуруҳи, жумладан, сентябр ойида француз ҳукумати томонидан тарқатиб юборилган Offenders хулиганлар гуруҳи собиқ аъзолари иштирокида ўта ўнг шиорлар ёзилган баннерлар ёйилгани ортидан бошланган.
Стюардлар баннерларни тезда олиб ташлаганига қарамай, бу тўқнашувнинг олдини ололмади. Трибунанада бундай мазмундаги плакатлар пайдо бўлишига қарши бўлган UB90 вакиллари тартибни бузганлар билан юзма-юз келиб, жанжал муштлашувга айланиб кетди.
Видеокузатув ёзувлари аллақачон ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган, ҳолат бўйича текширув кетмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!