«Атлетико» энг сўнгги дақиқаларда «Овьедо»ни таслим қилди

Ла Лиганинг 26-турида формаси беқарор бўлиб турган «Атлетико» сафардa «Реал Овьедо»га қарши майдонга тушди. Учрашув давомида мезбонлар зарбалар сони бўйича рақибдан устун бўлди, мадридликлар эса ўйиннинг катта қисмида дарвоза томон аниқ уриш амалга ошира олмади. Умуман олганда, баҳс кўп вазиятларга бой кечмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Биринчи бўлим ўрталарида Федерико Виньяс Альберто Рейнaнинг узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка чиқди, бироқ бурчак остида зарба беришга мажбур бўлди ва посбон дуэлда ғолиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, Ильяс Чайра ўнг қанотдан оширилган тўпни яқин масофадан бош билан йўллади, аммо дарвозабон яна сейв қайд этди. Рейна эса бурчак зарбасидан кейин жарима майдони четидан узоқ бурчакқа йўллаган тўпни ҳам дарвозабон қайтарди.
Иккинчи бўлим охирларида Санти Касорла жарима майдонида Виньясни топди, у эса тўпни Тяго Фернандесга ташлаб берди: 10 метрлар атрофидан йўлланган зарба устун ёнидан ўтиб кетди. «Атлетико»нинг илк жиддий ҳужуми ҳам шу атрофда юз берди — Антуан Гризманн чап қанотга кесиб ташлаган пасдан сўнг Алекс Баена дарвозабонни ёриб ўтди, аммо эпизодда офсайд қайд этилди.
Ҳал қилувчи лаҳза эса энг сўнгги ҳужумда келди. Нахуэл Молинанинг ўнг қанотдан берган паст узатмаси тўхтатилгандек бўлди, аммо тўп омадли тарзда Хулиан Алваресга қайтди. Аргентиналик ҳужумчи ҳимоячини алдаб, тўпни чап оёғига кўчирди ва 11 метрлар атрофидан яқин бурчакқа аниқ зарба йўллаб, «Атлетико»га 1:0 ҳисобидаги ғалабани олиб берди.
Мағлубиятдан кейин «Реал Овьедо» турнир жадвалида сўнгги ўринда қолмоқда. «Атлетико» эса юқори поғоналар учун курашда очколарини муҳим тарзда тўлдириб, учинчи ўрин атрофидаги гуруҳда қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!