Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйда йирик ёнғин юз берди

Навоий шаҳрида кўп қаватли уйда катта ёнғин содир бўлди. Ҳодиса 2 июн тонгги соат 04:19 да Алишер Навоий кўчасидаги турар-жой биносида юз берган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ёнғин ҳақида хабар тушиши билан тезкор чоралар кўрилган. 7 та қутқарув бўлинмаси ва 2 та автонарвон воқеа жойига атиги 4 дақиқа ичида етиб борган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин 9-қаватдаги бир нечта хонадонларга тарқалиб, жами 8 та хонадонга зарар етказган. Тахминан 300 квадрат метр майдонда том, шифт ва ички қисмлар ёниб шикастланган.
Ёнғинни тўлиқ бартараф этиш ишлари бир соатдан ортиқ давом этган. Мутасаддилар воқеа жойини совитиш ва хавфсизликни таъминлаш чораларини кўришган.
Яхшиямки, ҳозирча ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида расмий маълумот келиб тушмаган. Текширув ишлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!